Абдували қори Мирзаев "Жиҳод" деб номланган ташкилот раҳбари бўлганми?

  • 5 Март 2014

Ўзбек матбуоти хабар тарқатишича, таниқли андижонлик имом Абдували қори Мирзаев "Жиҳод" деб номланган диний-экстремистик ташкилотнинг раҳбари бўлган.

"Ташкентская правда" рўзномаси бундан бир йил олдин бўлиб ўтган маҳкама ҳақида хабар тарқатишга қарор қилган.

Бу хабарда айтилишича, Тошкент вилоятидаги Ўрта Чирчиқ туман маҳкамаси 2013 йилнинг 12 мартида бир неча кишини "Жиҳод" ҳаракатига аъзоликда айблаб қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Маҳкама ҳужжатларида 29 ва ундан кўп киши "Жиҳод" диний-экстремистик ҳаракатининг аъзолари деб кўрилгани ҳақида ёзилади хабарларда.

"Ушбу ноқонуний жамият раҳбари Тўлқин Неъматов 1994 йилда Тошкентдаги "Чорсу" бозори яқинидаги масжид олдида "Жиҳод" ҳаракатининг раҳбари Абдували Мирзаевнинг ўғли ва гуруҳ аъзоси Абдуқуддус Мирзаев билан танишган. Ўшандан бошлаб улар Тўйтепада махфий учрашувлар ўтказа бошлаганлар", деб ёзади 12news.uz веб-сайти.

Бу йиғилишларда гўёки "жиҳод" ҳақида гапирилган.

"Бундай гуруҳларни ҳамма шаҳар ва туманларда ташкил қилиш, охир-оқибатда ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида террорчилик хуружларини амалга ошириш зарурлиги айтилган", деб ёзган "Ташкентская правда" рўзномаси.

Бутун Марказий Осиёда тан олинган, энг нуфузли уламолардан бири бўлган Абдували қори Мирзаев 1995 йилда ғойиб бўлган.

У ва бир неча ҳамроҳи август ойининг охирида Москвадаги конференцияга йўл олган ва Тошкент аэропортида текширувдан ўтганидан кейин ғойиб бўлганлар.

Таниқли имомнинг номи Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталаридан кейин бўлиб ўтган кўплаб сондаги ноқонуний диний ташкилотларга алоқадорлик айбловлари илгари сурилган маҳкамаларда тилга олинган, у "Ваҳҳобийлик" оқимининг руҳоний раҳбари сифатида тақдим қилинган.

Отаси ғойиб бўлганидан кейин топишга роса ҳаракат қилган Абдулқуддус Мирзаев 2007 йил сентябрида Саудия Арабистонига Умра зиёратига борган пайтида онаси ва ўғли билан бирга автоҳалокатда вафот этганлар.

2006 йилгача Абдулқуддус Мирзаев Ўзбекистонда яшаган ва унга қарши жиноят иши қўзғатилгани маълум эмас.

Фақат бир марта Андижон милицияси уни ушлаган ва қўйиб юборган.

Шундан кейин Абдулқуддус Мирзаев Қирғизистонда яшаган.

Бундан 20 йил олдин Ўзбекистонда "Жиҳод" деб номланган гуруҳ бўлганми?

Абдували қори Мирзаевдан диний таҳсил олган, ҳозир Швецияда муҳожиротда истиқомат қиладиган собиқ имом Муҳаммадсолиҳ Абутов бундай ташкилот бўлганини инкор этади, янги айбловни Ўзбекистон ҳукуматининг навбатдаги сохталаштирилган жиноят иши дейди.

Бу мавзуда батафсилроқ