BBC navigation

"Ур-йиқитнинг баҳоси 400 сўм экан..."

Сўнгги янгиланиш 11 июл 2014 - 11:02 GMT

Хайрият! Ниҳоят одамларнинг оғзидан яхши хабарлар ҳам чиқа бошлади. Ва ниҳоят Ўзбекистондаги шакар васваси якунига етган кўринади. Бугун эрталабдан дўконимга кирган-чиққанларнинг бари шакар сотилаётган жойларда навбат озайиб, ур-йиқит тугагани ҳақида гапирмоқда.

Қулоғимга ишонмасдан, дарҳол дўконни вақтинча ёпиб, бозорга йўл олдим. Эрталаб соат саккизда шакар сотилаётган жойда 15-20 чоғли одам хотиржам навбат кутмоқда. Икки кун аввал бу пайтда юзлаб одам навбатда турар, бақир-чақир, сўкиниш, талашиш, туртишлар авжида эди. Қойил, бўлар экану!

Бозорга кирганларнинг ҳаммаси ҳайратда, қани ур-тўполон, нега жанжал йўқ, нега одам кам, дея бир-бирларидан сўрайди. Шу жойда ёғ сотиб турган йигитлардан бири менга ўхшаган қизиқувчанларга қарата "Кўрмаяпсизларми, нархи янги" деди. Эътибор бермабман, катта қилиб шакарнинг нархини 3200 сўм деб ёзиб қўйибди. Кеча ҳам 2800 сўм эди.

"Майлида, фарқи 400 сўм экан холос, зато очеред, жанжал йўқ," деб одамлар хурсанд гапирмоқда.

Буни қаранг, шунча тўпалоннинг сабаби бор йўғи 400 сўм атрофида эканда!

Дўконимга қайтаётиб, бекатда икки нафар аёл билан гаплашиб қолдим. Икковининг ҳам қўлидаги бозорхалтада тахминимча, беш килодан шакар бор. Улар Жиззахдан шакар олгани келган экан.

"Вой, бизда шакарнинг нархи саккиз мингга чиқиб кетганди," дейди улардан бири. Иккинчи аёлнинг айтишича, бугун эрталабда уларнинг қишлоғига ҳам энди шакар мўл бўлармиш, ҳамма жойда бир хил, 3200 сўмдан сотилармиш деган гап етиб борибди.

"Шакарнинг шамоли бугун етиб борибди, ўзи қачон кўринади, билмадим. Ҳарқалай укам бу гап ростми-ёлғонми билгани чиқиб кетибди" дейди у.

Дўконга келгач, узоқ вилоятда яшайдиган бир танишимга қўнғироқ қилдим.

"Ростга ўхшайди, Тошкентдан қаттиқ буйруқ келибди, супермаркетми, дўконми фарқи йўқ, қаерда ва кимки шакарни 3200 сўмдан баланд нархда сотса жазога тортилармиш. Милиция ҳаммани огоҳлантириб юрган эмиш," дейди танишим.

Унинг айтишича, шу хабарнинг ўзиёқ шакар атрофидаги тангликни юмшатган эмиш. Шакар етиб бормаган жойларда одамлар умид билан кутаётган экан.

Хуллас, бугун ҳамманинг оғзида шу гап. Майли, бир кило шакарга қўйилган 3200 сўм нарх арзонми ёки қимматми ҳозир гап бунда эмас, гап шакарнинг борлигида. Ниҳоят васваса тугаган кўринади. Рост бўлсин-э, шу гап!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.