"Рекордлар мамлакати"дан мактуб

  • 7 Июл 2014
Равшан Эрматовнинг рекорди баҳона...

Ассалом алайкум ҳурматли таҳририят! Бизнинг мен сизларга рекордлар мамлакатидан мактуб йўллаяпман. Охирги икки рекорд ўтган ҳордиқ кунлари маълум бўлди, ва аввало айтиб қўяйки, "рекордлар" мамлакати деганимда ҳам ижобий ҳам анчайин кесатиқ маъно бор. Ижобийси дунёнинг нигоҳи қадалган Бразилиядаги жаҳон чемпионатида севимли ўзбек ҳаками Равшан Эрматовнинг энг кўп ҳакамлик қилиш бўйича рекордни янгилагани бўлди. Бундан албатта, бошимиз осмонда.

Бир томондан Эрматовнинг ютуғи ҳамманинг оғзида бўлса, иккинчи томондан Ўзбекистонда шакарнинг нархи янги рекорд ўрнатгани ҳам тинимсиз гапирилмоқда. Айрим вилоят ва туманларда бир кило шакар нархи 7500 сўмга чиқди. Бу пештахталарда аниқ кўрсатилиб қўйилган нарх, узоқроқ ва четроқ жойларда пештахта остидан талабга қараб 8-9 мингга ҳам сотилаётган эмиш.

Бозор ва дўконларда шакарга навбат турганлар сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилди. Бир пайтнинг ўзида жонли навбатда турганларнинг сони 900дан минг кишига қадар етмоқда. Ўтган ҳафта бу кўрсаткич, 700-800 киши атрофида эди.

Шакар "балоси"га аралашиб қолишимга сабаб қишлоқдан акам телефон қилиб қолди. Мевалари ачиб кетаётган эмиш, ҳали бирор бонка мураббо қила олишмабди. Тошкентда шакар арзон эмиш, ўн кило бериб юбор деб илтимос қилди. Ишхонамизда раҳбаримиз жуда қаттиққўл бўлганидан бозорга бориб кун бўйи навбатга туришга вақтим йўқлигини рўкач қилдим. Жиянимни юборинг, икки кун мен билан ижарагоҳда туриб бирор 15 кило шакар ғамлаб олади, дедим.

Акамнинг фиғони фалакка чиқди, жияним ўн еттига тўлди, лекин ҳали паспорт ололмабди, паспорт столидаги навбат шакар навбатидан ҳам узун эмиш. Ана сизга яна янги рекорд. Паспортсиз пойтахтга келиб бўлармиди?

"Сенга ҳам беришади, менга ҳам беришади..."

Шакар дардига гирифтор бўлганимдан тўппа-тўғри бозорга бордим, йўлма-йўл катта супермаркетларнинг эшигида тагида шакарга навбатга турган оломонга кўзим тушди, лекин чамалай олмадим, неча киши турганини. Супермаркетларда шакар нархи 3200 сўм. Бозорда назоратчилар ва милиция қуршовида сотилаётган шакар 2800 сўм, киши бошига беш кило.

Бу ерда одамлар сўкиниш ва ким баланд бақириш бўйича янги рекордлар ўрнатмоқда. Ҳамма бақиради ва сўкинади, дод солганлар қанча. Оломон тирбанд бўлиб, пештахтага яқинлашилган сари бақир-чақир шу қадар кучаядики, қулоқлар том битади. Тунги соат 3.00дан навбатга келиб турганлар бировни олдинга ўтказиб юбормаслик учун томоғи йиртилгунча қичқиради, ёқалашади. Милиция ходимларидан бири оломонни тартибга солиш зўр бериб бақиради, бироқ ҳеч ким қулоқ солмайди. Кейин у шакар сотилаётган пештахта устига чиқиб, тунука томига қўлидаги тахта билан тинимсиз даранглатиб солади. Қани унга бироқ қулоқ тутса.

"Олсам шакарни пулимга оляпман, сенлардан садақа сўраяпманми!?" деб бақиради қўлида бола етаклаган аёл норғул сотувчи йигитларнинг дўқ-пўписасига жавобан. "Ҳа ер юткурлар! Шакар баҳона сенлар ҳам сонга қўшилиб, одамларга дўқ қиладиган бўлдингми!?" деб бақиради яна биров сотувчиларнинг секин ҳаракати ва зардали муомаласига жавобан. Агар овоз баландлигини ўлчовли қурилма бўлса, албатта, янги рекордларни қайд қилиш мумкин бўларди.

Навбатнинг охирроғида ҳам шовқин, бу ерда ҳам дод-вой, лекин бироз сустроқ. Одамлар пештахтага етиб олиш учун куч сақламоқда. Бир кекса ёшли онахон ҳам ора сира бақириб қўяди, лекин овозини ҳеч ким эшитмайди. "Нега бақиряпсиз?" деб сўрадим ёнига бориб. "Билмадим болам, ҳамма бақиряпти, мен ҳам бақириб турибман. Лекин бақирганимдан кейин енгил тортяпман," дейди онахон кулимсираб.

Жанжалнинг кучайишига кун бўйи беш-олти марта қайта навбатга туриб, олган шакарини кейин узоқроқ дўконларда қимматга яширин сотиш учун турган йигитлар сабаб бўлади. Уларнинг мушугини ҳеч ким пишт демайди, милиция ходимлари ҳам уларни кун бўйи шакар сотиб олишини билади, лекин миқ эта олмайди. Уларнинг бошқа иши бор...

Назаримда, милиция ходимлари ҳаваскор сураткаш ва видеокашларни ушлаш бўйича рекорд ўрнатаётган бўлса керак. Менинг кўзим олдида бир йигитни ушлаб, қўлларини ортига қайириб милицияхонага олиб кетишди. У йигит оломонни телефонига видеога олаётган экан. Орадан ўн беш минут ўтмай, яна бир ёшроқ йигитни таппа ерга ётқизиб, титкилашни бошлашди. Бечора йигит оломонни бу четида туриб, нарига четида турган ўртоғига қўлини кўтарган экан холос. Қўлида эса телефони бўлган экан. Яхшиямки телефони эски, видеокамераси йўқ бўлиб чиқди, уни шу ернинг ўзида қўйиб юборишди. Кун бўйи неча ҳаваскор сураткаш қўлга тушди, билиш қийин, бу шов-шувда ҳамма ўзи билан овора.

Хуллас, бу рекордларни қайд қилишга улгуриб ҳам бўлмайди. Ўтган ой шакар ҳақида сайтларингизда ўқиган эдим, шу сабаб, балки менинг кузатувларимни ҳам чоп этарсизлар ва қолаверса бундай рекордларни қайд қилиб борарсизлар деган ниятда ушбу мактубни битдим.

Мухлисингиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ