Толибон муаммосига ким барҳам бера олади?

  • 5 Феврал 2014
  • изоҳлар

Агар, Туркиядан афғонистонлик етакчи сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осимнинг хулосасига таянилса, ҳеч ким.

"Бунинг учун ҳозир ҳеч бир тарафда сиёсий ироданинг ўзи йўқ. Худди шу туфайли ҳам Марказий Осиё давлатлари дохил бутун минтақа бундан кейин ҳам таҳлика остида қолаверади", - дейди таҳлилчи:

Унинг бу каби хулосаси юз мингдан ортиқ хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этаётган ва минтақада Толибон муаммоси якуний ечимини топмаган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, расмий Кобул АҚШ билан муҳим хавфсизлик шартномасини имзоламаса, бутунбошли минтақада бирорта ҳам хорижий ҳарбий қолмаслиги эҳтимоли ҳам катта.

Таҳлилчига кўра, худди шу манзарада Покистон ва Афғонистон ҳукуматларининг Толибон билан бир муросага келиш йўлидаги сўнгги уринишлари ҳам самара бермайди.

"Қаранг, агар, биз толибларни бир террорчи гуруҳ дейдиган бўлсак, террорчилар билан музокаралар столига ўтириб, бир натижага эришиш жуда қийин. Бошқа томондан, толибларнинг ўзларида ҳам, сиёсий қудратни қўлга олиб, давлат қуриб, Афғонистонга оид қандайдир дастурларни амалга оширишга бўлган жиддий бир интилишни кўраётганимиз йўқ. Масалан, мен ўзим шу пайтгача толибларнинг Афғонистон келажагига оид бир дастури борлиги ҳақида эшитганим йўқ", - дейди ўз вақтида дипломат сифатида ҳам фаолият олиб борган суҳбатдошимиз.

Сиёсий таҳлилчи, ўз ўрнида, Толибон ҳаракатини сиёсий гуруҳ сифатида кўрмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтади.

"Уларнинг Афғонистон учун бирор бир режаси йўқ. Фақат бошқалар тарафидан суиистеъфода этилиб, Афғонистонда ўз манфаатларига эришишлари учун йўлга қўйилган ва яратилган бир террорчи гуруҳ. Шу боис ҳам улар ё буткул мавҳ этилиши ва ё қўлларидан қуролларини қўйиб, шартсиз музокарага рози қилинишлари керак. Бундан бошқа йўли йўқ", - дейди у.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, орада на-да Ғарб, на-да қатор мусулмон давлатлари, на-да Покистон дохил қўшни мамлакатлар ва на-да афғон ҳукуматининг Толибон ҳаракати билан бир муросага келиш уринишлари деярли бирор бир самара бермаган.

Толибон ҳаракати нима истайди?

Покистон Толибон ҳаракати муросага боришнинг асосий шарти қилиб, йилларки, бутун мамлакатда Шариат қонунининг жорий этилишини талаб қилиб келаётган бўлса, Афғонистондаги гуруҳдошлари хорижий қўшинлар буткул чиқиб кетишини исташади.

"Бу толибларнинг орасида, табиийки, на Покистон, на Афғонистон ва на Америкага тобе бўлган ҳамда уларнинг ҳеч бирини танимаган террорчи, контрабандачи гуруҳлар бор. Толибларнинг асл дастуридан бехабар диний гуруҳлар ҳам бор. Бу каби гуруҳларни истисно қилиб айтганда, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистондаги Толибоннинг хўжайини бир киши. Иккиси ҳам бир чўнтакдан, бир ердан пул олади, режа ва дастур олади. Демоқчиманки, ҳатто, ҳозир Афғонистоннинг толиблари ҳам музокарага ҳозир бўлишса, президент Ҳомид Карзай билан мулоқотлар олиб боришса ҳам, улар Афғонистон эмас, Покистоннинг фойдасига режаланган баъзи бир дастурлар ҳақида бўлади", - дейди таҳлилчи.

Минтақавий доираларда эса, ҳар икки Толибон ҳаракатининг ҳам Покистон махсус хизматлари ва ҳам ҳарбийлари билан алоқалари борлиги ишонилади. Покистон ҳукумати толибларни муайян восита сифатида қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилиб келаётгани айтилади.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Толибон ҳаракати билан музокаралар олиб боришга уринаётган Афғонистондаги сиёсий гуруҳлар бўладими, муайян шахслар ва ҳатто, афғон давлатининг ўзида ҳам самимият йўқ, деган фикрда.

"Самимият ҳам, бир режаю дастур ҳам йўқ. Яъни, сиз Толибон билан деркансиз, ким билан кўришасиз, қаерда кўришасиз, уларнинг манзиллари қаерда, дастурлари қанақа?...Буларнинг барчаси бўлмагандан кейин, толиблар билан учрашиш, музокаралар олиб бориш ва муросага келиш ҳам қийин. Чунки улар аслан ўз иродаларида эмас", - дейди у.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг бундан кейинги хавфсизлиги ҳам Америкага эмас, айнан Толибон ҳаракати асос солинган қўшниси Покистонга боғлиқ бўлиб қолаверади.

"Бу, албатта, Афғонистон учун ҳам, Покистон учун ҳам, минтақа учун ҳам таҳликали бир ҳолат. Чунки, биласиз, ҳозир Афғонистон ва Покистоннинг айрим минтақалари террорчилар ва гиёҳванд моддалар контрабандачилари учун жаннатга айланган. Бу ерда улар ўз фаолиятларини олиб боришади, режаларини пишитишади. Покистон буни билиши керак. Агар, гапнинг ростини айтадиган бўлсак, Покистон ҳозир олов билан ўйнашмоқда. Мавжуд ҳолат Покистоннинг ҳам фойдасига эмас. Чунки толиблар сафига қўшилган айрим гуруҳлар борки, улар Покистонга тобе эмас, Покистоннинг гапини ҳам қилмайди. Бу гуруҳлардан айримлари эса, жудаям хатарли", - дейди сиёсий таҳлилчи.

Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида Покистон ва Афғонистоннинг муайян минтақаларида фаолиият юритиб келаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, бу икки ҳаракатнинг ўртасида жудаям кучли мафкуравий, диний муштараклик мавжуд. Мусулмон дунёси, Ислом умматидаги ички ва ташқи муаммоларни фақатгина ва энг аввало жиҳод орқали ҳал қилиш мумкин ва лозим. Бундан бошқа мақбул йўл йўқ, деган тафаккур, концепция жудаям кучли.

Агар, улар бераётган баҳолардан келиб чиқиб айтилса, толиблар бундан кейин ўз олдларига Марказий Осиёга кириб бориш каби аниқ вазифани қўйишмайди.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, толибларнинг яқин иттифоқчиси Ўзбекистонга ҳужум қилиш ва режим билан курашиш мақсадидан воз кечмаслиги тайин. Лекин уларнинг потенциали ва қудрати Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий тизимларни йиқитишга етмайди, дейишади улар.

Шу боис ҳам, таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, толиблар ҳам, уларнинг иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ўзбекистон учун назарий таҳдид ва кўпроқ безовталик омили сифатида сақланиб қолаверади.

Тарихча ўрнида

Толибон ҳаракати 90-йиллар бошларида, Шўро қўшинлари Афғонистонни тарк этишлари ортидан Покистон шимолида шаклланади.

Асосан пуштун жангарилари етакчилик қилувчи гуруҳ 1994 йилнинг кузидан бошлаб Афғонистонда танила бошлайди. 1996 йилда эса, қудратга келади.

Афғонистон Толибон ҳаракатига аввалбошдан ва ҳозирга қадар Ўрузгон вилоятилик 55 ёшли мулла Муҳаммад Умарнинг бошчилик қилиши айтилади.

Ҳаракат Афғонистонда ўзининг кескин шаръий тартиб-қоидалари билан танилади. Орада "Ал-Қоида" тармоғига ҳам Афғонистондан бошпана беради.

2001 йилда эса, Америка бошчилигидаги иттифоқ кучларининг ишғоли ортидан Афғонистонда Толибон тузуми қулайди.

Жангарилари пароканда бўлиб кетади, муайян қисми яна қўшни Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ва Покистон Толибон Ҳаракатининг қароргоҳи бўлган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасига қочиб ўтади.

Ҳаракат раҳбари мулла Муҳаммад Умар ҳам омон қолади ва унинг ҳам ҳозир Покистонда жон сақлаб юргани тахмин этилади.

Афғонистондагисидан фарқли тарзда, ўтган 13 йил давомида АҚШ ҳарбийлари Покистон Толибон ҳаракатининг қатор таниқли раҳбарларини ўлдиришга муваффақ бўлишган.

Ҳозир Покистон Толибон Ҳаракатига ўзининг шафқатсизлиги билан танилган Мулла Фазлуллоҳ бошчилик қилади.

Сўнгги йилларга келиб ва хорижий қўшинларнинг Афғонистондан оммавий сафарбарлиги манзарасида ҳар икки қўшни давлатда ҳам Толибон жангариларининг қайта фаоллашгани кузатилади.

Илк ташкил топган пайтда ҳаракатнинг бирламчи мақсади Покистон ва Афғонистон ўртасидаги паштунлар яшовчи минтақаларда Шариат қонунини жорий этиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўлган.