Толибоннинг қадами Сурияга ҳам етдими?

  • 12 Феврал 2014
  • изоҳлар

Агар, Толибон масалалари бўйича етакчи экспертнинг таҳлилига таянилса, худди шундай.

Таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургутга кўра, айнан мафкуравий ҳаракат экани боис, Толибон ҳаракати бугун Покистон ва Афғонистон қолиб, Марказий Осиё, Қофқоз ва Яқин Шарқ қадар бутун Ислом дунёсига кириб борган:

Толибон бу – мафкуравий ҳаракат. Унинг асосини “Салафийлик” ғояси ташкил этади. Худди шу сабабдан ҳам, бу - Покистон ва Афғонистон билан чекланмай, бутун Ислом дунёсига ёйилиб кетган ҳаракатдир. Фақат марказигина Покистон ва Афғонистон ўртасида”, - дейди асли афғонистонлик бўлган таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургут.

Унинг айтишича, худди шу сабабдан ҳам, Қофқозда бўлсин ва ё Яқин Шарқда, бугун бошқа исломий мамлакатларда ҳам Толибон ҳаракатининг муаяйн шаклдаги тармоқларини кўриш мумкин.

Яхши ташкиллашган ҳаракат. Уларнинг бошқа жойлардаги тармоқлари ҳам ўша давлатлар учун кўп таҳдиддир. Фикр қилингки, бу – Марказий Осиё ёки ҳар қандай мусулмон давлати мисолида бўлсин, уларни анъанавий Исломга зид бир ҳаракат, деб кўриш мумкин”, - дейди Толибон масалалари бўйича етакчи таҳлилчи.

Худди шу омилдан келиб чиқиб, таҳлилчи биз билан суҳбатида сўнгги йилларда Толибон ҳаракатининг кучланишини минтақада "Салафийлик" оқимининг фаоллашгани билан боғлайди.

Энг аввало минтақада фундаментализм ёки радикал Ислом, айниқса, “Салафийлик” оқими анча фаоллашганига эътибор қаратиш лозим. “Салафийлик” ҳақида сўз кетаркан, бир нарсани ёддан чиқармаслик керак: Айнан ана шу оқим ғояларидан келиб чиқиб, толиблар Покистон ҳукуматини асл Исломий тизимда бўлмаганини иддао этиб боришаяпти. Айни дамда Афғонистондаги ҳаракатдошлари ҳам афғон ҳукуматини ғайримусулмон бўлганлар билан ҳамкорлик қилишда айблаб келишади”, - дейди таҳлилчи.

Назоратдан чиқиб бўлган

Таҳлилчининг наздида Толибон ҳаракати Совуқ уруши тугаши ва “Ал-Қоида” тармоғи ўртага чиққан 90-йиллар ўрталарига келиб, аста-секинлик билан Покистоннинг назоратидан чиқиб бўлган.

Ҳаракатнинг ўзига эса, 90-йиллар бошларида, Шўро қўшинлари Афғонистонни тарк этишлари ортидан Покистон шимолида асос солинган.

Покистоннинг шимоли ва Афғонистоннинг жанубида Толибон ҳаракати билан жуда яқин алоқада бўлган қавмлар, мадрасалар борки, улар буткул Покистон ҳукуматининг назорати остида эмас”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимиз Толибон муаммоси ҳақида сўз кетганда, айнан Покистон шимолидаги мадрасаларнинг таъсири жуда катта эканини назардан қочирмаслик лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

Толибларнинг бу мадрасаларда жиддий кучлари бўлиши тайин. Улар инсонлар, ҳатто, кичик ёшдаги болаларни худкуш ҳужумчиликка ташвиқ этишади. Ҳозир ҳам Афғонистон ва Покистонда болалар жуда кичик ёшдан мадрасаларга боришади. Мадрасаларда улар нафақат диний таҳсил олишади, ҳатто, жангари ҳам бўлиб етишишади. Агар, шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу – ёлғиз Покистон ёки Афғонистон билан чекланмайди. Мана, ҳозир айрим Марказий Осиё давлатларидан бориб, Сурияда урушаётган одамларни ҳам кўриб турибмиз. Умуман олганда, улар Покистон шимолидаги ана шу мадрасаларнинг маҳсулидир. Худди ана шу воқеаларнинг манзарасида Толибоннинг қудрати, бугун нималарга қодир экани ҳам аён бўлади”, - дейди суҳбатдошимиз.

Таҳлилчига кўра, ҳаракатнинг ягона марказдан туриб бошқарилмаслиги ва турли гуруҳлардан ташкил топгани назарда тутилса, қандай кўринишда бўлмасин, биргина тинчлик музокараларининг ўзи Толибон муаммосининг ечими бўла олмайди.

Айни ўринда сўз дунёқарашлари, Исломни тушунишлари, кураш усуллари турлича бўлган ҳар хил ҳаракатлар, жараёнлар ҳақида кетаяпти”, - дейди Толибон масалалари бўйича етакчи таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургут.

Суҳбатдошимизга кўра, Толибон муаммосига барҳам беришда ҳам худди шу ҳолат назарда тутилиши ва ёндашувлар ҳам турлича бўлиши лозим.

Бир-бирига алоқаси бўлса-да, мазкур жараёнда Афғонистон ва Покистондаги Толибон ҳаракатларини айри-айри кўриш керак. Уларнинг ғоявий қарашлари мутлақ бир хил эмас. Дейлик, Афғонистон мисолида бунинг учун иш заминалари яратилиши ва Толибоннинг ҳақиқий таҳдид сифатида кўрилиши тақозо этилади. Покистонда эса, биринчи навбатда мамлакат шимолидаги мадрасаларни назорат остига олиш керак. Лекин, ҳаммадан аввал, Толибон террорчи ҳаракат экани қабул қилиниши лозим. Афсуски, ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон томонидан шу пайтгача Толибон террорчи ҳаракат сифатида расман тан олинмаган. Фақат шундай бўлган тақдирдагина, уларга қарши бир стратегия ишлаб чиқиш мумкин бўлади”.

Таҳлилчи энг сўнггида, “айнан мафкуравий бир ҳаракат бўлгани учун, шунда ҳам, Толибон муаммосига буткул барҳам бериб бўлмаслиги, уларни фақат жиловлаш мумкинлигини алоҳида таъкидлайди.

Минтақа таҳдид остидами?

Покистонлик кўзга кўринган таҳлилчилардан бири Аҳмад Рашид яқинда Би-би-си учун ёзган сўнгги мақоласида Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонни Афғонистондан келаётган таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар сифатида тилга олганди.

Минтақадаги бу уч давлат эса, биргаликда Афғонистон билан қарийб 2.000 чақиримлик чегарага эгалар.

Таҳлилчи ўзига имконли бўлган айрим хабарларга таяниб, Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринаётгани, 2005 йилги қонли Андижон воқеалари ортидан, улар янада кўпроқ янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлгани ҳақида ёзганди.

Муаллифга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидадир.

Аммо, покистонлик ҳамкасбларининг бу каби фикрларига қўшилмасликларини айтган айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳаракатни бугун биргина Ўзбекистон мисолида 30 миллионлик давлатни изидан чиқариб юборадиган ёки унга жиддий талофат етказа оладиган ресурсга эга, таҳдид дейиш ноўрин бўлади.

Ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондаги Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йилдан буён жиддий талофатларга учраган ва қатор раҳбарлари ҳам ўлдирилган. Аммо буткул мавҳ бўлмаган.

Ўз ўрнида ҳаракат муаллақ маълум бир ресурсларини сақлаб қолишга муваффақ бўлаётганини назарда тутиб, таҳлилчилар, "Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга қайтиши ва ёки қўшинларнинг чиқиб кетиши минтақа учун жиддий муаммо эканини инкор этишмайди”.

Афғонистонда ўтган 13 йилдан буён ҳозир бўлган хорижий иттифоқ қўшинлари эса, Толибон муаммоси ва афғон можаросига буткул ечим топмай, шу йил бошидан Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлашган.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида эслатиб ўтиш жоизки, агар расмий Кобул ва АҚШ ҳукумати ўртасида муҳим хавфсизлик битими имзоланмайдиган бўлса, Афғонистонда бирорта ҳам ҳарбий база ёки хорижий аскар қолмайди.