BBC navigation

Президент Каримов: ‘Хорижий қўшинлар ҳали қолиши керак’

Сўнгги янгиланиш 24 май 2014 - 04:56 GMT

Ўзбекистон раҳбарининг баён қилишича, қўшни Афғонистондаги воқеаларнинг ривожи хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилга режаланган оммавий сафарбарлик ортидан ҳам қолишларини тақазо этади.

Жаноб Каримов бу ҳақда Россия, Афғонистон, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг куни-кеча Шанхайда бўлиб ўтган икки кунлик саммити чоғида чиқиш қилган.

Ўзбекистон президенти яқинда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Тошкентда журналистлар билан қилган суҳбати чоғида эса, Ғарб кучларининг шу йил охиригача Афғонистондан чиқиб кетишга улгурмасликлари ва сафарбарлик жараёни чўзилиши мумкинлиги ҳақида айтганди.

Бу Ислом Каримовнинг сўнгги йилларда турли минбарлардан Афғонистон ва афғон можароси ҳақида биринчи бор қилаётган чиқиши эмас.

Расмий Тошкент хорижий иттифоқ қўшинлари буткул чиқиб кетишса, шундоққина биқинларида жойлашган Афғонистоннинг бангивор, турли экстремистик гуруҳлар уясига айланиши ва фуқаролар уруши гирдобига ботишидан хавотирда.

Ўзбекистон томони Афғонистондаги беқарорликлар ортидан толибларнинг қудратга келиши ўз мамлакати билан боғлиқ экстремист гуруҳларнинг жонланишига сабаб бўлишидан ҳам жиддий ташвишда.

Сўнгги йилларда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ишғоли ортидан, Афғонистондан Покистонга қочиб ўтган ва Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Ҳаракат ҳозир Афғонистоннинг айнан Ўзбекистонга туташ шимолий минтақаларига қайтиш ва ҳатто, Қундуз каби вилоятларида ўз қароргоҳларини тиклашгача боргани айтилади.

Афғонистонда Толибон тузуми амалда бўлган 90-йиллар ўрталарида расмий Тошкентнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган гуруҳ, айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, бугун Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринмоқда.

Жумладан, асли покистонлик таҳлилчи Аҳмад Рашид Афғонистон билан қарийб 2.000 чақиримлик чегарага эга эканликларини назарда тутиб, таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар - Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон, дейди.

Таҳлилчига кўра, улар Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидалар.

Айни шу хавфдан жиддий ташвишда бўлган аксарият минтақа давлатларини кўнгилларини тинчлантириши мумкин бўлган расмий Вашингтон ва Кобул ўртасидаги муҳим хавфсизлик битими эса, ҳозирча имзоланмаган.

Ушбу келишув, имзоланган тақдирда, афғон тупроғида 5 мингдан 10 мингтагача хорижий аскар ва уларнинг қатор ҳарбий базалари қолишига қонунан изн беради.

Уни имзолашга оид Афғонистон томонига қилган қайта-қайта даъватлари иш бермаётган бир манзарада Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари шу йил бошидан аллақачон сафарбарликни бошлаб юборишган.

АҚШ раҳбариятининг жиддий огоҳлантиришича, расмий Кобул сўзларига қулоқ тутмаса, келаси йил бошига қадар Афғонистонда бирор бир ҳарбийлари қолмайди.

Шундай экан, худди шу манзарада Ўзбекистон раҳбариятининг сўнгги сўзлари амалда нимани англатади?

Таҳлилчи нигоҳида

Америкадан мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, бу билан президент Ислом Каримов ўзининг истакларини изҳор қилаяпти, холос:

Тошпўлат Йўлдошев

00:06:29

Америкадан мустақил сиёсатшунос билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

“Агар, масалан, АҚШ бошчилидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонда қоладиган бўлишса, Ўзбекистон транзит нуқтаси сифатида кўпроқ муҳим роль ўйнайди. Яъни, Ўзбекистонга кўпроқ пул келади”, - дейди у.

Асли ўзбекистонлик сиёсатшунос, ўз ўрнида, бу гапларнинг хорижий иттифоқ қўшинлари аллақачон Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлаб юборган бир манзарада нега юқори минбардан туриб айтилаётгани саволига жавоб бераркан, бунинг сабабини Америкага ёқадиган гап экани билан изоҳлайди.

“Бундан аввалроқ жаноб Каримов ўз армиямизни Нато стандартларига мослаштирамиз, деб айтганди. Энди, бу гапдан шу нарса келиб чиқадики, Ўзбекистон президенти Американинг ҳарбий - қурол-аслаҳа, анжомлар билан ёрдам беришига кўпроқ ишониб қолди. Яъни унинг армияни қайтадан қуроллантириб, қайтадан Нато стандартларига ўтиш мақсади ҳам бор. Энди, шу даражада умид боғлаяпти”, - дейди мустақил сиёсатшунос.

Ўзбекистон 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Ҳозир эса, қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат бўлиб қолиши кутилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон орқали Нато юкларини олиб чиқиш бошлангани хабар берилган, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий жиҳозларининг маълум қисмини Ўзбекистонга қолдириши ҳам айтилганди.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, расмий Тошкент билан Кремль ўртасидаги алоқалар ниҳоятда совуқлашган бир манзарада жаноб Каримовнинг сўнгги чиқишини Ғарбга берилаётган бир мужда сифатида ҳам талқин қилиш мумкин, дейди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, унинг бу сўзлари Украинада сиёсий инқироз ҳануз барҳам топмаган ва Қрим мухтор бўлгасининг Россия таркибига қўшиб олинишидан қисқа вақт ўтмай янграмоқда.

Ўзбекистон президенти эса, воқеаларнинг ривожи хорижий иттифоқ бошчилигидаги қўшинларнинг афғон тупроғида қолишини тақазо этади, дейиш баробарида Шанхайда қилган чиқишида Афғонистондаги барча мухолиф гуруҳларнинг бир сулҳу мадорага келишлари муҳимлигини ҳам алоҳида урғулайди.

Бир вақтнинг ўзида бир-бирига қарама-қаршидек янграётган бу баёнотларни шарҳларкан, мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев мавжуд вазиятда Ўзбекистон Афғонистон масаласида ҳамма нарсани инобатга олаяпти, дейди.

“Мана, қаранг, Афғонистонда ҳозиргача Нато кучлари, халқаро қўшинлар тинчлик ўрната олишмади. Энди, бир томондан Каримовнинг қўрқуви ҳам бор: Шу пайтгача бу мамлакат тинчимаган бўлса, яна толиблар қайтиши мумкин, деб. Шунинг учун ҳам, кимки қудратга келадиган бўлса ёки қайси томонлар сиёсий майдонда бўлишса, ўзлари ўзаро келишсин, деяётган бўлиши мумкин”.

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу ўринда, Ўзбекистон президенти ҳам қўшни Афғонистоннинг бундан кейинги истиқболини ўйлаяпти ва ҳам транзитдан ўзларига келадиган даромадни кўзда тутаяпти ва ҳам АҚШга сизларни сиёсатингизни кўпроқ қўллаймиз, деган муждани бераяпти.

Мустақил сиёсатшуносга кўра, воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Америка ҳам Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришда, бу йўл қурилиши ёки мавжуд темир йўлларни янада узайтириш ишлари бўладими, ёхуд газ экспорти, хуллас, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўпроқ алоқада бўлишини истамоқда.

Аммо, энг сўнггида суҳбатдошимизнинг айтишича, расмий Тошкент Афғонистоннинг бундан кейинги келажаги қанақа бўлади, Американинг айтгани бўладими-йўқми, агар, бўлмайдиган бўлса, Афғонистон ичкарисидаги воқеаларнинг ривожи қанақа тус олади, буларнинг ҳаммасини ўйлаётгани учун ҳам, ҳар хил гапираяпти.

“У ёққа ҳам ўйлайдиган қилиб, бу ёққа ҳам ўйлайдиган қилиб, аслида, нореал нарсаларни айтиб чиқаяпти”, - дейди Америкадан мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

Ҳарбий танлов иш бермайди

Ўзбекистон раҳбари Шанхайдаги чиқишида ҳам афғон можаросининг ечимида ҳарбий танлов иш бермаслиги ва фақат тинчлик музокаралари якуний йўл бўлишини яна бир бор урғулаган.

Ислом Каримовга кўра, Афғонистондаги турли мухолиф гуруҳлар бир муросага боришлари ва мамлакатдаги барча йирик миллат вакилларини ўз ичига олган ҳукумат тузилиши лозим.

Ўзбекистон тарафининг ишонишича, томонлар музокараларга бирор бир шартларсиз боришлари, акс ҳолда жараён чиппакка чиқиб, танглик янада кучайиши ва олди олиниши лозим бўлган қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин.

Ўз ўрнида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, барча манфаатдор томонлар, жумладан, қудратли Ғарбнинг ҳам ўтган 13 йил давомида, ҳатто, айрим шартларига кўнган ҳолда Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Шартсиз музокараларга эса, ҳаракат шу пайтгача бирор бир рўйхушлик бермаган.

Сафлари тарқоқ экани айтилишига қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Ума афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, умуман музокараларга бормаслигини айтиб келади.

Ўзбекистон президенти, ўз ўрнида, Афғонистонда 14 июн кунига режаланган президентлик сайловларининг иккинчи давраси лозим даражада уюштирилиши ва жарбдийда афғон халқига тинч ҳаёт эшигини очишига ҳам умид билдирган.

Ўзбекистон раҳбари шу ой бошида Тошкентда қилган чиқишида Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат берадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаганди.

Президент Ислом Каримовнинг урғулашича, Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишади ва у ерда мухолифатда бўлган бирор бир гуруҳни қўллаш ниятлари йўқдир.

Ўзбекистон раҳбарининг урғулашича, Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишган ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишади.

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига бир неча бор тўхталиб ўтган президент Каримов, ҳатто, энг қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.