Би-би-си Ўзбек Хизмати веб-саҳифасига тўсиқни олиб ташлашга чақирди

  • 2 Апрел 2014

Би-би-си Жаҳон Хизмати бош директори Питер Ҳоррокс Ўзбекистон ҳукуматини BBCUzbek.com веб-сайтига қўйилган тўсиқни олиб ташлашга чақирди.

"Би-би-си Ўзбекистондаги тингловчиларини холис ва бетараф хабарлар билан таъминлаш ишига содиқдир ва Ўзбекистон расмийларидан Би-би-си Ўзбек хизматининг веб-сайтига тўсиқ қўйишни зудлик билан тўхтатишни сўрайди", дейилади корпорация баёнотида.

"Ойларки, Би-би-си Ўзбек хизматининг Интернет саҳифалари мамлакатда имконсиз бўлиб қолмоқда ва Ўзбекистондаги фойдаланувчилар веб-саҳифага нима учун кириб бўлмаётгани хусусида билишни исташади".

Би-би-си веб-саҳифага тўсиқ 2013 йил ноябридан бошлангани ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига мактуб ёзган, бироқ на жавоб ва на тушунтириш олган.

'Вазиятдан мутлақо бехабар'

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон расмийларининг муносабатини билиш учун аввалига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги "Жаҳон" хабар агентлигига боғланди.

Улар вазирликнинг матбуот хизматига мурожаат қилиши кераклигини айтишди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили эса, Би-би-си Ўзбек хизмати веб-саҳифаси очилмаётгани билан боғлиқ "вазиятдан мутлақо бехабар" экани, ўрганиб чиққанидан сўнггина жавоб беришини билдирди. Бироқ, келишилган вақтда қайта-қайта қилинган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

'Интернет душмани'

Ўзбекистонда тўсиққа учраган фақат Би-би-си сайти эмас, бошқа ўнлаб ғарб нашрларига ҳам кириш имконсиз қолмоқда.

"Чегара билмас мухбирлар ташкилоти"нинг 12 мартда чоп қилинган ҳисоботида Ўзбекистон яна "Интернет душманлари рўйхати"га киритилди.

Ташкилотнинг Оврўпо ва Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Бирга кўра, Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларида интернетдаги чеклашлар ва интернет устидан назорат йилдан-йилга кучайтирилаётгани ҳақиқатдир.

"Чегара билмас мухбирлар ташкилоти" йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда Интернетда фойдаланиш ва шубҳали сайтларни фильтрлаш учун махсус гуруҳ тузилган.

"Ўзбекистон рақамли тирания бўлиб қолаяпти, у ерда Ахборот ва Алоқа экспертлари комиссияси интернетни қаттиқ назорат қилади. Бу идора Вазирлар кенгашига бевосита ҳисобот беради ва ҳар қандай мустақил ва мухолифат манбаларининг маълумоти ман қилинишини таъминлайди", - деб айтганди "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Оврўпо ва Осиё бўлими раҳбари жаноб Бир.

Би-би-си ўқувчиларининг ёзишларича, ҳозир нафақат Би-би-си веб сайтига кириш иложсиз, шунингдек Озодлик, Фергана.ру, каби сайтларни ҳам очиб бўлмаяпти.

Март ойи бошида Ўзбек ҳукумати давлат идораларида хорижий электрон почталар ва интернет сайтларига киришни тақиқлаган, буни миллий манфаатларни ифодаловчи ахборотларнинг ташқарига сизиб чиқишининг олдини олиш дея изоҳлаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ