Профессор Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: ‘Коинотнинг сирлари чексиз’

  • 15 Март 2014

Педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов 1942 йил Жиззах вилояти Янгиобод тумани Баландчақир қишлоғида туғилган. У беш ёшидан айни қишлоқдаги Алишер Навоий номли ўрта мактабда, 15 ярим ёшидан Тошкент давлат педагогика институти Физика-математика факультетида таҳсил олган.

"Институтни 1963 йили аъло баҳоларга тугатдим ва Баландчақирдаги мактабга қайтиб бориб, 2 йил физика, математика ва астрономиядан дарс бердим. Кейин институтга чақиришди ва астономия соҳаси бўйича изланишлар олиб боришни таклиф қилишди", дейди олим.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов илмий фаолияти ана шундан сўнг бошланганини айтади. Аввалига Тошкент Астрономия институтида тадқиқотлар олиб боради, сўнг Ленинградга СССР Фанлар академияси қошидаги Астрономия обсерваториясига жўнатилади.

1971 йил "Қуёш доғларининг ярим соясида плазма ҳаракатининг нозик структураси" мавзусида илк илмий ишини ёқлайди. Бир неча йил ўтиб докторлик учун илмий ишини ҳимоя қилади.

Олим 1970 йиллар бошидан Тошкент давлат педагогика институтида, орада икки йил Тошкент давлат университети Астрономия кафедрасида (1988-1990 йиллар) фаолият олиб боради.

Ҳозирги кунда яна Тошкент давлат педагогика университети Физика-математика факультетига қайтиб, талабаларга сабоқ бермоқда.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов - физика ва астрономия оид дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар, илмий-оммабоп рисолалар ва мақолалар муаллифи. Унинг "Думли юлдузлар", "Танишинг юлдузлар", "Ер ҳаммамиз учун ягона уй", "Космик келгиндилар ва учар тарелкалар" деб қатор номланган китоблари босмадан чиққан.

"Бундан ташқари, ўрта мактаблар учун Астрономия курсини, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар шаклланганидан кейин уларга Астрономия дарслигини ёзиб берганман. Ҳозир шу бўйича ўқишади. Тошкент давлат педагогика университети учун ҳам "Умумий астрономия" курсини ёздим, "Космонавтика асослари" деган дарслигим бор. Булардан ташқари "Мактабда астрономия ўқитиш" деган китобим бор. "Улуғбек ва унинг расадхонаси" деган китобим чиққан... ва ҳоказолар", дейди олим.

Ҳозир профессор Муҳаммадазимов "Астрономия тарихи" деган китобини нашрга тайёрлаб қўйганини айтади.

Айни пайтда у ўзини глобал экологик муаммолар қизиқтиришини айтади. Олим бу борада ҳам қатор илмий рисолалар ва мақолалар ҳам ёзган.

Профессор Муҳаммадмусо Муҳаммадазимовнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Би-би-си: Бу галги Би-би-си меҳмони Ўзбекистондан таниқли астроном олим, профессор Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов бўладилар. Ассалому алайкум домла, дастуримизга хуш келибсиз.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Ваалайкум ассалом.

Би-би-си: Лондондан хат йўллаган тингловчиларимиздан бири: "Коинотдаги жисмларнинг пайдо бўлишига "Улкан портлаш", яъни кичик заррачалар булутининг улкан портлаши сабаб бўлган деган қараш мавжуд. Сиз ҳам бунга қўшиласизми?" деб сўраган.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Бизда коинотнинг портлаши ва унинг вазияти билан боғлиқ масалалари билан шуғулланадиган умумий астрономия курсимизнинг бир бўлими бор, космогония бўлими. У бўлим коинот қандай қилиб шаклланган, бошида қандай бўлган, ҳозир аҳволи қандай, эвалюцияси қандай кечади деган саволларга жавоб беради. Фанда ҳақиқатда ҳам шунақа портлашнинг далиллари бор. Бизнинг коинотнинг портлаш даври 20 миллиард йиллар олдинги даврга тўғри келади. Портлаш пайтида модданинг ҳолати ўта зич сингуляр ҳолатда бўлган деб қаралади. Ана шу қайноқ портлашдан сўнг дастлаб энг енгил заррачалар пайдо бўлади. Бу енгил заррачалар кейинчалик бирлашиб атомларни беради. Атомлар бирлашиб молекулаларни беради. Ва оқибат, бу молекуляр объектлардан осмон жисмлари шаклланади деб қаралади...

Би-би-си: "Баъзи олимларга кўра, Коинотимизни даҳшатли интиҳо кутаётган бўлиши мумкин. Улар коинотда "қора энергия" деб аталмиш сирли куч мавжудлиги ва ушбу куч алал-оқибат сайёрамизги парчалаб ташлаши мумкинлигини айтишади. Бу башоратларда қанчалар жон бор?" дейди тингловчиларимиздан бири.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Гап шундаки, коинотнинг эволюция билан боғлиқлиги ва бу эволюция туфайли бизнинг сайёрамизда қандай ҳолатлар кузатилиши мумкинлиги олимлар ўрганаётган масалалар ичида биринчилардан туради. Улар ерда ҳаётнинг пайдо бўлганига 3,5 миллиард йил, инсоннинг шаклланганига эса, 3,5 миллион йил бўлди, дейишади. Илмий қарашлар бўйича, ҳаёт пайдо бўлгач (микроорганизмлар), анча вақт - миллиард йиллар ўтганидан кейин ўша микроорганизмлардан эволюция туфайли одамнинг пайдо бўлишига олиб келган. Энди коинотдаги турли ҳодисалар, жараёнлар, унинг эволюцияси охир-оқибат ерда ҳаётни давом эттиришга йўл берадими йўқми деган савол туради. Ҳозир кузатилаётган экологик муаммоларимиз бор, эшитгансиз кўпларини, масалан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ катта муаммомиз бор иссиқхона эффекти билан боғлиқ, озон тешигининг пайдо бўлиши, демографик портлаш, ундан кейин учинчи жаҳон уруши хавфи деймиз, улар барчаси цивилизациямизга йирик таҳдиддир. Бироқ, коинотда табиий ҳолатда шундай хатарлар эҳтимоли борми, мана қора энергия деяпсиз ёки коинотнинг эволюцияси туфайли ерда ҳалокатли ҳодисалар юз бериши мумкинми деган масалада ҳам бизнинг бар талай фикрларимиз бор, албатта. Ерда ҳаётнинг пайдо бўлишига катта рол ўйнаган юлдузимиз - Қуёшнинг ўзи маълум вақтдан сўнг, тахминан 5 миллион йиллардан кейин ўзининг бутун энергиясини сарфлаб бўлгач реакция тўхтайди. Реакция тўхтатиши туфайли Қуёш ҳозирги ҳолатидан бошқа ҳолатга ўтади. Бошқача айтганда Қуёш катта кенгайишни вужудга келтиради. Бунинг бошқа планеталар, жумладан, Ерга ҳам катта ҳалокатли таъсири бўлади. Шунга кўра, илмий асосда тахминан 5 миллиард йиллардан кейин Қуёшнинг эволюцияси туфайли Ер ҳалокати рўй беради, деймиз. Энди бу 5 миллиард йил дегани жуда узоқ йил. 1 миллиардни кечаю кундуз санасангиз, ҳар секундда биттадан сон-да, тахминан 35 йилдан кейин шу санаб бўласиз. 8 соатлик иш вақтида деб санасангиз, бу тахминан 105 йил бўлади. Талабатларимиз: “Унда нима қиламиз?” деб сўрашган пайти, “Буни ҳали ўйламай қўя қолинг, бу вақт орасида цивилизацияларимиз учун бошқа кутилаётган ҳалокатлар бор. Булар антропоген – инсоннинг нотўғри фаолияти пайдо бўладиган ҳалокатлардир”, деймиз... Аслида ҳам шундай, қуёш системамиз атрофида қора ўралар йўқ, бизнинг галактикамизнинг қаъридаги қора ўралар яқин ўртада бизга катта халақит қиладиган ёки ҳаётимизга хавф соладиган жойлари йўқ.

Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган мухлисмиз эса: "Ассалому алайкум! Агар коинот кенгайиб галактикалар бир-биридан узоқлашаётган бўлса, унда галактикаларнинг бир-бири билан тўқнашиши нимадан?" деб сўраганлар.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Галактикалар бир-бирларидан ҳар хил масофаларда ётади. Бизнинг галактикаларимизга қўшни бўлган галактикалар бор. Улар маҳаллий галактика тўдаси дейилади. Маҳаллий галактикаларнинг диаметри бир неча минглаб ёруғлик йилига тенг бўлса ҳам, у орада катта бўшлиқ бўлиб, ана ундан кейин бошқа бир неча галактикалар тўдаси кузатилади. Уларнинг ҳаммаси динамик равишда ўзаро боғланган ва ўз марказлари атрофида айланишда давом қилади. Агар айланиш бўлмаса, бу галактикаларнинг бир-бирига қўшилиб кетиши хавфи бор, албатта. Ундан ташқари, маҳаллий галактикаларнинг катта бир тўдаси мавжуд. Уларни биз энди ўтагалактика деймиз. Кўз олдингизга келтираяпсизми, маҳаллий галактикаларда бир неча галактикалар бор экан, яна маҳаллий галактикаларнинг бир нечтаси қўшилиб, ўзаро динамик боғланиб, бир марказ атрофида айланиб, ўтагалактика деган катта бир системани юзага келтирар экан. Ўтагалактикадан каттаси - бизга кўриниб турган қисми, у метагалактика деб аталади. Метагалактикада шундай жойлар борки, масалан, қўшалоқ юлдуз деганимиз борку, улар бир-бирларига жуда яқинлашиб, бири қора ўра бўлса, шу қора ўра ёнидаги қўшни юлдузни ютади. Худди шундай галактикаларнинг ичида ҳам шунақа қўшалоқлари кузатилади. Ўзаро яқин, зич жойлашган галактикаларнинг ўзаро таъсири туфайли портлаши ёки қўшилиши ҳодисалари оддий қўшалоқ юлдузлардаги каби юз беради-да, бояги айтгандек, ҳодисалар бўлиши мумкин деб қаралади.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Махдумий сўраяптилар: "Муҳтарам Муҳаммадмусо ака, учар ликопчалар ҳақида китоб ёзган экансиз, ҳақиқатдан ҳам коинотда учар ликопчалар мавжудми?" Одилжоннинг иккинчи саволлари: "Космонавтика асослари" деган китобингизда биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов ҳақида маълумот борми?"

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: 1947 йилда америкалик Кеннета Арнольд деган бизнесмен бўлган, у Вашингтондаги қояли тоғлар устидан ўзининг шахсий самолётида учиб юрган пайти олдида 9та ялтироқ дискни кўрган. Улар на самолётга ва на ердан кўтарилган осмон жисмига ўхшайди-да, кейин у “булар бизники бўлмаса керак, коинотнинг қаъридан келган бошқа ақлли мавжудотларнинг кемалари бўлса керак” деган хаёл билан ёзиб қўйди. Бундан хабар топган кўпчилик учар тарелкаларга ишонадиган бўлиб қолди. Орқама-орқа ким осмонда нима кўрсаю нималигини англамаса, уни учар ликопчага йўйиб, алал-оқибат бу масала катта муаммога айланди. Энди бу масалалар ҳарбий ҳаво кучларига дахилдор-да, улардан сўрашди: “Бу нима?” деб сўрашди. Улар бундай жисмлардан бехабарликларини айтишаркан, олимлардан сўраш буюрилди. Шундан сўнг, олимларимиз мажбур бўлишди, жамоатчиликнинг талабига кўра, Колородо университетининг бир гуруҳ профессорлари коинотда ақлли мавжудотлар бор-йўқлиги масалани аниқлашга киришишди. Киришганда ҳам, жуда қаттиқ киришишди, “кўк дафтар” деган махсус дафтарни очишди. Ҳамма матбуотга чиққан мақолаларнинг муаллифларини чақириб, улар билан суҳбат қиладиган бўлишди. Анча одам келди, кўплар келмай кетди. Хуллас, улардан сўралган пайтида битта ҳам ҳодиса тасдиқланмади. Баъзилар жамоатчилик эътиборини тортиш учун қилганини, айримлар пул ишламоқчи бўлганлирини, яна бирлари ҳазиллашгандек, одамларни ажаблантирмоқчи бўлдик қабилида жавоб қайтаришди. Бу жараёнда учар ликопчалар билан боғлиқ анча-мунча сирлар ҳам очилди. Мазкур мақолалар коррупция билан ҳам боғлиқлиги аниқланди. Кейин “кўк дафтар” ёпилди ва бу масалада эҳтиёткор бўлиш талаби қўйилди. Ўшандан бери ҳам олимларнинг кўплари бу ҳақда мақолалар, китоблар ёзишди. Хулоса қилиб, учар тарелкалар ўзи йўқлиги, ерда кузатилмайди”, дейишди. Дарвоқеъ ҳам шундай, бошқа бир мисол келтирсам агар, бизга энг яқин бир юлдуз бор. Оти Проксима, таржима қилганда энг яқин деган маънони беради. У Центавр юлдузлар туркумида туради. Масофаси тахминан 4,3 ёруғлик йилига тенг. Шундан агар бизга бир сигнални юборса ёки аппаратни ўзи юборса, қанча вақтда келар экан, деган ҳисоб китобларни қилди олимлар. Ёруғлик тезлигининг ўндан бирига ҳисоблашди, яъни бу бир лаҳзада 30 минг километр деганидир. Бу тезликка эришиш учун у ракетанинг двигатели бутун дунёда ишлаб чиқариладиган энергиядан тахминан 100 минг марта ортиқ қувват билан салкам бир, бир ярим йилгача ишлаши керак экан. Тахминан 45-50 йилда келади-да, бу ёққа. 50 йилда қайтиб борса, 100 йил бўлади. Шу илмий ҳисоб-китобларга кўра айтадиган бўлсак, қоинотдан ақлли мавжудаотларнинг бизга қадар келишига ҳали ишончимиз йўқ. Албатта, биз уларни қидирамиз, кўп вақтлардан бери қидирамиз, лекин топишнинг ўзи ҳам амримаҳол. Қуёш системамизнинг ўзида, масалан, Марсда, бошқа жойларда ҳаётнинг йўқлиги турли тадқиқотлар натижаларига кўра аниқланган. Ҳали биз микроорганизмларнигина қидирамиз, Марсда ёки Ойда. Йирик жониворлар тўғрисида гап йўқ. Ақлли мавжудотлар борасида эса, умуман, гап йўқ. Учар тарелкаларни кўрдим деганлар бошқа нарсаларни кўрганларига ишончимиз комил. Космик келгиндилар ва ё ақлли мавжудотларнинг келиши ҳақидаги гап бўлмағур гап деб қаралади фанда. Ҳақиқатда ҳам шундай. Иккинчи саволингизга келсак, Солижон Шарипов талантли йигит, бир неча бор космосга учди. У билан бир марта кўришганман Москвада. Китоб космосга учиш механизмлари ҳақида бўлгани учун у ҳақда маълумот йўқ.

Би-би-си: "Ассалому алайкум домла" Сиз билан суҳбатлашиш имконияти туғилганидан беҳад хурсандман", деб ёзади ўзини Наманган вилояти Чуст тумани Варзик шаҳарчасидаги коллеж собиқ физика-астрономия ўқитувчиси Ш. Ботиров деб таништирган тингловчимиз. "Менимча, мамлакатимизда астрономия соҳасига эътибор пасайганга ўхшайди. Мактаб, коллеж ва академик лицейлардаги дарс соатларини қисқартиришни назарда тутяпман. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Бугунги айнан астрономия фани ўқитувчиларимизнинг билим даражасини қандай баҳолаган бўлардингиз? Наврўзингиз қутлуғ бўлсин!"

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Бу масала билан яқиндан танишман. Чунки, ўзим методистман, университетда дарс бераман. Кўп малака оширишга келган ўқитувчилар билан суҳбатда бўламиз. Кейинги пайтда физика билан астрономияни қўшишган. Астрономия соҳасининг ҳозирги пайтда ривожланганини, космос, астрофизиканинг ютуқларини кўпчилик англамаслигидан бўлса керак, дейман-да. Энди астрономларимизнинг ҳам ўқитиш масаласини ҳам кузатиб юрибман. Бир соатлик дарси бор-да, бир ҳафтада, шунинг учун ҳам, қийнайдиган саволлари жуда кўп бўлади, масалан, астрология ҳақида... Экстрасенслар аралашган бизнинг ишимизга, ўзларича ўзларини мақтаб юришади. Шунга кўра астрономия курси жуда катта дунёқараш аспектига эга. Баъзан шу масалаларда билимнинг юқори эмаслигининг бизга зарар қиладиган жойлари бор. Масалан, ўқувчиларнинг дунёқараши, айрим масалаларга илмий ёндашиши дегандек... Физика ва астрономияни қўшиб ўқитиш тажрибаси Бўлғористонда, Россияда ҳам кузатилди. Кейин ажратилди. Россиядаги олимларнинг бу ишнинг фойдаси йўқ деган маънода мақолалари ҳам чиқди. Менинг назаримда ҳам, ажратиб ўқитилгани маъқул.

Би-би-си: "Ассалому алайкум ҳурматли профессор Мухаммадмусо Муҳаммадазимов, менинг саволим шундан иборатки, сиз куп йиллик илмий изланишларингизда (яна айнан астраномия илмида) Аллоҳ субханаху таъолонинг мўъжизаларини ва қудратини ҳис қила олдингизми ёки кўра олдингизми- агар бўлса қайсилари?”деб ёзган Акрам исмли ўқувчиларимиздан бири.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Аксарият ҳолларда диннинг, ўзимизнинг Ислом дини, катта ютуқлари ёшларни тарбиялашда тутган ўрнини мақтаймиз, катта мутахассислар, билимдон кишилар борлигини эътироф этамиз. Лекин, фанда илмий қарашлар бўлгандан кейин муроса боролмай қоладиган жойларимих кўп бўлади. Шулардан бири, шу масала. Бевосита унинг бор йўқлиги масаласида тўғридан-тўғри жавоб беролмаймиз. Лекин, фан бундай дейди, дин бундай дейди, дея фанни айтганини ҳар доим асослаб берамиз. Юлдузлар ҳақидаги гапми ёки башоратлар ҳақидаги гапми, бошқа масалаларми... Боя ман айтдим, “оламнинг пайдо бўлиши бошида қайноқ портлашдан бошланган, бунга асосларимиз бор”, дедимку. Портлаш даврига қадар борганда секунднинг улушларига қадар бўлган жараёнларнинг ҳаммасини ҳисоб-китоблари бор, математик ҳисобимиз ҳам, физик ҳисобимиз ҳам бор. Худди шундай, бошқа масалаларда ҳам илмий асосларимиз жуда кўп. Масалан, космик келгиндилар, оламнинг кўплиги масаласи. Тўғри келган жойлар бор, масалан, оламнинг кўплиги ҳақида... Энди муросага боролмайдиган жойларимиз ҳам бор.

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад: "Муҳтарам Муҳаммадмусо ака, мен шахсан молия соҳасида ишлайман (Молия вазирлиги), йилдан йилга ижтимоий соҳаларни молиялаштириш, яъни соғликни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият соҳаларини қисқартириш ҳисобига (йиллик 10% камайтириш) бюджет танқислиги олди олинмоқда. (Буни шахсан гувоҳи бўлиб турибман). Айтингчи, бу кетишда биз келажакда ўзбек илм-фанида бирор бир "портлаш" ёки яқин 10 йилликда ёш авлодни илм-фан чўққилари билан тарбиялашдек маъсулиятли ишларни бажара оламизми?" дея сўраганлар.

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Жон Далтон деган бир олим: “Мактаб нондан кейин энг азиз нарса”, дейди. Ундан кейин Виктор Хюго, академик Дмитрий Лихачев деган олимларимиз: “Бизнинг келажагимиз мактаб ўқитувчиларининг қўлида”, деди. Буларнинг айтган гапларида ҳеч камчилик йўқ. Энди бизда илм-фанга давлат ажратадиган бюджетларидан, хусусан дейлик, воситаларини шакллантириш, қурилиш ишлари, академик лицейлар қуриш масаласида камчилигимиз йўқ. Айниқса, охирги йилларда бу масалаларда катта эътибор билан қараляпти. Лекин, айрим масалаларда мутахассисларнинг компетент эмаслигидан бўлса керак, деб ўйлайман, қоғозбозлик каби ишлар бироз сезилади, кўпайиб кетган. Буларга шу маҳаллий ходим, шу соҳа раҳбарлари, мутахассисларнинг компетент эмаслиги сабаб бўлса керак-да. Субъектив, объектив сабаблари бор, деймиз-да. Буларни энди олдини олиш қийинроқ бўляптими, ким билади, дейсиз. Лекин, аслида молия камаётганини унча қаттиқ сезаётганимиз йўқ. Ақлли, компетент кадрлар бўлса, уларни ушлаб қолиш масалалари яхши йўлга қўйилган, деб қарайман. Давлат томонидан қилинаётган ҳаракат катта, деймиз-да...

Би-би-си: Торонтодан Ёғду номи билан хат йўллаган тингловчимиз: "Космосда ҳам тун бўладими ёки у ерда ҳар доим қуёшли кунми? Тушунтириброқ гапириб берсангиз. Жавобингиз учун раҳмат", деб сўраганлар.

Би-би-си: Космосда тун ёки ҳар доим ёруғ бўлишининг сабаби, космос деганимизнинг чегараси йўқ, жуда узоққа кетади. Масалан, биз қуёш системамиздан чиқиб кетиб, бошқа юлдузга томон йўл солсангиз,масалан, охирги планета Нептунларга борсангиз, қуёшнинг ёруғлиги тахминан 4,5 соатларда боради. Қуёшнинг ўзини диаметри ҳам жуда кичрайиб қолади. Иссиғи деярли йўқ, у Нептунларда ҳарорат минус 200 градусдан пастда туради. Қуёш системасидан чиқиб, сал нарироққа борсангиз, бизнинг қуёш битта юлдузча бўлиб қолади. Тасаввур қилинг, агар бошқа биронта юлдузнинг атрофидаги планеталарда бизга ўхшаган ақлли мавжудотлар бўлсаю, қуёшга қараганда уни юлдузларни ичидан ажратиб турадиган жойи йўқ. Космосни ўзини яхши тушунмасликдан келиб чиққан савол-да бу. Қайси юлдузнинг олдига борсангиз, сизга ўша катта қуёшга ўхшаб кўринади, узоқдагиларнинг ҳаммаси юлдузга ўхшаб кўринаверади... Ҳозир қуёшга ўхшаган юлдузлар ўзи қанақалиги экан деган саволга қизиқиб, тахминан 500га яқин ўхшаш юлдузлар рўйхатга олинди. Чунки, худди қуёшга ўхшаган юлдузлар атрофидагина бизникидек ҳаёт шаклланиши мумкин. Энди шуни атрофида планеталар бормикан-йўқмикан, деган биринчи савол туғилади. Уни топсак, ундан кейин энди ерга ўхшаган планета бормикан-йўқмикан, деб қидирамиз. Учинчиси, бу планетанинг ўқи қандай жойлашган экан, кейин микроорганизмларнинг ўсиши учун қандай шароитлар борлигини аниқлаймиз. Ундан сўнг бу ақлли мавжудотлар даражасига чиқа оладими йўқми деган эҳтимоллар устида бош қотирилади. Кейин ақлли мавжудотлар борми-йўқлиги борасида бир қарорга келинади.

Би-би-си: Домла, қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат!

Муҳаммадмусо Муҳаммадазимов: Саломат бўлинг!

Бу мавзуда батафсилроқ