BBC navigation

Таҳлил: Собиқ Шўро давлатлари Путинни қўллаши мумкинми?

Сўнгги янгиланиш 9 май 2014 - 11:39 GMT

Камолиддин Раббимов

00:10:23

Франциядан минтақавий таҳлилчи билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Россия Президенти Владимир Путин Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Қозоғистон раҳбарининг йўқлиги сабаб, норасмий учрашувга айланган йиғини чоғида Украина инқирози масаласида тўрт аъзо давлатнинг дастагини қўлга киритмоқчи бўлган.

Аммо, энг сўнгги хабарлар тафсилотларига таянилса, жаноб Путин қаршисида алоҳида-алоҳида чиқиш қилган Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва Арманистон раҳбарлари тинчликнинг қанчалар муҳим эканига асосий урғу берилган умумий гаплар билан чекланишган, холос.

Расмий Москванинг ушбу саъй-ҳаракатлари Россияга қарши Ғарбнинг кетма-кет жазо чоралари ва халқаро ҳамжамиятнинг тинимсиз янграб келаётган танқидлари манзарасида кузатилмоқда.

Франциядан минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Украинадаги воқеалар манзарасида яккаланиб қолгани боис ҳам Россияга айнан ҳозир ўзи бошчилик қилаётган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг қўллови жуда керак.

"Чунки Россия биладики, агар Украинага тинчликпарвар кучлар, деган ном остида қўшин киритадиган бўлса, унга халқаро босим ҳаддан ташқари кучайиб кетади. Расмий Москвада бу ишни, агарки, КХШТга аъзо давлатлар билан қиладиган бўлсам, вазиятни юмшатиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан легимтимроқ, деб қабул қилинади, деган бир қараш бор", - дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимов:

"Бугунги кунда Владимир Путиннинг қайси векторда сиёсат олиб бориши постсовет ҳудуди учун жуда ҳам муҳим. Яъни, Қозоғистоннинг бу саммитга бормаслиги, албатта, расмий Тошкентни бироз бўлса ҳам қувонтиради. Чунки Қозоғистон энди Москва билан интеграция эмас, Марказий Осиё билан интеграция векторида фаоллашади, деган фикр кучли. Ва Марказий Осиё Иттифоқи ёки минтақа давлатларини мувофиқлаштириш масаласи расмий Остона учун энг аввало Тошкентдан бошланади. Яъни кейинги икки ярим йил ичида икковлон орасида кузатилаётган яқинлашувлар замирида биринчи ўринда Москвадан чекиниш ва қўрқув туйғуси ётибди, дейишимиз мумкин"

Франциядан минтақавий таҳлилчи

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Украинадаги воқеаларнинг ривожи ва Қрим бўлгасининг Россия таркибига қўшилиши барча собиқ Шўро давлатларини бирдек хавотирга солмай қўймаган.

Аммо қанчалик ташвишда эканликларига қарамай, уларнинг бирортаси шу пайтгача на-да Украина инқирози ва на-да расмий Москванинг сўнгги хатти-ҳаракатлари юзасидан бирор бир кескинроқ баёнот билан чиқишган.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов биз билан суҳбатида Россия билан алоқалари жуда яқин бўлган қўшни Қозоғистон раҳбарининг сўнгги саммитга нега бормагани сабабига алоҳида эътибор қаратади.

"Биласизми, шу пайтгача Қозоғистон билан Россия ўртасидаги яқинлашувнинг замирида ўзаро ишонч мавжуд эди. Мана шу ишонч йўқолди ва агар, таъбир жоиз бўлса, Қозоғистон бутунлай қўрқувга чўкди, дейишимиз мумкин. Яъни, бундан кейин у Москвага, Россияга ишонмайди ва фақатгина ўша қўрқув билан хатти-ҳаракат қилади. Яъни, Қозоғистоннинг сўнгги баёнотларига эътибор берсангиз, ўта зиддиятли: Украина инқирозидан олдинроқ унинг яхлитлиги ҳақида гапирди. Қрим қўшиб олинганидан кейин эса, буни табиий ва қонуний, деб баҳолади. Бугунга кунга келиб эса, яна Москвага бормаяпти ва Остонада қолиб, АҚШ Давлат котибининг муовини билан учрашаяпти", - дейди таҳлилчи.

Унинг айтишича, бу каби хатти-ҳаракати билан расмий Остона Москвага постсовет ҳудудини кўзда тутувчи лойиҳаларини сиёсийлаштирмаслиги шартлигига ишора қилмоқда.

"Бундан икки йилча олдин Қозоғистон ҳукумати ОврўОсиё иқтисодий лойиҳасидан совуган эди. Чунки Қозоғистон бу лойиҳани мутлақ иқтисодий интеграция, иқтисодий яқинлашув сифатида кўрди. Лекин Москва буни тинимсиз сиёсийлаштирди. Ва охир-оқибатда, бугун Остона Москванинг шу каби лойиҳаларидан минимал зарарлар билан чиқиб кетиш имкониятини изламоқда", - дея сўзларида давом этади суҳбатдошимиз.

Қозоғистон томони эса, президент Нурсултон Назарбоевнинг Москвага бормаслик қарори сабабини ҳозирча расман изоҳламаган.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг айнан Қозоғистон раҳбари бормагани туфайли норасмий учрашув тусини олган йиғини унинг аъзоси бўлмаса-да, расмий Тошкентнинг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

"Чунки бугунги кунда Владимир Путиннинг қайси векторда сиёсат олиб бориши постсовет ҳудуди учун жуда ҳам муҳим. Яъни, Қозоғистоннинг бу саммитга бормаслиги, албатта, расмий Тошкентни бироз бўлса ҳам қувонтиради. Чунки Қозоғистон энди Москва билан интеграция эмас, Марказий Осиё билан интеграция векторида фаоллашади, деган фикр кучли. Ва Марказий Осиё Иттифоқи ёки минтақа давлатларини мувофиқлаштириш масаласи расмий Остона учун энг аввало Тошкентдан бошланади. Яъни кейинги икки ярим йил ичида икковлон орасида кузатилаётган яқинлашувлар замирида биринчи ўринда Москвадан чекиниш ва қўрқув туйғуси ётибди, дейишимиз мумкин", - дейди таҳлилчи.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида эса, айрим ғарблик таҳлилчилар Украина инқирози энг кўп Марказий Осиё давлатлари раҳбариятининг хавотирларига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин, деган тахминларни ҳам илгари суришганди.

Уларга кўра, феврал ойида Украина раҳбари Виктор Януковичнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган Оврўмайдондаги намойишларнинг муваффақияти минтақа мамлакатлари раҳбарларини энг аввало ўз ҳокимиятларининг қанчалик мустаҳкамлиги борасида хавотирга солган бўлиши тайин.

Уларга кўра, бошқа томондан, Марказий Осиё раҳбарлари Қримдаги сўнгги ҳодисаларни ҳам диққат билан кузатиб бораётган бўлишлари тайин.

Ғарблик таҳлилчиларнинг наздларида Қримда кечаётган воқеалар улар учун Россиянинг ўз "яқин хорижи"га нисбатан қандай иш тутиши мумкинлигини англатади.

Уларга кўра, Марказий Осиё давлатларининг барчаси Россиядан мустақилликларини сақлаб туриш учун ўз асосларига эга ва худди шу боис ҳам, сўнгги воқеалар минтақа давлатлари раҳбарлари учун "Украина саволи"ни "Қрим саволи"га айлантирган.

Суҳбатдошимиз минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам айни шу омилларни назарда тутиб, энг сўнггида собиқ Шўро давлатлари расмий Москва кўз тиккан қўлловдан ўзларини тийишларини айтади.

"Чунки Украина воқеаси, яъни халқнинг кўчага чиқиши, инқилоблар Коллектив Хавфсизлик Шартномасига аъзо бўлган давлатлар учун маълум бир муаммо. Лекин бу давлатлар учун ўзларининг ҳокимияти, суверенитети масаласи анча юқори бир даражада туради. Яъни, улар Украинадаги бўҳрондан эмас, кўпроқ Москванинг иштаҳаси ёки Путиннинг лойиҳаларидан қўрқувда. Шунинг учун ҳам, кейинги даврда постсовет ҳудудида Москвага қаршилик кўрсатиш ва имкон қадар ундан узоқлашиш тренди кучайиб боради", - дейди таҳлилчи.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.