BBC navigation

Amnesty International: Ўзбекистонда 6 минг қийноқ қурбони бор

Сўнгги янгиланиш 13 май 2014 - 09:53 GMT

Қийноқларга қарши янги кампаниянинг бошланиши Андижон қирғинининг 9 йиллик санасига тўғри келган

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистияга кўра, Ўзбекистонда 6 мингга яқин қийноқ қурбонлари бор. Ташкилот Ўзбекистонни қийноқларга қарши янги глобал кампанияси марказига қўйган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати қийноққа солувчилар рўйхатида ёлғиз эмас.

Икки йил давом этадиган "Қийноқларни тўхтатинг" кампанияси доирасида Ўзбекистон билан бирга яна тўрт давлат- Мексика, Филиппин, Марокаш ва Нигериядаги аҳволга эътибор қаратилади.

Аммо қийноқ қўлланилаётган давлатларнинг умумий сони бундан анча кўп.

"Дунё бўйлаб ҳукуматларнинг қийноқ масаласида иккита юзлари бор-қонунда тақиқлаш, аммо амалда қўллаш"

Салил Шетти, Халқаро Амнистия Бош котиби

Амнистияга кўра, сўнгги 5 йилда ташкилот жаъми 141 та давлатдаги қийноқлар ва ноинсоний муомаланинг бошқа кўринишлари ҳақида хабар тарқатган.

Ташкилот ўз кампанияси учун танлаб олган 5 та давлатда қийноқлар кенг тарқалган, деб ишонади.

Халқаро Амнистия дунёда қийноқлар борасида юзага келган вазиятни "глобал инқироз" дея баҳоламоқда.

'Иккиюзламачи'

Amnesty International Бош котиби Салил Шеттининг Лондонда ўтган матбуот анжуманида афсус билан қайд этишича, қийноқ қўллаётганлар фақат Ўзбекистон сингари авторитар бошқарувлар эмас.

Уларнинг орасида демократик ва демократия томон қадам қўяётган давлатлар ҳам бор.

"Дунё бўйлаб ҳукуматларнинг қийноқ масаласида иккита юзлари бор-қонунда тақиқлаш, аммо амалда қўллаш", - дейди Амнистия Бош котиби.

Халқаро Амнистия ўтказган глобал сўров қийноқлардан қўрқув барча мамлакатларда мавжуд эканини кўрсатган.

Барча қитъаларни ўз ичига олган сўровда 21 та давлатдан 21 минг киши иштирок этган.

Халқаро Амнистия дунё ҳукуматларини БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенциясини имзолаган ҳолда, қийноқларга барҳам бериш юзасидан олган мажбуриятларига хиёнат қилишда айбламоқда.

Amnesty international Бош котиби Салил Шетти Ўзбекистонда вазиятни яхшилаш қийинлигини тан олади

Бу йил ушбу муҳим Конвенция қабул қилинганига 30 йил тўлади.

Ўзбекистон ҳукумати Қийноқларга қарши конвенцияга 1995 йилда қўшилган.

Андижон акс-садоси

Қийноқларга қарши глобал кампаниянинг бошланиши Андижон қирғинининг 9 йиллик санасига тўғри келган.

Халқаро амнистия Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида гапираркан, Андижон воқеалари ортидан қамоққа ташланган икки маҳкумнинг тақдирига алоҳида эътибор қаратмоқчи.

Улардан бири 2010 йилда Ўзбекистон маҳкамаси томонидан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган андижонлик Дилором Абдуқодирова, иккинчиси эса 2006 йилда Ҳарбий трибунал томонидан жосусликда айбдор деб топилиб 15 йиллик қамоққа маҳкум этилган Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг собиқ юқори мартабали мулозими, подполковник Эркин Мусаевдир.

"Бу рақамни оилаларга кўпайтирсангиз, даҳшатли манзара юзага келади"

Мейзи Вайшудинг, Ўзбекистон бўйича эксперт

Андижон қирғини ортидан ватанини тарк этган қочқинлар орасида бўлган Дилором Абдуқодирова 2010 йилда ўзбек расмийларининг хавфсизлик кафолатлари остида ўзи бошпана топган Австралиядан турмуш ўртоғи ва тўрт нафар фарзанди қолган Андижонга қайтишга қарор қилади.

Уйига қайтганидан кўп ўтмай ҳибсга олинган Абдуқодирова давлат тузумини ағдаришга уринишда айбдор деб топилиб, 10 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Дилором Абдуқодирова Андижон воқеалари бўйича Олий судда ҳукумат қўшинлари халққа қарата ўқ очди, дея гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг опасидир.

Ўзбекистоннинг НАТОдаги собиқ элчиси бўлган Эркин Мусаев эса "узоқ муддат давомида Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг ҳарбий сирларини Пентагонга етказиб турганлик"да айбланган.

Айблов Андижон воқеалари ортидан АҚШ билан муносабатлар ёмонлашган ва ҳарбий ҳамкорлик тўхтаб қолган паллага тўғри келган.

Ҳар икки маҳбуснинг яқинлари уларнинг тергов жараёнида қийноққа тутилганликларини айтишган.

'Жазосизлик'

Халқаро Амнистия Ўзбекистондаги вазиятнинг мураккаб экани, қийноқлар масаласида яхши томонга ўзгариш ясашнинг қийинлигини эътироф этади.

Ташкилот номлари зикр этилган маҳбусларнинг буткул озод этилишига эриша олмаса ҳам, уларнинг ва бошқа маҳбусларнинг шароитлари яхшиланишига умид қилмоқда.

"Биз уларнинг қамоқдан озод этилишига эришолмасак ҳам, ҳеч қурса, уларга нисбатан қийноқларнинг тўхтатилиши, жазо камераларига ташламаслик, ҳимоячилар ва яқинлари билан учрашишларига тўсқинлик қилмаслик ва бошқа шароитларининг яхшиланишига умид қилаяпмиз. Назаримда булар эришиш мумкин бўлган нарслар. Бу йўлда биз халқаро ҳамжамият, АҚШ, Оврўпо ҳукуматлари, шунингдек, БМТ ва Оврўпо Иттифоқининг дастагига ҳам суянамиз. Ўзбекистон ҳукумати уларнинг тавсияларини жиддий қабул қилади, деб ишонамиз. Биз учун Ўзбекистондаги қийноқ қурбонларининг ўзларини ташқарида унутишмаганини ҳис қилишлари муҳим", - дейди Amnesty International нинг Марказий Осиё бўйича эксперти Мейзи Вайшудинг.

Мейзи Вайшудингнинг айтишича, Ўзбекистондаги қийноқ қурбонларининг аксарияти гапиришдан қўрқадилар

Халқаро Амнистия Ўзбекистонда 6 мингга яқин қийноқ қурбонлари бор, деб ишонади.

Мейзи Вайшудингга кўра, бу рақам ўзларининг йиллар давомида олиб бораётган тадқиқотлари ва бошқа инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг ҳисоботлари, шунингдек, қийноқ қурбонлари ва собиқ маҳкумларнинг гувоҳликлари асосида тасдиқланган.

Ушбу рақам мамлакатдаги сиёсий маҳбусларнинг тахминий сонига яқин.

"Энг кўп қийноққа солинадиган қатлам- сиёсий мухолифат, инсон ҳақлари фаоллари ва Ҳизбу Таҳрир сингари тақиқланган диний ташкилотлар аъзоларидир. Агар сиз бу рақамни оилаларга, ўн йиллаб қамоқда ўтирганларнинг яқинлари, авлодларга кўпайтирсангиз, қийноқнинг Ўзбекистон, у ердаги жамият учун қанчалик даҳшатли таъсирга эга эканини кўз олдингизга келтира оласиз. Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшиланишидан умидсизликнинг бир учи мамлакатдаги қўрқув муҳитига бориб тақалади. Қийноққа солинганлар бу ҳақда гапиришга қўрқадилар", - дейди Мейзи Вайшудинг.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг дунёда унчалик танилмагани муаммонинг яна бир тарафидир.

"Ўзбекистон халқаро янгиликларда кўп ҳам пайдо бўлавермайди. Рост, қачондир Гулнора Каримова атрофида нимадир содир бўлса, дунё матбуоти Ўзбекистон ҳақида гапириб қолади, аммо ҳозир у ҳам йўқ. Бу маънода Ўзбекистонга қизиқиш унчалик катта эмас. Аммо бу нарса бизни Ўзбекистонга вазиятга қайта-қайта эътибоор қаратишдан тўхтатиб қолмаслиги керак", - дейди Халқаро Амнистия вакили.

Халқаро Амнистияга кўра, Ўзбекистонда қийноқларнинг кенг тарқалгани ва мунтазам қўлланиши БМТ томонидан ҳужжатлаштирилганига қарамай, қийноқ қўлловчиларнинг аксарияти жазосиз қолишади.

Мамлакат Халқаро Амнистия ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун ёпилган.

Ўзбекистон ҳукумати қийноқларнинг мавжудлигини эътироф этган, аммо уларнинг мунтазам қўлланиши ва қийноқларга расмий даражада рухсат берилганини рад этиб келади.

Ҳукумат 2003 йилда "Қийноқларга қарши кураш милий дастури"ни қабул қилган.

Аммо маҳаллий ҳуқуқ фаоллари бу дастурнинг қоғозда қолиб кетганини айтишади.

Халқаро Амнистия Бош котиби Салил Шетти нима учун ўз кампанияларига Ўзбекистонни танлаб олишгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, "қийноқларни ўлчашнинг барометри йўқлиги ва Амнистия қийноқ даражаси юзасидан жадвал тузмаётганини" айтди.

Унинг изоҳ беришича, Амнистиянинг мақсади давлатларни қийноқлар масаласида "оқ ва қора"га ажратиш эмас, балки қийноқлар ва уларнинг ҳар қандай турини, қаерда бўлишидан қатъий назар, тақиқланиши ва тўхтатилишига эришишдир.

"Қийноқлар нафақат мавжуд, балки дунёнинг жуда кўп бурчакларида "гуллаб-яшнамоқда".

Жаноб Шитта АҚШ сингари давлатларда миллий хавфсизлик номи билан қийноқлар қўлланишини "даҳшатга солувчи" деб атади.

Халқаро Амнистия ўтказган сўровда қатнашганларнинг учдан бир қисми қийноқларни оқлаш мумкин деб ўйлашини айтган.

Аммо Амнистиянинг айтишича, сўров дунёдаги аксарият кўпчиликнинг қийноқларга қарши эканини кўрсатган ва бу умид берувчидир.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.