Тошкентда йўл ҳақи 25 фоизга ошди

  • 15 Июн 2014

"Тошшаҳартарнсхизмат" ҳиссадорлик ширкати 2014 йил 15 июндан бошлаб нарх-навонинг ортиши билан йўл ҳақи оширилганини маълум қилган.

Жамоат транспортида йўл ҳақи 800 дан 1500 сўмгача кўтарилган.

Бундан олдин нарх ошиши ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаганини ёзади Ўзбекистондаги интернет нашрлар. Йўл ҳақининг ошгани бугун маълум бўлган.

Нархнинг оширилишини ёқилғи ва эҳтиёт қисмларига кетадиган харажатнинг ортгани билан изоҳланган "Тошшаҳартарнсхизмат" томонидан.

Тошкентда ошган йўл нархи автобус, трамвай, метро ва шаҳар ташқарисига юрадиган автобусларга тегишли бўлади. Бундан ташқари йўналишли таксиларда ҳам йўл ҳақи қимматлаган.

Тошкентлик фуқаро кеча 800 сўм бўлган автобус ҳақи бугун 1000 сўм бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, маршрут таксилар йўналишига қараб 1200 дан 1500 гача ошган. "Отайўл"автобуслари учун 900 ўрнига 1200 тўлана бошланган.

Тошкентлик талаба 166 минг стипендиясининг 40 мингги йўл ҳақига кетган бўлса, энди 45 минг сарфлашини айтади. Умумий проезной нархлари 80 мингдан 90 мингга кўтарилган.

Йўл ҳақларининг оширилгани ҳайдовчиларнинг ойлик топшириш режаларини ҳам кўтарилганини англатади. Тошкентдаги талабанинг айтишича, ҳайдовчилар кондукторлар бўлишига қарамасдан, йўл ҳақини йиғиш учун кўпинча фақат олд эшикларини очиб, йўловчиларни туширишади.

Ўзбекистонда нархларнинг умумий тарзда ошиши кўпинча август ойида кузатилади.

Шу йил 1 апрелдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ва электр қуввати учун ҳақлар 10 фоизча баландлаган.

Ўзбекистонда айни пайтда энг кам иш ҳақи 90 минг сўмдан ортиқроқ.

Бу АҚШ долларининг мамлакатдаги ҳақиқий қиймати бўйича 33,7 доллар деганидир.

Аҳоли ойлик иш ҳақининг асосий қисмини кундалик энг кўп ишлатиладиган нон, шакар, ёғ, совун ва баъзида гўштга, ҳамда йўл ҳақи ва тўлов хизматларига сарфлайди.

Бундан олдин жамоатчилик фикрини ўрганган HRC ширкати оммавий сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликлар бир ойлик иш ҳақлари камида 1,5 миллион сўм бўлишини хоҳлашларини айтишган. Сўровда турли ёшдаги камида 25 минг киши қатнашган. Лекин сўровда қатнашганларнинг аниқ қаерда яшашлари кўрсатилмаган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу мавзуни муҳокама қилган ўзбекистонликлар аҳолининг ишга яроқли катта қисми хорижда экани, улар ишлаб топган пулларидан ҳар ҳафта ёки ҳар ой камида 300 доллар юбориб туришини ёзади. Уларнинг фикрича, ҳозирги шароитда, нархларнинг кундан-кун ошиб бориши манзарасида бу пуллар ҳам етарли эмас. Ҳар йили кўтариладиган маошлар нарх-навонинг ошишини қоплай олмайди, дейди ўзбекистонликлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002