BBC navigation

Ўзбекистонда қизлар бачадон найи саратонидан эмланади

Сўнгги янгиланиш 10 март 2014 - 14:12 GMT

Дунё аҳолисини иммунизациялаш билан шуғулланувчи "Гави" Альянси Уганда, Руанда ва Ўзбекистонда бир ярим миллион қизни бачадон найи саратонидан эмлаши ҳақида эълон қилган. Алъянснинг маълум қилишича, келгуси йилдан бошлаб мазкур уч мамлакатда бир ярим миллион қиз бачадон найи саратонига қарши эмланади. Бачадон найи саратони хасталиги дунёнинг йўқсил мамлакатларида кенг тарқалгани айтилади. Нима учун Руанда ва Уганда қатори Ўзбекистон ҳам танлаб олинди?Би-би-си айни савол билан Гави Алъянси ижроий директори муовини Хелен Эвансга боғланди.

Хелен Эванс: Габи Алъянси жамоатчилик ва хусусий шерикликка асосланган ташкилот ва эътиборини асосан эмлашда ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган дунёнинг йўқсил мамлакатларига ёрдам беришга қаратган. Мамлакатларнинг ўзлари эмлаш борасида Алъянсга ариза топширишади ва мутахассислар текширувидан кейингина қарор олинади. Руанда Уганда ва Ўзбекистон аризалари кўриб чиқилгач, бу мамлакатларда бачадон найи саратонига қарши эмлаш ишлари олиб боришга қарори олинди. Янги вакцина бачадон найи саратонига қарши жуда ҳам самарали иш беради.

Би-би-си: Бачадон найи саратони хасталигининг бошқа саратон касалликларидан фарқи нима? Нима учун унга қарши вакцинация қилинади?

Хелен Эванс: Бу вакцинация дунёнинг ривожланаётган давлатларида бачадон найи саратонига қарши олиб бораётган ишларнинг самарадорлигини оширади. Бачадон найи саратони аёллар орасида энг тез суръатларда ўсиб бораётган саратон ҳисобланади. Бу касаллик вирусдан пайдо булувчи ягона саратон туридир. Ундан дунё бўйлаб йилига тахминан 266 минг аёл вафот этади. Уларнинг 85 фоизи дунёнинг қашшоқ ўлкаларига тўғри келади. Аммо бизда ҳозир бу касалликнинг олдини 70 фоизга олишга қодир бўлган вакцина мавжуд. У балоғат ёшига етмаган қизларга қўлланади. Биз йўлга қўяётган янги барнома туфайли 2020 йилга қадар ярим миллионга қадар аёл ўлими бартараф этилади.

Би-би-си: Ҳелен, нима учун бачадон найи саратони қашшоқ ўлкаларда кенг тарқалган? Бунга сабаб нима?

Хелен Эванс: Мен қашшоқ ўлкаларда ривожланган давлатларга нисбатан кўпроқ тарқалмаган деган бўлардим. Лекин ривожланмаган давлатларда бачадон найи саратонини аниқлаш йўллари деярли йўқ ва уларни даволаш ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Ғарб ўлкаларида аёллар бачадон найи саратони бор-йўқлиги тез тез текшириб турилади. Йўқсил мамлакатларда тешкириш деярли бўлмагани учун талафотлар ҳам йўқори.

Би-би-си: Ўзбекистонда жамият анча анъанадор ва қизларнинг турмуш қурганга қадар жинсий алоқада бўлиши кенг тарқалмаган. Нима учун эмлаш ишлари айнан қизлар орасида олиб борилади?

Хелен Эванс: Бачадон найи саратонига қарши эмлаш ишлари қизларнинг жинсий ҳаётни бошлагунларига қадар амалга оширилса самаралироқ бўлиши аниқланган. Шунинг учун асосан балоғатга етмаган, ёшлари 9 ва 13 орасида бўлган қизларни эмлаймиз. Ўзбекистон мактабларида эмлаш дастури жуда яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун у ерда бачадон найига қарши эмлаш ишларини олиб бориш жуда осон кечади. Бачадон найи саратони Ўзбекистонда кўкрак саратонидан кейин энг кўп тарқалган саратон тури ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳар юз минг аёлдан тўққизтаси бачадон найи саратонига чалиниши аниқланган. Лекин янги вакциналар ушбу касалликни кескин қисқартиришига ишонамиз.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.