BBC navigation

Хитой Шинжон уйғурларига рўза тутишни таъқиқлади

Сўнгги янгиланиш 2 июл 2014 - 14:04 GMT

Пекиндаги масжидда ифторликка тайёргарлик.

Хитойнинг чекка ғарбий минтақаси Шинжонда маҳаллий ҳукумат томонидан этник уйғур бўлган мусулмонларнинг Рамазон ойида рўза тутишлари таъқиқланган.

Расмийларга кўра, давлат корхоналари ходимлари рўза тутиш каби диний ибодат амалларини бажаришлари мумкин эмас.

Ҳукуматнинг бундай қарори минтақада содир этилган қатор ҳужумлар орқасидан хавфсизлик чораларининг ўта кучайтирилган манзарасида юз бермоқда.

Хитой ҳукумати барча ҳужумларда мусулмон бўлгинчиларни масъул деб билади, уйғур раҳбарлари эса бу даъволарни инкор этадилар.

Фаоллар расмий Пекинни Уйғурларга қарши амалга оширилаётган диний ва маданий қатағонни оқлаш учун Уйғур бўлгинчилари томонидан хатарни ўта бўрттириб кўрсатишда айблаганлар.

Тарангликнинг ортиши

Университет сайтлари рўзага таъқиқ партия аъзолари, ўқитувчилар ва талабаларга нисбатан қўлланишини маълум қилган.

Синхуа давлат агентлигига кўра, рўза тутишга чекловлар ҳукуматнинг юқори идоралари кўрсатмалари асосида киритилган.

Пекиндаги Би-би-си мухбирининг айтишича, Хитойнинг Шинжонида рамазон ойида рўза тутиш биринчи маротаба чекланаётгани йўқ.

Табиий заҳирларга бой минтақа Шинжон аҳолисининг аксари мусулмон уйғурлар.

Охирги вақтларда минтақада уюштирилган қатор ҳужумларда расмий Пекин уйғурларни айлаб келар экан, бу галги чеклов улар томонидан диний эркинликларига янги дахл сифатида кўрилиши ва тангликни янада ошириши мумкин.

Ўз ходимларига рўза тутишни тақиқлаган ташкилотлар орасида тижорат ишлари бўйича вазирлик бўлими ва об-ҳаво бюроси бор.

Давлат қарамоғидаги касалхоналардан бири ҳам мусулмон ходимларини рўза тутмасликлари ҳақида тилхат ёзиб беришларини талаб қилган.

Шунингдек, давлат матбуотида рўза тутиш ва очликнинг соғлиққа салбий таъсири ҳақида мақолалар чоп этилмоқда.

Кўплаб уйғурларнинг сўзларича, айнан уларнинг маданий ва диний қадриятларининг оёқ ости қилиниши минтақадаги беқарорлик ва Хитойнинг бошқа ерларидаги ҳужумларни келтириб чиқармоқда.

Лекин Пекин бу ҳужумлар ортида Шинжонда мустақил давлат ташкил этиш илинжида бўлган хорижий ташкилотлар туришибди, деган фикрда.

Ўтган ойда полиция идорасига ҳужум ортидан 13 уйғур ўлдирилган эди.

Шинжондаги уйғурлар

Уйғурлар этник туркий тилли мусулмонлардир.

Улар минтақа аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилишади. 40 фоизи Хитой ханларига тегишли.

Хитой Шарқий Туркистонни босиб олиш орқали 1949 йилда минтақада назорат ўрнатган.

Ўшандан буён Шинжонга Хитой ханларини кўчириб келтириш давом этмоқда.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.