Собиқ Шўро давлатларининг бошига Қримнинг куни тушадими?

  • 7 Май 2014

Қрим аҳолисининг ярмидан кўпроғини руслар ташкил қилишади. Агар, расмий Москванинг изоҳларига қаралса, айнан русларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун у ерга кириб борган. Шундай экан, қолган собиқ Шўро Иттифоқи давлатларининг бошига ҳам Қримнинг куни тушиши мумкинми?

Шарқий Оврўпо

Президент Виктор Янукович қудратдан ағдарилган феврал ойидан буён Донецк ва Украина шарқидаги бошқа шаҳарларда тез-тез россияпараст намойишлар кузатилмоқда. Янги намойишлар ҳам аллақачон бир кишининг умрига зомин бўлиб улгурди.

Расмий Москва эса, ўта ғарбпараст намойишчиларни Украина шарқида вазиятни оловлантиришда айбламоқда. Россия қўшинлари аллақачон Украинанинг шарқий чегараларига яқин ерда ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказиб, ўша ердан жилмай туришибди. Исташса, бир зумда Украинага кириб боришлари мумкин.

Шу боис ҳам, агар, Россия ўз ҳудудини кенгайтиришни кўзлаётган бўлса, шарқий Украина рўйхатда биринчи бўлиш мавқеида, десак муболаға бўлмайди.

Аммо бу амали сиёсий жиҳатдан Россияда жуда қимматга тушиши мумкин: Нато ва Ғарб давлатлари расмий Москвани бошқа ҳудудларга кўз олайтирмаслиги билан жиддий огоҳлантиришмоқда. Қрим бор-йўғи 1954 йилда Украинага қўшилган. Украина шарқий чегараларининг тарихи эса, бундан-да узоқроққа бориб тақалади.

Аммо, агар, бўлгинчилик бир бош кўтаргудек бўлса, уни жиловлаш қийин бўлади. Шаҳарга 19-асрда уэльслик миллатчи Жон Хьюс томонидан асос солинган эмасми, яқинда, ҳатто, Донецкни Буюк Британия таркибига қўшиб олиниши талаби билан сохта кампания ҳам уюштирилди.

Молдова

Аллақачон Россияга, "Бизни қўшиб ол", деган таклиф билан ҳам чиқмадими, кўпчиликнинг эътибори ҳозир Преднестровьега ҳам қаратилган. Минтақа 1990 йилда ўзини мустақил, деб эълон қилган. Аммо баёноти ҳеч қачон халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Молдова аҳолисининг аксарияти руминча гапирган бир пайтда, Преднестровье минтақасидаги кўпчилик рўсийзабондир.

Молдова жанубида, яна шунингдек, тўртта анклавдан ташкил топган Гагаузия мухтор минтақаси ҳам бор. Минтақа аҳолисини бор-йўғи 160.000 киши ташкил қилади. Провослав насроний эканликларига қарамай, улар туркий тилда сўзлашишади. Шу йил феврал ойида ўтказилган референдум чоғида минтақа аҳолисининг 99 фоизга яқини Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқига киришни ёқлаб, овоз беришган. Аммо Молдова ҳукумати ўтказилган референдумни ноқонуний, деб айтиб чиққанди. Нато иттифоқининг Оврўподаги қўмондони огоҳлантиришича, Украина билан чегарадош ва Одесса шаҳрига яқин Преднестровье Россиянинг кейинги нишони бўлиши мумкин.

Гуржистон

2008 йилда Россия билан кечган қисқа уруш Гуржистоннинг икки бўлгинчи минтақаси - Жанубий Осетия ва Абхазиядан ажралиб қолиши билан якунланганди. Расмий Москва, ўшанда ҳам, мақсади минтақанинг рўсийзабон аҳолисини ҳимоя қилиш эканини айтганди. Аммо аксарият туб аҳоли осетинча ва абхазча сўзлашишади. Масаланинг лекини ҳам борки, одамларнинг кўпчилигида Россия паспорти бор ва улар гуржи ҳукуматини хушлашмайди.

Абхазия эса, аллақачон, яъни 1999 йилда бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилган. Ўшандан буён бу икки минтақа аросатда экандек мавқеъда қолиб келишмоқда: На халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинишган ва на расман Россиянинг таркибида ҳисобланишади. Эслатиб ўтиш жоиз, Абхазия Россияга шундоққина чегарадош, 2014 йилги Қишки Олимпиада Ўйинлари бўлиб ўтган Сочи шаҳрининг биқинида жойлашган. Жанубий Осетия эса, Россияга Шимолий Осетия орқали чегарадош. Минтақага барча маҳсулотлар тоғлароша ўтиб келади. Шу боис ҳам, нарх-наво жуда қиммат. Ишсизлик ва камбағаллик кенг қулоч ёйган.

Латвия, Литва ва Эстония

Ҳам Латвия ва ҳам Эстонияда руслар мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил қилишади. Бу уч Болтиқбўйи давлати ҳам 90-йиллар бошларида собиқ Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан ўз мустақилликларини қўлга киритишган. Ўшандан буён латиш ёки эстончани билмасангиз, бу давлат фуқаролигини ололмайсиз. Бу икки давлатда туғилган айрим руслар эса, бу иш ё қўлларидан келмай ёки буни ўзлари истамай, алал-оқибат, Латвия ёки Эстония фуқаролигидан мосуво қолишган.

Устига устак, аксарият русийзабонлар айнан “Тил тўғрисида”ги кескин қонун сабаб, иш топишлари қийин эканидан ҳам шикоятдалар. Аммо Литвада вазият бироз бошқача: этник руслар бу ерда аҳолининг 5 фоизчасини ташкил қилишади. Бундан ташқари, тил бўйича синов топширишлари ҳам лозим кўрилмайди. Шу йил март ойи ўрталарида расмий Кремль Эстонияда маҳаллий русларга қилинаётган муносабатдан қаттиқ ғазабга келган, худди шу баҳона эса, уларнинг Қримни ишғол этишларига ҳам сабаб бўлганди. Лекин, ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу уч Болтиқбўйи давлати ҳам Оврўпо Иттифоқи ва ҳам Нато иттифоқи аъзолари саналишади. Худди шу боис ҳам, Россиянинг бу мамлакатларга ишғолининг оқибатлари жиддий бўлмай қолмайди. Чунки, биргина Нато низомининг 5-бандига таянилса, иттифоқ бир аъзо давлатга ҳужумни ўзига нисбатан ҳужум сифатида қабул қилади.

Шимолий Қозоғистон

Руслар Шимолий Қозоғистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этади. Худди Қримга ўхшаб ўз вақтида Россиянинг бир қисми бўлган. Агар, тарихий маълумотларга таянилса, шимолий Павлодар ва Уральск шаҳарларига ҳали Чор Россияси даврида ҳарбий постлар сифатида асос солинган.

Худди Украинага ўхшаб, Қозоғистон ҳам ҳимоя кафолати остида 1994 йилда ядровий қуролсизланишга оид битимни имзолаган. Қримдаги Севастополга ўхшаш бандаргоҳи бўлмаса ҳам, “Бойқонур” космодроми бор. Лекин Қозоғистоннинг Россия билан муносабатлари анчайин яқин: Беларус билан бирга Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқининг учта аъзосидан биттаси саналади. Қозоғистон Украина масаласида ҳам бетараф мавқеъни намоён этди. Аммо Украина инқирозига тинч йўл билан ечим топишга чақирди.

Қолган Марказий Осиё давлатлари

Бу минтақа давлатларидаги этник русларнинг фоизи турлича: Тожикистонда бу рақам 1.1 фоизни ташкил этса, Қирғизистонда 12.5 фоизгача боради. 1991 йилдаги мустақиллик ортидан, катта сондаги руслар бошқа ерларга кетишган. Аммо ҳалигача Марказий Осиё давлатлари иқтисодий: Яъни савдо-тужжорий алоқалар ва меҳнат муҳожирларидан келаётган даромадлар нуқтаи назаридан Россияга жуда боғланган. Худди шу манзарада Россия ҳам минтақага бостириб киришга мойилдек кўринмайди. Аммо Россия рубли қадрсизланиб, халқаро ҳамжамият томонидан қўлланган ва қўлланаётган жазо чоралари Россия иқтисодиётига жиддий зиён етказса, ишсиз муҳожирларнинг ортга қайтиши Душанбе ва Бишкек учун жиддий бошоғриқ бўлиши мумкин.

Арманистон ва Озарбайжон

Арманистонда руслар деярли йўқ, Озарбайжонда эса, аҳолининг бор-йўғи 1 фоизини ташкил этишади, холос. Ҳар икки мамлакат ҳам гео-сиёсий нуқтаи назардан Россия ва Ғарб орасида талаш. Украинага ўхшаб, Арманистон ҳам Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорликка оид шартнома имзолашни кўзлаб турибди. Бироқ ўтган йил сентябр ойида, кутилмаганда, Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқига қўшилиш ниятини баён қилган. 1991 йилги мустақиллик ортидан ҳам, Россия Арманистондаги Гюмри ҳарбий базасини ўз қўлида сақлаб қолган.

Озарбайжон эса, ўз нефть ва газини Оврўпо Иттифоқига экспорт қилади. Худди шу боис ҳам, иқтисодий жиҳатдан Россияга ундай қарам эмас. Туркияга бориб туташган газ қувури эса, уларга Россияни четлаб ўтиш имконини беради. Сўзсиз, Россия бу икки давлатни ҳам ўз назорати остида тутишни истайди. Аммо бу йўлда ҳарбийсидан кўра, иқтисодий воситаларни ишга солиши эҳтимоли катта.

Беларус

Беларуснинг шундоқ ҳам Россия билан алоқалари жуда яқин. Руслар аҳолисининг 7.3 фоизини ташкил этиши айтилса-да, аксарияти рус тилида сўзлашади. Агар, бу икки ҳукуматнинг қанчалик апоқ-чапоқ экани назарда тутилса, Россиянинг ишғол учун бирор бир баҳона излашига ҳам ҳожат йўқ. Беларус Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқининг аъзоси ва рус тили давлат тили мақомига эга.

Бу мавзуда батафсилроқ