BBC navigation

Ўзбекмайдон: Уч фаолга 15 кун, қолганларга жарима

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2014 - 16:37 GMT

Ўзбекистонда тинч намойишга ҳам рухсат берилмайди

Украинадаги намойишчиларни қўллаб Тошкентдаги Украина элчилиги олдида пикет ўтказган 8 фаол тезкор маҳкама қарори билан 15 кунлик қамоққа ва турли жарималарга ҳукм этилган.

Тезкор маҳкамада бу фаолларга рухсат берилмаган митинглар ўтказишга оид айбловлар қўйилган.

"Мен ва Илгар (Гасимов) энг кам иш ҳақининг 30 бараварии миқдорида, онам Умида Аҳмедова эса 20 баравари миқдорида жаримага тортилдик" - деб айтди Би-би-си билан суҳбатда озодликка чиқиши билан Тимур Карпов.

"Уч киши - Ашот Даниэлян, Алексей Улько ва Украина фуқароси бўлган Артём Людный эса 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм этилдилар" - деб давом этади Тимур Карпов.

"Ҳозир уларнинг қаердалигини билмаймиз, аммо Панельный даҳасидаги махсус ҳибсхонага олиб кетилган дейишди".

Тимур Карповнинг айтишича, ўзи ва онаси Умида Аҳмедованинг аҳволи яхши ва айни дамда уйдалар.

Ўтган 29 январь куни пикетдан қайтган она-болани кўп сонли милиция ходимлари уйдан ушлаб кетишган эди. Бошқа иштирокчиларни ҳам ё уйларидан, ё кўчадан олиб кетишган.

Ушланганларни аввал Ҳамза тумани милиция бўлимига, кейин Тошкент шаҳар милиция бошқармасига олиб боришган. Тунни туман милиция бўлимида ўтказишган, эртаси куни бўйи шаҳар милиция бошқармасида ўтиришган.

"Кейин барчамизни жиноий ишлар бўйича Ҳамза тумани маҳкамасига олиб боришди" - дейди Тимур Карпов - "У ерда тезда маҳкама ҳукмини чиқариб, жазо тайинлашди".

Маҳкамада 7 киши ҳозир бўлган ва саккизинчи фаол Гулсум Османова кўринмаган. Тимур Карповнинг айтишича, ҳозир Османова хоним ҳам қўйиб юборилгани ва уйида экани айтилмоқда.

Тимур ўзини калтаклашгани ҳақидаги хабарларни рад этди ва милиция ходимлари нисбатан юмшоқ муомалада бўлишганини урғулади. Бироқ бир терговчи ҳали қасос олиш билан таҳдид қилганини ҳам қайд этди.

Уларни тергов қилган одамлар ўз исм-фамилияларини айтишмаган. Шунингдек, бу одамлар қайси идорадан ва кимлар эканлиги ҳам номаълум.

"Тунда ўзини таништирмаган рус миллатига мансуб бир киши келиб, анча кўпол тарзда бизни тергов қилди" - дейди Тимур Карпов.

Тимур Карповга солинган жарима қора бозор қиймати бўйича тақрибан 900 АҚШ долларига тенг.

"Биз ҳойнаҳой жаримани тўласак керак, аммо ҳимоячи ёлламоқчимиз" - деб айтди Тимур Карпов суҳбати сўнггида.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.