Хориж фуқароларига Ўзбекистон визасини олиш нима учун мушкул?

  • 7 Апрел 2014

Ўзбекистон давлат телевидениеси хорижликларга ўзбек визасини расмийлаштиришда кўмак берган маҳаллий ширкат эгаларини, таъбири жоиз, "фош этувчи" кўрсатув намойиш этган.

3-чи апрел куни Ўзбекистоннинг биринчи телеканали орқали кўрсатилган дастур "Хатар билан ўйнашиш" деб номланади.

Унда айрим "сохта ширкатлар" чет эл фуқароларига Ўзбекистонга сафар қилиш учун "ноқонуний кўмак кўрсатгани" айтилган.

Иддао қилинишича, кўрсатувда номи тилга олинган тадбиркорлардан бири ширкат низомида кўрсатилган фаолият тури ўрнига "мунтазам равишда хорижликларни Ўзбекистонга таклиф қилиш" билан шуғулланиб келган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон хорижий фуқаролар учун виза олиш ниҳоятда қийин бўлган мамлакатлардан ҳисобланади. Нима учун? Суҳбатдошимиз Лондонда инглиз тилида нашр этилувчи Очиқ Марказий Осиё журнали муҳаррири Марат Аҳмеджанов.

Марат Аҳмеджанов: Хорижликларга Ўзбекистон визасини олиш доимо мураккаб бўлган. Бир муддат виза олиш осонроқ бўлган давр ҳам бўлди албатта. Ўшанда Ўзбекистон элчихоналари виза бериш ваколатига эга эдилар. Энди эса ўзбек томонидан таклифнома бўлиши шарт. Бунга илова Ташқи ишлар вазирлигининг рухсати берилган тақдирдагина чет эл фуқароси Ўзбекистон визасини олиши мумкин. Фақат Ташқи ишлар вазирлигигина рухсатнома бериш ваколатига эга. Жойлардаги Ўзбекистон элчихоналари эса қандайдир қарор олиш ҳуқуқига амалда эга эмаслар.

Би-би-си: Бу ҳолатни нима билан изоҳлаш мумкин?

Марат Аҳмеджанов: Бу бир томондан консул хизматлари ходимларига ишончсизлик ва иккинчи ёндан Ўзбекистонга келиб кетаётганларни назорат қилиш билан изоҳлаш мумкин. Ўзбекистонга келиши исталмаган хорижликлар рўйхати бор. Бу рўйхат хавфсизлик хизматларида сақланади. Айни рўйхатга киритилган шахслар Ўзбекистонга кириш имконига эмаслар. Бошқа ёндан виза олиш тартибини мураккаблаштириш ҳаракатларини Ўзбекистонда хавфсизликни кучайтириш истаги билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Би-би-си: Туризм соҳасига эътибор қаратилса, Ўзбекистон бу соҳадан улкан даромадлар олиш имконига эга мамлакатлар сирасига киради. Лекин, нима учун расмий Тошкент бундай имкониятдан фойдаланмайди?

Марат Аҳмеджанов: Юқорида айтганимдай, бу хавфсизлик муаммолари ва экстремист унсурларнинг Ўзбекистонга кириб келиши, исталмаган ахборотнинг тарқалишидан қўрқувга ҳамда четдан келувчи ҳар қандай нарсани назорат қилишни кучайтиришга боғлиқ.

Би-би-си: Лекин бугун глобаллашув даврида яшаяпмиз. Барча эшикларни ёпиб олган ҳолда ривожланиш имконсиз. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Муаммога қандай қилиб ечим топиш мумкин?

Марат Аҳмеджанов: Глобаллашув дунёнинг аксар давлатларида бораётган бўлиши мумкин, лекин Марказий Осиёдаги баъзи мамлакатлар аксинча, беркилиб олишаяпти ва ўзларини айниқса туризм соҳасидан четда тутишга ҳаракат қилишмоқда. Бу Араб давлатларида ва МДҲ давлатларида юз бераётган сўнгги ҳодисаларга боғлиқ. Четдан кираётган унсурлар мавжуд режимларни издан чиқариб юбориши мумкин, деган қўрқув бор. Виза олиш тартибини нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ҳам қийинлаштирган. Туркманистон бутунлай берк мамлакат десак бўлади. Минтақада фақат Қирғизистон ва Тожикистон очиқроқ давлатлар ҳисобланишади. Қирғизистон дунёнинг 28 мамлакати фуқароларига виза тартибини бекор қилган. Бошқа мамлакатлар фуқароларига ҳам виза олиш тартиблари соддалаштирилган. Бу Қирғизистонга келувчи сайёҳларнинг ортишига йўл очди. Лекин мамлакат тинчлигига хавф пайдо бўлгани йўқ. Бу ҳолат чет эл фуқароларидан қўрқиш амалда асоссиз ва бемаъни эканини кўрсатади.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукуматининг бу қўрқуви сизнингча яна қанча давом этиши мумкин?

Марат Аҳмеджанов: Бу ҳозирги ҳокимият қанча турса, шунча давом этиши мумкин, деб ўйлайман.