BBC navigation

Гулнора Каримова: 'Мени калтаклашди'

Сўнгги янгиланиш 25 март 2014 - 10:26 GMT

Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова яқингача Марказий Осиёдаги энг қудратли шахслардан бири эди.

Ўтган йили у “назардан қолди”, аммо интернетда бундан беш ҳафтача ҳам аввал анчайин фаол эди.

Бирданига Гулнора сукут қаърига чўмди.

Менга етиб келган узун бир мактуб тушкунлик ва аламзадалик билан суғорилган эди.

“Менга кескин руҳий босим ўтказишмоқда. Мени калтакладилар. Қўлимдаги калтак изларини санашингиз мумкин”, деб ёзади у.

Мактубда у ўзининг уй қамоғида ўтиргани, кундалик таҳдидлар, камера остида кузатувлар ва полиция назоратидан нолийди.

Бу мактубни менга Ўзбекистондан жўнатишди.

Ўзбекистон дунёнинг энг иҳоталанган ва тазйиқкор режимларидан бири.

Мактубни аноним шахс йўллаган ва ўзини “ адолатни тиклаш ҳаракатидаги шахс", дея таърифлаган.

Бу шахс айни мактуб сўнгги кунлар ичида ёзилгани ва унга яширинча олиб чиқиб берилганини айтади. Аммо тафсилотларни ошкор этмайди.

Мактубга имзо чекилмаган, аммо қўлёзма мутахассиси билан текширилганида айни хат Гулнора Каримовага тегишли экани англашилинади.

Каримова хоним диссидент эмас, у яқин – яқингача ўз отасининг вориси ўлароқ таърифланарди.

"Мен мамлакатда қонун устиворлиги таъминланган деб ўйлар эдим, қанчалар гўл бўлганман”, деб ёзади у.

Каримова хонимга тегишли деб ишонилган қўлёзма билан бу мактубни солиштирган мутахассисга кўра, айни нома муаллифи 75 фоиз Гулнора Каримова экани аниқланди.

"Аслият бўлмагани учун 100 фоиз ўхшашликни топиш имконсиздир, аммо икки қўлёзма муаллифи бир киши экани эҳтимоли жуда юқоридир”, дейди Исроиллик мутахассис Инесса Голдберг.

Бу мактуб Ўзбекистоннинг қудратли шахсларидан бири қандай қилиб пастга қулаши, режимнинг асосий вакиллари билан курашига доир айрим қоронғу қолаётган томонларни “ёритади”.

Бу кураш қарийб узлуксиз равишда Twitterда баён этилиб турди.

Бир пайтлар АҚШ дипломатик ёзишмаларида мамлакатдаги “энг нафратланилган шахс” ўлароқ таърифланган Каримова хоним ўз отаси назаридан тушаётгани, бунинг оқибати, бизнесларининг бирин кетин йўқ қилиниши, ТВ станцияларининг ёпилиши, ўз тарафдорларининг ҳибс қилиниши, хайрия фаолияти тўхталиши ҳақида Тwitter орқали дунёни огоҳ қилиб турди.

Гулноранинг империяси қулаб борар экан, у очиқчасига ўз отасининг хавфсизлик бўйича асосий одами бўлмиш Рустам Иноятовни “ҳокимиятни эгаллаб олишда” айблади.

Баъзида мен ва у бир-биримиз билан твиттерлашдик.

Медиа ва интернет кескин цензура қилинадиган мамлакатда унинг твитлари бу давлатда нималар бўлаётгани ҳақида мисли кўрилмаган очиқ бир ишораларни берарди.

Аммо 16 феврал куни унинг Twitter ҳисоби ишламай қолди.

Унинг сўнгги твити Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари Гулноранинг Тошкентдаги люкс хонадонига бостириб киришидан бир кун аввал битилганди.

Хавфсизлик ходимлари бу хонадонда бўлган бир неча шахсни ҳибс қилади.

Бундан бир неча ой ҳам ана шу ҳибсга олинганларга бирор бир ҳуқуқ-тартибот ходимининг қўл теккизиши тасаввурга сиғмайдиган ҳол эди.

Гулноранинг ушбу мактуби хавфсизлик ходимларининг бу амалиёти қандай кечгани ҳақида маълумот беради.

"Ҳаммасидан ёмони бунақа ҳолатда сиз инсон каби яшолмайсиз. Сизни камералар билан кузатиб боришади. Қуролланган шахслар атрофингизда... Асабларингиз чарчаган, депрессия...Махсус кучлар томингизда сакраб юришади. Нарсаларингиз ағдар-тўнтар қилинган. Деразалар, эшиклар синдирилган ва бундан ҳам баттари кўзлари боғланган шахсни судраб олиб чиқиб кетишади”, деб ёзади Гулнора.

“Кўзлари боғланган” шахс, афтидан, Рустам Мадумаровдир. У Каримованинг бизнес ҳамкори ва хабарларга кўра, йигити ҳамдир. Рустам ва унинг яна икки ҳамкорини ўша туни ҳибсга оладилар. Уларни солиқ сохтагарлиги, пулларни ноқонуний ўзлаштириш, хориж валютасига ноқонуний эгалик қилиш ва пул ювишда айблайдилар.

Узуқ-юлуқ, айрим пайт тушуниш қийиш бўлган бир тилда Каримова хоним сўнгги ҳафталарни тасвирлайди.

“Юзлаб, эҳтимолки, минглаб собиқ ходимлари ҳибсга қўрқитилгани ва ҳибсга олингани” ҳақида ёзади.

Гулнорага кўра, у ўзи “керак бўлмаган ҳақиқатларни” айта бошлагани учун жазоланмоқда.

Бу хонадонда телевизион йўқ, интернет йўқ, телефон йўқ, дейди Гулнора ва ўз қизи Имоннинг саломатлигидан хавотир билдиради.

Унга яқин бўлган Тошкентдаги манбага кўра, Гулнора ҳозир ўз қизи 16 ёшли Имон билан бирга уй қамоғида қолмоқда.

Бу манба ўзининг кимлигини ошкор этишни истамайди.

Унинг айтишича, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари Имонни кўргани келишган.

Имон Америка фуқаросидир.

Американинг Тошкентдаги элчихонаси ўз вакилларининг Имонни кўрган кўрмагани ҳақида ахборот беришдан бош тортдилар.

Аммо “ Ташқи ишлар вазирлигининг умумий сиёсатига кўра, бизнинг хориждаги Америка фуқаролари хавфсизлигини таъминлашдан кўра юксакроқ вазифамиз йўқ”, деб жавоб берди.

Мактубда Гулнора Каримова ўз онаси, синглиси ва отасининг айрим яқин иттифоқчиларига қарши турфа айбловларни илгари суради.

Уларни рэкетчилик, шантаж ва қийноққа солишларда айблайди.

"Бу каби Пиночет услубидаги жазолашлар сабаби мен миллионлаб инсонлар сукут сақлаб турган воқеалар хақида гапира бошладим”, деб ёзади Гулнора.

Аммо аксарият учун Гулнора Каримованинг ўз оиласи ва бошқаларга нисбатан бу каби ҳужуми иккиюзламачиликдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Чунки Гулнора мана шу режимнинг айримлар таърифида “танноз” вакиласи эди.

Унинг йирик бизнес империяси бор эди.

Мамлакатда танилган поп-қўшиқчига айланганди.

Мода ва санъат ҳомийси бўлди.

Хайриячилик қилди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги вакиласи бўлиб ишлади.

Мен айнан Гулнора Каримова номи билан рэкетчилик йўлини қўллаб бизнеси ва иши тортиб олинган бир неча ўзбекистонликлар билан суҳбатлашганман.

2012 йилда Швед журналистлари топган далилларга кўра, Швед-Фин телеком ширкати TeliaSonera 2008 йилда Ўзбекистон мобил бозорига кириш учун 300 миллион доллар пора берган экан.

Бу пуллар изи Гибралтарда рўйхатдан ўтган ширкат томон кетгани аниқланди.

Ширкатга 25 ёшли Гаяне Авакян соҳиблик қилиши айтилади.

Гаяне Гулнора Каримованинг фуқаровий турмуш ўртоғи ва поп-хонанда Рустам Мадумаров билан бирга 17 феврал куни ҳисбга олинган иккита аёл ёрдамчисидан биридир.

Ҳозирга келиб, бу – коррупция билан боғлиқ Швеция тарихидаги энг йирик ҳодисага айланди ва шу ҳафта душанба куни Гулнора Каримова расман гумондор, дея эълон қилинди.

Ҳозир ушбу жиноий иш доирасида олиб борилаётган тергов жараёнига қатор Оврўпо давлатлари ва АҚШдаги 10 та ширкат аралашган.

Икки ҳафта бурун швейцариялик масъуллар Каримова хонимга қарши ноқонуний пулларни ўзлаштириш айби бўйича жиноий иш очишганини ҳам эълон қилишганди.

Гулнора Каримованинг ўзи эса, доимо TeliaSonera ширкатига бирор бир алоқаси йўқлигини айтиб келади.

Ширкатнинг ўзи ҳам бирор бир қинғир иш қилмаганини таъкидлайди.

Гулнора эса, мактубида яна бир бор ўзига қарши олиб борилаётган кампанияга отасининг хавфсизлик хизмати раҳбари Иноятов бошчилик қилаётганини урғулайди.

“У ўзини қурбон ва отасини кимдир ўз йўлига солган инсон сифатида тасвирлайди”, - дейди Марказий Осиёдаги етакчи Ferghana.ru веб саҳифаси муҳаррири Даниил Кислов.

Кисловнинг ишонишича, қизини уй қамоғига ташлаш ва яқин дўстларини ҳибсга олиш буйруғини Каримовдан ўзга ҳеч ким бермаган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, Ўзбек раҳбари қизини қуюшқонга сиғмайдиган ҳаёт тарзи учун жазоламоқда.

“Ўтган 15 йил вақт Каримов халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, қамоқхоналардаги қийноқлар, давлат шифохоналаридаги мажбурия стерилизация ва пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланилаётганига оид танқидларига жиддий эътибор бермаслигини кўрсатди”, - дейди Даниил Кислов.

Кисловнинг иддао қилишича, Каримовни кўпроқ Гулноранинг ўғри барон каби репутацияси қизи муайян муддат ўз қўлига олгандек ҳам кўринган Ўзбекистоннинг хорижий сармоя жалб этиш имкониятларига етказган зиёни кўпроқ ташвишлантиради.

Кисловнинг тахминича, ҳибслар билан Каримов ўзбошимча қизи ва дунёга Ўзбекистонда бошқарув ҳануз ўз қўлида эканини айтмоқчи.

Оғир хаста эканига оид гап-сўзларга қарамай, 76 ёшли Каримов шу йил феврал ойида Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросими чоғида ҳушёр ва тетик кўринди. Қудратни ҳали-вери қўлдан берадиган одамдек ҳам кўринмади.

Бироқ Гулнорани тўрт девор орасига солиш қарори Каримовнинг ожизлигини кўрсатадими?

Бу аниқ бир нарсага далолат қиладики, у тап тортиб ўтирмайдиган ва жуда кўп нарсаларни биладиган қизи етказиши мумкин бўлган зиёндан ташвишда.

Аммо, Гулноранинг интернетга имконияти тўсиб қўйилгани билан, у ҳамон ўз овозини эшиттиришга муваффақ бўлаяпти.

Менга мактуб юбориши ортидан, у бошқа бир Ўзбекзабон оммавий-ахборот воситасига ҳам ўз хатини етказишга муваффақ бўлган.

Унда Гулнора отасидан хорижга бориб, тиббий муолажа олишига изн беришини сўрайди.

“Мен бу каби ҳодисалар ўзини замонавий ва ривожланган, дея тақдим этиб келувчи Ўзбекистондек давлатда юз бериши мумкин, дея ҳеч қачон ўйламагандим”, - дейди Гулнора менга ёзган мактубида.

“Лекин яқиндан ташланган назар менга у ерда кечаётган воқеаларнинг бор хунук қиёфасини кўрсатди. Мен аввал фикрларига қўшилмаган инсонларнинг сўзларига қулоқ тутиш билан эса, бу каби ҳолларнинг узоқ вақтдан буён давом этиб келаётганини англадим”.

Гарчи Каримова хонимнинг улар ҳақлари ҳимоячисига айланганига саноқли ўзбеклар ишонишса-да, бу хабар бошқа кўпларига ўхшашиб кетади.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.