BBC navigation

Эндрью Штролайн: Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи абсурддир

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2014 - 13:24 GMT

Феврал ойи охирида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Чехия пойтахти Прагага расмий сафари ва президент Милош Земан билан учрашиши ҳақидаги хабар халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари томонидан танқид қилинмоқда.

Бундан олдин Прага шаҳар ҳокими Томаш Худачек Украина президенти Виктор Януковичнинг Прагага келишига эътироз билдирган, уни Киевда намойишчиларга нисбатан куч қўлланишини қоралаган эди.

"Янукович учоғининг демократия рамзи бўлган Вацлав Ҳавел номи билан аталувчи Прага аэропортига қўниши абусрддир", деб айтган Томаш Худачек.

Бироқ жаноб Худачек Андижонда намойишчиларни оттирган Ислом Каримовнинг Чехияга ташрифи ва айнан Ҳавел аэропортига келиб қўнишига муносабат билдирмаган.

Андижон воқеаларидан сўнг Ислом Каримов ҳукуматига Оврўпо Иттифоқи санкциялари жорий қилинган эди.

Брюсселдаги Халқаро инқироз гуруҳи вакили Эндрью Штролайн "Прагадаги абсурд учрашув", деган мақоласида мавжуд вазиятга ўз муносабатини билдирган.

"Шу ойнинг охирида Прагага келадиган Ўзбекистоннинг авторитар раҳбари Ислом Каримов Вацлав Ҳавел аэропортига қўнади. Ҳа, ҳозирги пайтда турмаларида минглаб сиёсий маҳбусларни
сақлаётган инсон даврнинг таниқли ва ҳурматли сиёсий маҳбусларидан бирининг номи билан аталган аэропортга келиб қўнади. Бу вазият шунчалик абсурд, тутуриқсиз".

"Охирги икки кунда мен Прагада учрашган журалистлар, фаоллар ва расмийлардан бирортаси нега Чехиянинг ҳозирги президенти Милош Земан дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бирининг раҳбарини Марказий Оврўподаги пойтахтга таклиф қилгани сабабини тушунтириб беролмади".

Земан Каримов 25 йилдан буён ҳокимиятда эканини билмаслиги шубҳали. Ўзбекистон ўзининг шафқатсиз қийноқлари билан машҳур. Қийноқлар полиция бўлимлари ва турмаларда мунтазам қўлланилади. У турмаларда сиёсий сабаблар билан қамалган журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, тинч мухолиф сиёсатчилар ва ҳукумат талабини қондирмаган минглаб оддий диндорлар бор.

Шунингдек, ҳар йили миллионлаб одамлар, жумладан 10 ёшлардаги болалар ҳам ҳафталаб аянчли шароитларда пахта теришади. Уларга кам тўланади ёки умуман хизмат ҳақи берилмайди. Ва 2005 йил майда Андижонда оммавий қатлиом қилганлар ҳам Каримовнинг хавфсизлик кучлари бўлиб, юзлаб намойишчиларни отиб ташлагандилар.

Албатта Земан ўзининг меҳмони ҳақидаги бу далилларни билади. Ва нима учун уни Прагада кутиб олмоқда?

Икки мамлакат ўртасида савдо алоқалари унчалик кенг эмас. Ва ҳеч ким мамлакатнинг халқаро майдондаги номига путур етказадиган учрашувда арзигулик янги қандай келишувлар турганлигини айтолмайди.

Каримовнинг Прагага келишида бир маъно йўқ", дейди Эндрью Штролайн.

Хориждаги ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Каримовнинг Чехияга ташрифи муносабати билан Прагада норозилик намойиши ўтказишни режелаштирганлар.

Ўзбекистон Президентининг Чехияга ташрифи 21-23 феврал кунларига мўлжалланган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.