BBC navigation

'Баронесса Варси диний тутқунлар, қийноқ ва болалар меҳнати билан қизиқди'

Сўнгги янгиланиш 18 апрел 2014 - 15:06 GMT

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг билдиришича, ташкилот раҳабри Васила Иноятова Буюк Британиянинг Ташқи ишлар бўйича катта давлат вазири Баронесса Варсининг Ўзбекистонга сафари мобайнида у билан учрашишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон расмий матбуоти хабар беришича, Баронесса Саида Варси Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси, Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликлари, шунингдек, Олий Мажлис Сенатида музокаралар олиб борган.

Баронесса Варсининг ўзи 16 апрел куни Твиттер саҳифасида мамлакатдаги мажбурий болалар меҳнати масаласини муҳокама этгани ҳақида хабар тарқатди.

"Пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳақида узоқ давом этган мулоқот. Ўзбекистон ва ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти-таҳр.) ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни кўриш ёқимли", деб ёзган британ мулозими.

16 апрел куни Варси хонимнинг Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар олиб боргани хабар қилинган.

Баронесса Варси Тошкентдан ёзган яна бир твитида музокаралар кун тартибидаги асосий масалалар "Афғонистон, Украина ва инсон ҳуқуқлари" эканини маълум қилган.

Британия ҳукуматидаги биринчи аёл вазир бўлган Саида Варси Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари учун маъсул мулозими ҳам ҳисобланади.

Бу Баронесса Варсининг охирги икки йилда Ўзбекистонга қилган учинчи ташрифидир.

Ушбу ташрифлар кун тартибидаги асосий масала Афғонистондаги Британия қўшинларини олиб чиқиш масаласидир.

Британия Ўзбекистон темир йўлларидан фойдаланиш эвазига 700 минг долларлик ҳарбий техника ва жиҳозларни Ўзбекистонга "совға қилиши"ни айтган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Лондоннинг Каримов ҳукумати билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигини танқид қилишади.

Варси хоним аввалроқ Британия парламентида қилган чиқишида Ўзбекистонга бериладиган ҳарбий жиҳозлар ички репрессияларда қўлланмаслигига ишонч ҳосил қилишларини айтган.

"Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова Баронесса Варси билан нималар ҳақида суҳбатлашган?

"Эзгулик" раҳбари Васила ИНоятова:

Васила Иноятова: Баронесса Варси нега ҳалигача қийноқ мавжуд дея ҳайрон бўлди

Ўзбекистон "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова билан суҳбат

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.