Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Бош вазир салоҳиятини кенгайтирувчи қонунга ўзгартиришларни маъқуллади

  • 10 Апрел 2014

Ўзбекистон матбуотининг хабар беришича, Олий Мажлис Сенати мамлакат Конститициясига ўзгартиришлар киритишни назарда тутвчи қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Мамлакат Асосий Қонунига киритилаётган ўзгаришлар Парламент вазифасининг кенгайтирилиши, парламент ва жамоат назоратининг оширилишини назарда тутади.

Шунингдек мамлакат Бош вазири мавқеига номзодларни илгари суриш ва Парламент томонидан тасдиқланиш тартибига ҳам аниқликлар киритилиб, Президентнинг баъзи салоҳиятлари Бош вазирга ўтказилган.

Россия матбуоти сенатор Светлана Ортиқова сўзларидан иқтибос келтириб, Бош вазир эндиликда вазирлик ва муассасаларни ташкил қилиш ва тарқатиб юбориш ваколатига эга бўлганлигини маълум қилган.

Бу каби ўзгартиришлар лойиҳасини Парламент эътиборига президент Ислом Каримов таклиф этганди.

Ўзбекистон матбуотида айтилишича, бу каби ўзгартиришлар мамлакатда Конституцион ислоҳотларни чуқурлаштириш, Парламент ваколати ва ҳуқуқларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамасининг масуълиятини ошириш йўлида киритилмоқда.

Сенат Бош вазирга ўтказган кафолатлар анчайин муҳим бўлса ҳам, таҳлилчиларга кўра, президентлик бошқаруви ўта кучли бўлиб келган Ўзбекистон шароитида унинг якка ҳокимлиги сақланиб қолиш эҳтимоллари катта.

Яна қатор кузатувчилар Ўзбекистонда 2015 йили президентлик сайловлари бўлиб ўтиши кутилаётгани ва ҳозирда Бош вазир кафолатларнинг кенгайтирилиши мабодо жорий президент Ислом Каримов яна бир бор сайловларда қатнашмаслик қарорини бериб, Бош вазирлик вазифасини олиш эҳтимоли туфайли бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Бироқ Ислом Каримов Ўзбекистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш йўли билан ҳар вақт ўз президентлик муддатларини чўзиб келади.