Ҳюман Райтс Вотч: "Андижон масаласи ёпилгани йўқ"

  • 13 Май 2014

Ҳюман Райтс Вотч АҚШ ва Оврўпо Иттифоқини 2005 йил 13 майида Андижонда юзлаб асосан тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан қирилиши бўйича Ўзбекистондан мустақил халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишга чақирди.

Мазкур нуфузли ҳуқуқ ташкилотига кўра, Андижон қирғинидан тўққиз йил ўтиб ҳам, Ўзбекистон қатор ташкилотлар, жумладан БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг тергов ўтказиш тавсиясини рад қилиб келаяпти.

"Ўзбек ҳукумат кучлари Андижон намойишчиларига қарата одам танламасдан ва огоҳлантиришсиз ўт очганлар. Ҳеч ким жавобгарликка тортилгани йўқ, ўзбек ҳукумати намойишга алоқадор деб ишонган одамларни мунтазам равишда босим остига олиш ва қамашда давом этаяпти", - дейилади Ҳюман Райтс Вотч баёнотида.

Ташкилотга кўра, Андижон воқеасидан бери Президент Ислом Каримов ҳукумати халқаро ташкилотлар ва халқаро оммавий ахборот воситаларини ёпиш билан халқаро кузатувдан қутулди. Шунингдек, у Андижон воқеаларида иштирок этган ёки унга гувоҳ бўлган одамларни қаттиқ сиқувга олди. Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кузатувчиларининг мамлакатга келишига рози бўлмай келаяпти.

"Андижон масаласи ёпилгани йўқ"

Ўтган сентябрда БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг мажлисида иштирок этган Ўзбекистон вакиллик гуруҳи раҳбари Акмал Саидов Андижон масаласи ёпилганини айтди.

Бироқ, Ҳюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловга кўра, Андижон масаласи унда қурбон бўлган одамларнинг оилалари, ҳукумат ноқонуний равишда қамаётган одамлар, ҳамда ўзбек ҳукуматининг қарашларидан фарқли фикрни тинч йўлда изҳор қилишга қўрқиб яшаб келаётган саноқсиз бошқа фуқаролар учун ёпилгани йўқ.

"Андижон қирғини содир бўлмаган деб қанчалар кўп ё тез-тез гапирманг, бу масала барибир йўқ бўлиб қолмайди", - дейди жаноб Свердлов.

Жазо муддатлари узайтирилган

Ҳюман Райтс Вотч яқинда топган хабарга кўра, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан қочган ва 2010 йилда Австралиядан Ўзбекистонга қайтган Дилором Абдуқодированинг ёпиқ ва адолатсиз маҳкама ишида берилган жазо муддати узайтирилган.

Айтилишича, "қамоқхона қоидаларини бузган"и учун унинг 10 йиллик қамоқ жазоси яна саккиз йилга узайтирилган.

Беш йиллик қамоқ жазоси ортидан жорий йилнинг март ойида озод қилинишини кутган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Ғанихон Маматхонов ҳам ўз қамоқ жазоси узайтирилганини айтган.

Жаноб Маматхонов Андижон воқеаларидан кейинги қамашларда ҳуқуқ фаоллари Азам Фармонов ва Абдурасул Худойназаровлар билан биргаликда қамалганди.

Ҳюман Райтс Вотчга маълум бўлишича, қамоқхона раҳбарияти жаноб Маматхоновнинг ўғли Жалолиддинга отасининг муддати уч марта "ҳожатхонага рухсатсиз борган"и учун узайтирилганини айтишган.

2007 йил февралида Андижон ва шаҳар атрофида жасадлар тўда бўлиб кўмилган қабристонлар ҳақида халқаро матбуотга гапирган фаол Исроилжон Холдоров ҳам ўз жазо муддати 2012 йилда яна уч йилга узайтирилгани ортидан панжара ортида қолаяпти.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, унинг жазоси чақирилганда ўрнидан турмагани ва қўриқчи оғир жиҳозни кўтаришни сўраганида кўтармагани учун узайтирилган.

Баёнотда айтилишича, Андижон қирғинига етаклаган воқеаларни, хусусан мобил телефони орқали қамоқдаги тадбиркорларни озод қилишни уюштиришда айбланган Акром Йўлдошевнинг қаерда экани 2009 йилдан бери маълум эмас. Унинг оиласи унинг тирик ё ўлик эканини ҳам билмайди.

"Маҳбусларни таҳқирлаш ва терговсиз уларнинг жазо муддатларини узайтириш Ўзбекистон жиноий тизимининг нақадар шафқатсиз эканини намойиш қилади. Баъзилари 20 йилдан ошиқ панжара ортида қолаётган тутқунларнинг жазо муддатини қайта-қайта узайтириш уларнинг панжара ортида ўлиб кетишларини англатади", - дейди жаноб Свердлов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002