BBC navigation

'Ўзбекистон ва Қозоғистонда қотиллик содир этганлар Юқори чирчиқлик бўлган'

Сўнгги янгиланиш 9 март 2014 - 12:30 GMT

Қозоқ расмийларига кўра, аёллар Тошкент-Олма-Ота йўли четида ўлдирилганлар, қимматбаҳо буюмлари олиниб, жасадлар ташлаб кетилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расман хабар тарқатишича, 2011 йил охирида пойтахт Тошкент ва унинг атрофида, шунингдек, қўшни Қозоғистонда ваҳимали овозаларга сабаб бўлган қотилликларни содир этган шахслар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан бўлганлар.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг веб-сайтида икки шахснинг исми-шарифи эълон қилинган, бироқ уларнинг ёши ҳақидаги маълумот ошкор этилмаган.

Ўзбек прокуратурасига кўра, икки ўзбекистонликнинг 2011 йил ва 2012 йил орасида Ўзбекистон фуқароси бўлган олти аёлга нисбатан, Қозоғистон фуқароси бўлган беш нафар аёлга нисбатан жиноят содир этганлари тергов мобайнида аниқланган.

Ўзбек ҳуқуқ-тартиботчилари ашёвий далиллар топилгани ва ушбу ашёвий далиллар билан гумонланган икки шахснинг жиноятлари исботлангани ҳақида ҳисобот берганлар.

Прокуратурага кўра, икки Юқори чирчиқликка оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиш айбловлари илгари сурилган ва тергов ишлари ниҳоясига етган.

Жиноят ишининг Ўзбекистон Олий Судига юборилгани хабар қилинган.

Бир неча кун олдин эса "Ҳуқуқ" рўзномаси Ўзбекистон Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ахборотига таяниб, икки шахснинг умрбод қамоқ жазоларига ҳукм этгани ҳақида хабар тарқатган эди.

2011 йилнинг охирида Тошкент ва Тошкент атрофида сериал киллерлар пайдо бўлгани, қотиллар аёлларни ўлдириб, қурбонларга тегишли қимматли буюмларни олиб кетаётгани ҳақидаги овозалар тарқалган, бироқ Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари жамоатчиликни ушбу қотилликлардан бохабар этишни афзал кўрмаганлар.

Илк бор 2012 йил майида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида қотилликлар содир этган 26 ёшли икки Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Ҳибслар икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлариниинг ҳамкорлиги натижасида амалга оширилгани билдирилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги гумондаги шахслар Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида 2011 йилнинг март ойидан 2012 йил март ойигача қотилликларни содир этганлари ҳақида хабар тарқатган.

Қотиллар хусусий такси киракашлар сифатида ўз хизматларини таклиф қилганлар, икки аёл поезддан тушиб ўз уйларигача боргунча автомобил ичида бўғиб ўлдирилганлар, жасадлари йўл четига ташлаб кетилган.

Аёлларга тегишли буюмлар олинган.

Аёлларнинг қимматбаҳо буюмлари Тошкент шаҳри бозорларида пулланган, дейишган Қозоғистон расмийлари.

Жиноятчилик кўрсаткичини "яхшилаш" йўллари

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистон ва Қозоғистонда сериал қотилликларни содир этганлар қўлга олингани ҳақида ташкил қилган матбуот анжумани Қозоғистон жамиятида бу мамлакат Ички ишлар вазирлиги фаолиятидан норозиликларга ҳам сабаб бўлганди.

"Агар улар аёлларнинг жасади топилаётгани ҳақида ўз вақтида хабар беришганида хотин-қизлар шубҳали таксиларга ўтирмаган бўлишарди, ҳаётдан кўз юмган аёллар кам бўларди", деган фикрлар билдирилган.

Худди шу гапни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига нисбатан айтиш мумкин.

Ўзбек прокуратураси 11 жиноят содир этилгани ҳақида хабар қилмоқда.

Бундан олдин милиция 1 йилдан кўпроқ вақт мобайнида камида 14 аёл ўлдирилгани ҳақида расман хабар қилган.

Ўхшаш қотилликлар такрорланаётганидан жамоатчиликнинг огоҳ бўлиши инсонлар умрини сақлаб қолиши, жиноятчининг тез топилишига ёрдам берган бўларди.

Бироқ Ўзбекистон милицияси фаолиятини яхши биладиган кузатувчилар фикрича, ички ишлар бўлимлари "юқорига" яхши кўрсаткичлар тақдим этиш ва ўз ҳудудларида жиноятчилик камаяётгани ҳақидаги ҳисобот беришни афзал кўришади.

"Гумон қилинаётган шахслар такси ҳайдовчилари сифатида фаолият юритганлар. Улар ўз қурбонларини овлоқ жойларга олиб борганлар, нарсаларини талаганлар, жинсий зўрлаганлар ва кейин уларни ўлдирганлар", деб айтган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари зобити Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.