Ислом Каримов: 'Президент ўзи гапирган гапига ўзи жавоб беради'

  • 14 مايو/ أيار 2014

Ўзбекистон раҳбарининг урғулашича, қўшни Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишади ва Афғонистонга мухолифатда бўлган бирор бир гуруҳни қўллаш истаклари йўқ.

Президент Каримовга кўра, Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатни тутиб келишган ва бундан кейин ҳам худди шу сиёсатларига содиқ қолишади.

Худди шу ўринда Ўзбекистон раҳбарининг алоҳида таъкидлашича, Афғонистон масаласида Шўролар даври хатолари ўзларига яхши сабоқ бўлган.

Унга кўра, ҳатто, Афғонистонга ёрдам берамиз, деган даъво билан чиқса ҳам, бирор бир гуруҳга ишониш қийин.

Президент Каримовнинг яна бир бор урғулашича, Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишади, ўзларига манфаат берадиган ишларни қилишади.

Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан мухбирлар қаршисида қилган чиқиши чоғида баён қилган.

Аммо, ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, президент Каримовнинг сўнгги сўзлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан, катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлаган бир йилда янграмоқда.

Айни худди шу воқеълик эса, қолган минтақа давлатлари қатори Афғонистонга бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг ҳам жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Расмий Тошкент бу хусусдаги хавотирларини бир эмас, бир неча бор, ҳатто, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий минбарларидан туриб ҳам баён қилган.

Сафарбарлик

Ўзбекистон Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистоннинг фуқаролар уруши гирдобига ботиши, бангивор моддалар ва турли экстремист гуруҳлар уясига айланишидан қўрқади.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 2014 йилдан кейин ҳам бир неча минг сондаги хорижий аскар ва қатор ҳарбий базаларнинг афғон тупроғида қолишига қонуний изн берувчи муҳим хавфсизлик шартномаси эса, ҳалича АҚШ ва Афғонистон ўртасида имзоланмаган.

Америка ҳукуматининг қатъий огоҳлантиришича, агар, расмий Кобул ушбу битимни имзоламаса, келаси йил бошига қадар Афғонистонда бирор бир ҳарбийлари қолмайди.

Хавфсизлик битими ўтган йил охирида Лоя Жирга томонидан маъқулланганига қарамай, президент Ҳомид Карзай турли сабаблар билан уни имзолашни ортга суриб келмоқда.

Президент Каримов журналистлар билан суҳбатида юзидаги ташвиш ифодасини яширмаган ҳолда худди шу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистон раҳбари ўзининг эътироф этишича ҳам, бу - ҳозир бутун ўзбек халқини ҳам қизиқтирган мавзулардан биридир.

Аммо Ўзбекистон раҳбарининг ишонишича, хорижий иттифоқ қўшинлари 2014 йил якунига қадар Афғонистондан буткул чиқиб кета олишмайди.

"Менинг фикримча, улар улгуришолмайди. 2014 йилда бу иш охиригача етмайди. Яна 2015 йилга ўтиши мумкин", - дейди президент Каримов.

Ўз ўрнида, жаноб Каримовнинг баён қилишича, шунақа гапларни халққа президентнинг шахсан ўзи гапирса, одамларда кўпроқ ишонч пайдо бўлади.

"Президентнинг ўзи гапирса, керак бўлса, шу гапига ҳам ўзи жавоб беради", - дейди Ислом Каримов.

Умид

Аммо, Ўзбекистон раҳбарига кўра, ҳали якуний натижаларининг таъсири бўлмаган ва иккинчи давраси бўлиб ўтиши кутилаётган эса-да, қўшни давлатда 5 апрел куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари одамларда қандайдир ишонч пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Ислом Каримовнинг ишонишича, худди шу сайловлар ортидан, тақдирига Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган Афғонистонда ўзаро рақиб томонлар бир сулҳу мадорага келишади.

Агар, сўзларига таянилса, "бугунга келиб, афғон халқида пайдо бўлаётган урушдан буткул безиганлик туйғуси" ҳам Ўзбекистон президентининг эътиборидан четда қолмаган.

Президент Ислом Каримовга кўра, "одамлардаги айни шу ҳис афғон урушига, барибир, чек қўяди".

Худди шу сўзларни айтаркан, Ўзбекистон президенти " ўзларининг энг яқин қўшнилари бўлган Афғонистон билан дўстона алоқаларни ўрнатиш, қандайдир ҳамкорликка ўтиш"нинг пайти етганлигини ҳам урғулайди.

"Бир вақтлар қиз бериб, куёв олган давлатлар ўша эски, қачонлардир бизлар ҳавас қиладиган пайтларга қайтишига ишончим комил", - дейди жаноб Каримов.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида Покистон ва Афғонистоннинг муайян минтақаларида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам бу икки давлатдаги Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Шу боис ҳам, таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, толиблар ҳам, уларнинг иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ўзбекистон учун безовталик омили сифатида сақланиб қолаверади.

Аммо айрим ғарблик таҳлилчилар президент Каримовни сиёсий репрессияларни оқлаш учун Афғонистондан келаётган хавфни бўрттириб кўрсатишда айблашлари ҳам бор гап.

"Узоқроқ ерлар" ҳақида

Ўзбекистон раҳбарининг ўз ўрнида урғулашича, нафақат Афғонистон, балки Ўзбекистоннинг ён-атрофида жойлашган барча давлатлар билан ҳам яқин алоқаларда бўлишлари муҳимдир.

"Турли, турли майда гапларга, ишларга, қўпорувчи ҳаракатларга қўшилмаслик, фақатгина ўзимизнинг ҳаётимиз билан яшаш, ўзимизнинг кучимиз, қудратимизга ишониб, кимгадир ёрдам керак бўлса, қўлни узатиб, мана шундай ҳаётни кечириш бу - биз барчамизнинг мақсадимиз", - дейди президент Ислом Каримов.

Худди шу ўринда, Ўзбекистон президенти "узоқроқ ерларда бўлаётган ишларни" ҳам тилга олган ва бу масалада аллақачон ўз мавқеъларини очиқ-ойдин билдирганликларини ҳам баён қилган.

"Ҳар қандай тўқнашув, ҳар қандай қарама-қаршилик, ҳар қандай зиддият, авваламбор, тинчлик йўли билан, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал бўлиши керак", - дейди жаноб Каримов.

Унинг урғулашича, "мустақил давлатларнинг мустақиллигига зиён етказмаслик керак. Ва зўравонлик йўли билан, куч ишлатиб, бу масалаларни ечиб бўлмайди. Бу - фақатгина бошланиши бўлади, кейин бунинг охири кўринмайди".

Ўзбекистон раҳбарининг баён қилишича, "мамлакати ҳеч қачон бунақа нарсаларга қўшилмайди ва ҳеч қачон бундай ҳаракатларнинг ўз остоналарига етишига йўл қўйишмайди".

Президент Ислом Каримовга кўра, "бунга кучлари ҳам, қудратлари ҳам, керак бўлса, ақллари ҳам етади".

Аниқ номини тилга олиб ўтмаган эса-да, маҳаллий кузатувчиларга кўра, "узоқроқ ерлар"га тўхталиб ўтаркан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов илк бор Украинадаги ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, президент Каримовнинг бу сўзлари ҳам Афғонистон ва ҳам Украинадаги сўнгги воқеалар манзарасида Ғарб билан алоқалари қайта илиб, Россия билан жиддий совуқлашган бир манзарада кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ