Афғонистон:кимнинг исми машҳурроқ?

  • 12 يونيو/ حزيران 2014
Доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ ва Ашраф Ғани Аҳмадзай

Афғонистонликлар президентлик сайловларининг иккинчи даврасида овоз беришга тайёрланишар экан, Кобулдаги Би-би-си мухбири Девид Лойн бу сайловларнинг мамлакатдаги инъикосини ўрганишга ҳаракат қилган.

“Одатда Жанубий Осиёда яшайдиганларнинг исми-шарифидан кўп нарсани билиб олсангиз бўлади, аммо шанба куни мамлакатдаги энг муҳим мансаб учун беллашадиганларнинг номлари ўзгача аҳамият касб этмоқда.

Доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ мисолида олинса, фақат унинг исми олдига “доктор” унвони қўшиб қўйилган.

Бу мамлакатда ҳатто тиббиёт олий ўқув юртига кириб, уни битиролмасдан чиққанларга ҳам номи олдидан “доктор” қўшиб мурожаат қилишади.

У эса кўз шифокори.

Аммо нима учун Доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг ҳам исми ва ҳам шарифи ( фамилияси) бир хил?

Бошқа миллионлаб афғонлар каби у ҳам фақатгина бир ном билан улғайди, аммо ўтган аср тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб марҳум Аҳмадшоҳ Маъсудга воизлик қилишни бошлар экан, бир гуруҳ ғарблик журналистлар фамилиянгизни ҳам айтасиз қабилида туриб олишди.

У ўзининг фақатгина бир номи борлигини айтар экан, “ боринг, майли, Абдуллоҳ Абдуллоҳ деб атанг”, деди.

Шундан бери унинг исми Абдуллоҳ Абдуллоҳ бўлиб қолди.

Кобул марказидаги каттагина, аммо ҳашаматли бўлмаган хонадонидаги расмларда у ва Аҳмадшоҳ Маъсуднинг расмларини кўриш мумкин.

Маъсуд Толибларга қарши туриб берган ягона қўмондон эди.

У Маъсуднинг элчиси ўлароқ ишлади.

Инглиз тилида равон сўзлашгани учун ташқи дунёга мужоҳидлар ҳаётидан дараклар етказиб турди.

Мен уни илк бор 1996 йилда Кобулда кўрганман.

Доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан суҳбатимиздан кўп ўтмай шаҳарни Толиблар ишғол этишди.

Фуқаролар уруши мамлакатга қашшоқлик ва очарчилик келтирди.

Аммо Абдуллоҳ Абдуллоҳ таъбир жоиз бўлса шаҳарлик олифта эди.

Италия туфлиларини яхши кўрарди.

Уни жазманбозликда айблашди.

Бу айбловлардан унинг обрўси тушди дейиш мушкул.

У ватанининг тарихига қизиқар эди.

Доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг хонадонида 19 асрда Британия томонидан нашр этилган турфа расмлар бор.

Хавфсизликни таъминлаш энг асосий масала

Президент бўламан деб сиёсий саҳнага тушган бошқа бир арбоб эса Ашраф Ғани Аҳмадзайдир.

Бир пайтлар Жаҳон банкида иқтисодчи, ёзувчи ва ...ишқилиб унинг исми ҳам оддий – Ашраф Ғани, аммо “Аҳмадзай” қўшимчаси бир пуштун донишмандининг исми, холос.

1920 йиллардаги муваққат бир танаффусдан ташқари Афғонистонни доим пуштунлар бошқаришган.

Пуштунлар мамлакатдаги энг йирик миллат, аммо том кўпчилик эмас.

Улар асосан мамлакатнинг шарқи ва жанубида яшашади.

Британиянинг Ҳиндистондаги ҳокимияти даврида улар Пахтун номи билан машҳур эди.

Нафақат ном... балки ўзларининг анчайин жанговор феъллари билан ҳам кўпларни қўрқитиб келишган.

Толиблар ҳаракати ҳам асосан пуштунлардан ташкил топган.

Ашраф Ғани бир неча қашшоқ мамлакатларда маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Унинг бой тажрибасидан Афғонистон манфаатдор бўлиши мумкин, аммо айрим таҳлилчиларга кўра, Ашраф Ғанининг лойиҳа ва ғоялари қоғозда жозибадор кўринади.

Унда ҳақиқий сиёсий тажриба оз бўлиши мумкин.

Ашраф Ғани 2009 йилги сайловларда тўртинчи натижага эришган эди.

Бу гал у эски хатоларни такрорламаслик учун Генерал Абдурашид Дўстум билан сиёсий “жўра” тутинган.

Бир пайтлар у Дўстум жанобларини “ҳаммага маълум қотил” деб атаган эди.

Аммо бу бир пайтлар бўлган воқеа... Ҳозир эса Абдурашид Дўстум уни дастакламоқда.

Дўстум жанобларини мамлакат шимолида ўзбеклар қўллаб-қувватлашига ҳеч бир шубҳа йўқ.

Мен суҳбатлашганлар орасида Ашраф Ғани жанобларига фақат Дўстумни дастаклаганлари учун овоз беришларини яширмайдиганлар ҳам талайгина эди.

Ҳамма ҳам Ашраф Ғанини танимайди.

Нима бўлганда ҳам шанба куни сайлов тинч ўтса, марра афғонистонликларники бўлади.

Бу 1901 йилдан бери илк бор тинч йўлда қудрат алмашиш бўлур эди.

Эҳтимол, илк бор “тарихий сайлов” деган таъбир ишлатиш мумкин бўлар...