Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (2.8 Mb)

Ўзбекистонга яқинлари билан учрашгани борган ҳуқуқбон ҳибсга олинган

21 Апрел 2014 Сўнгги янгиланиш: 12:13 GMT 17:13 UZT

Шавкат Ҳожихонов Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси фаолларидан эди

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмасининг хабар беришича, ўтган ҳафта Марғилонга ўз яқинларини кўргани борган уюшма фаоли, Шавкат Ҳожихонов, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Яқинларига кўра, унга жиноят кодексининг чегарани ноқонуний кесиб ўтиш дохил бир неча моддаси бўйича тергов иши очилган.

Уюшма фаоллари унинг ҳозир қийноқларга тутилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Ўзбекистонни 18 йил муқаддам тарк этган 43 ёшли Шавкат Ҳожихонов 2003 йилдан буён Норвегияда истиқомат қилаётганди.

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмасининг раҳбари Надежда Атаеванинг Facebook саҳифасида ёзишича, Шавкат Ҳожихонов охирги уч йил давомида уюшманинг кўзга кўринган фаолларидан бирига айланганди.

"У аввал бошдан болалар ва мажбурий меҳнатни бекор қилиш учун оммавий акцияларда фаол иштирок этарди. Пахта кампанияси пайтида жароҳат олганларга ўз маблағидан молиявий ёрдам кўрсатарди. Тўҳмат билан қамалганлар қариндошларига ёрдам берарди," - деб ёзади Надежда Атаева.

Дўстларига кўра, Шавкат Ҳожихонов, яқинларидан онасининг соғлиги ёмонлашганини ўргангач, Ўзбекистонга боришга қарор қилади.

У 11 апрел куни Норвегиядан Москвага ва сўнгра Бишкекка парвоз қилади.

13 апрел куни Бишкекдан Ўшга етиб келади, айланма йўллар билан Ўзбекистон ҳудудига ўтади ва Марғилонга етиб боради.

15 апрел куни Марғилон шаҳрида ўнлаб ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари Шавкат Ҳожихонов турган уйни ўраб олишади ва уни бир неча яқини билан қўлга олишади.

Би-би-си ҳодиса тафсилотини ўрганиш учун Шавкат Ҳожихоновнинг дўсти ва маслакдоши Бахтиёр Қўзибоев билан суҳбатлашди.

Суҳбатни тингланг.