Ўзбекистон: хорижий электрон почта ишончли эмас!

  • 7 Март 2014

Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида давлат идораси ходимларига маълумотларни алмашиш учун хорижий электрон почталардан фойдаланиш тақиқланган.

Бу ҳақда Бухоро давлат алоқа хизмати вакили Жамшид Худоёров Миллий Ахборот агентлигига берган интервюсида айтган.

Алоқа хизмати расмийсига кўра, бундай қарорга келинишига сабаб, миллий манфаатлар учун муҳим бўлган маълумотларнинг ташқарига сизиб чиқишининг олдини олишдир.

Шу боисдан, иш жойларида электрон почта ва ижтимоий тармоқлар орқали давлат ишига алоқадор хабарларни алмашиш тақиқланади. Шунингдек, янги тартибга биноан давлат идораларида интернетдан шахсий мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

Иш жойида кириш тақиқланган ижтимоий тармоқлар ўрнига миллий электрон почта ва ижтимоий тармоқлар хизмат кўрсатади.

Хабарда айтилишича, ишга талуқли ҳужжатлар ва маълумот алмашинув фақат ҳимояланган миллий тармоқлар ва расмий электрон почталар орқали амалга оширилиши керак.

Айни пайтда давлат идоралари ва ташкилотларида маълумотнинг ҳақиқийлигини, дахлсизлигини кафолайдиган электрон имзо жорий қилингани айтилади.

Унга кўра, ҳокимият қошидаги компютерлаштириш маркази билан ҳамкорликда шаҳар ва туман ҳокимиятларида, тегишли бошқарма ва ташкилотларда махсус дастурлар ўрнатилган.

Бухорода жорий қилинаётган тартибга муносабат билдирган пойтахтдаги ҳукумат газетаси журналистининг сўзларига кўра, иш жойида интернетга киришни тақиқлаш ва миллий электрон почталардан фойдаланишни талаб қилиш маълумот алмашинувни ҳимоя қилмайди.

"Бу аслида янгилик ҳам эмас. Аксинча бу миллий хавфсизлик хизматларининг аввал яширинча олиб борган фаолиятларини энди қонун орқали ошкора олиб боришларини таъминлаб берибди холос", дейди у.

"Шундоқ ҳам компютерларимиз, айниқса биз журналистларнинг ишхонадаги ёзишмаларимиз назоратда. Телефонимиз назоратда. Шундоқ бўлса ҳам интернетга кирсак уйдан, телефон орқали кирамиз. Фейсбукда фаолроқ бўлиб, воқеаларга бир-икки муносабат билдириб балога қолганлар ҳам бўлди яқинда. Раҳбарият эҳтиёт бўлиб ёзишни сўради. Ишхонада кўпчиликнинг ижтимоий тармоқларда аккаунти бор, лекин аксарият атрофдаги воқеаларни жимгина кузатишни мақул билади", дейди янги тартиб ҳақида фикр билдирган тошкентлик журналист.

Тошкентдаги туман маориф бўлимида ишловчи ходим ҳам бундай ҳолат янги эмаслигини айтади. Қашқадарё ирригация институти талабаси деканатдаги компютердан фойдаланиш фақат назорат остида мумкинлигини билдиради.

Бундан олдин Ўзбекистонда Фейсбук ва Твиттерга муқобил ижтимоий тармоқ турлари тузилгани хабар қилинган эди.

Яқин Шарқ мамлакатларидаги, Украинадаги сўнгги ҳодисалар шубҳасиз интернет, хусусан ижтимоий тармоқ сайтларига диққат-эътиборни янада кучайтирди.

Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилар ҳам ижтимоий тармоқларда фаоллашиб, дунёдаги воқеаларга ўз муносабатларини билдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бундай ҳолатда тузум интернет назоратини тобора кучайтиришнинг турли йўлларини излаши табиий.