BBC navigation

"Гулнора Каримованинг мавқеи ўта заифлашган"

Сўнгги янгиланиш 18 феврал 2014 - 13:08 GMT

Хабар қилинишича, Гулнора Каримовага яқин шахслар - Рустам Мадумаров, Гайане Авакян ва Екатерина Клюева ҳамон Ўзбекистон прокуратурасида қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси кеча "Terra group" "Prime Media" ва "Gamma promotion" масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш доирасида ушбу уч шахс бу ерга босинг мажбуран суриштирувга олиб келингани ҳақида ўз вебсайтида маълум қилган эди.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳозирга қадар сўнгги ҳодисалар юзасидан Твиттерда бирон-бир шарҳ бергани йўқ.

Унга энг яқин экани айтилган шахсларнинг мажбуран терговга олиб келиниши эса, Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриб келинган Гулнора Каримовага қарши навбатдаги зарба сифатида талқин қилинмоқда.

Хўш, сўнгги воқеалар нимани англатади? Суҳбатдлошимиз Олма отадан таҳлилчи Жоанна Лиллис.

Жоанна Лиллис: Агар хабарлар тасдиқланса, буни Гулнора Каримовага шахсига қарши ҳужумдан бошқа нарса деб талқин қилиш қийин. Бу Президент қизининг мавқейи қанчалик заифлигини кўрсатади. Афтидан, сўнгги ойларда бир томондан оиласи - онаси ва синглиси, иккинчи томондан эса, қудратли махсус хизматларга қарши Твиттерда уруш олиб бораётган Гулнора Каримованинг имкониятлари жуда ҳам чекланган.

Би-би-си: Гулнора Каримованинг атрофидаги одамларга қарши пул ювиш ва бошқа иддаолар анчадан буён мавжуд. Нима учун улар айнан ҳозир терговга олиб келинаяпти?

Жоанна Лиллис: Менимча, бунинг вақти жуда қизиқ. Гулнора Каримованинг ташкилот ва одамларига қарши ҳаракатлар ўтган йил кузида бошланди ва йил охирига томон авжига чиқди. Янги йилда эса ҳаммаси бир қадар тинчиб қолгандек бўлди. Назаримда, ҳуқуқ-тартибот идоралари Каримовага энг яқин одамларни олиш учун қандайдир пайт пойлаганга ўхшайдилар. Аммо нима учун айнан ҳозирда бунинг фурсати етди ва бу тергов яна нималарга олиб боришини башорат қилиш қийин. Қизиғи, Гулнора Каримованинг ўзи ҳам Твиттерда аввалгидек жар солаётгани йўқ, сукут сақлаяпти.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримованинг мавқеи заифлаган, дедингиз. Бу айримлар тахмин қилаётгани каби Президент Каримовнинг ҳам мавқейи заифлаганини англатадими, сизнинг-ча?

Жоанна Лиллис: Бу жуда қизиқ савол. Умумун, бу можаро бошланганидан буён унинг ортида Президент Каримовнинг ўзи турибдими ёки унинг ҳокимиятига зарба бериш ниятида бўлган бошқа кучларми, деган савол атрофида турли фаразлар айтиб келинмоқда. Ташқаридан бу ҳақда аниқ бир нарса айтиш қийин. Аммо Гулнора Каримовага қарши ҳаракатлар, унга яқин одамларга қарши илгари сурилаётган айблар, албатта, алал-оқибат Президент Каримовнинг мавқейига путур етказади. Чунки, пировардида у Президентнинг қизи ва унинг оила-аъзолари айбланмоқда. Модомики, Президентнинг мавқейини кучсизлантирар экан, нима учун Каримов бу ҳаракатларни қўллаб-қувватласин, деган савол ҳақли пайдо бўлади. Аммо ҳали айтганимдек, ташқаридан туриб, бу ҳақда қатъий хулоса чиқариш мушкул.

Би-би-си: Ўзбекистон Бош прокуратураси кечаги хабарида бунинг бир жиноят иши эканига урғу берган бўлса-да, Гулнора Каримованинг ўзи бутун бу можарони қартайиб қолган отасининг ҳокимияти учун кураш сифатида тақдим этишга уринаяпти. Сизнингча ҳам бу ҳокимият учун курашми?

Жоанна Лиллис: Гулнора Каримова ўзининг кўпгина муаммолари ортида СНБ тургани, махсус хизматларнинг ниҳоий мақсади эса ҳокимиятни босиб олиш эканини очиқ-ойдин айтди. Шубҳасиз, Миллий Хавфсизлик Хизматининг раиси Рустам Иноятов Ўзбекистондаги энг қудратли шахслардан. Гулнора Каримова сингари қудратли шахсга қарши шахсий ҳужум уюштириш Иноятовдан бошқа одамнинг қўлидан келмайди. Бу қайсидир даражада ҳокимият учун кураш албатта.

Би-би-си: Аммо баъзи одамлар бунинг шунчаки, Швейцария банкларидаги музлатилган пулларни қайтариб олиш мақсадида уюштирилган томоша эканига ишонишади. Бу фараз қанчалик тўғри, деб ўйлайсиз?

Жоанна Лиллис: Ҳа, бу фараз айниқса, ижтимоий тармоқ сайтларида энг кенг тарқалган фарзалардан биттаси. Аммо мен бунга шубҳа қиламан. Чунки бу каби ўйин Ўзбекистондаги мавжуд тузум учун жуда ҳам хавфли бўлган бўлур эди. Қолаверса, Гулнора Каримованинг атрофидаги бир-иккита одамларни терговга чақиргандан кейин Швейцария расмийлари ўз банкларидаги музлатилган миллионлаб маблағларни Ўзбекистон ҳукуматига топшириб қўйишларига ишониш учун ҳеч қандай асосимиз йўқ. Менинг назаримда бу ҳукумат томонидан уюштирилган қандайдир ўйин эмас, балки ҳокимият учун ҳаққоний курашдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.