Қимматлаётган ўзбек университетлари яна халқаро рейтингга киритилмади

  • 29 Январ 2014
Ўзбек талабалик йилларининг ажралмас қисми - пахта йиғим-терими

Ўзбекистон олий ўқув юртлари халқаро миқёсда ўтказиладиган энг яхши университетлар рўйхатига кирмайди. Ўқиш шартнома пуллари эса сўнгги йилларда ўртача 25-30 фоизга қимматламоқда. Ўқишга киришда пора ва таниш-билиш авж олган ўзбек олийгоҳларининг талабалари эса ўқиш давомида пахта териш каби ишларга жалб қилинади.

Британиянинг Quacquarelli Symonds (QS) тадқиқот компанияси ҳар йили дунёнинг энг яхши уинверситетлари рейтингини тузиб чиқади. Унда Россия ва Қозоғистон олий ўқув юртлари мунтазам ўрин олиб келади.

Университетлар 6 тоифа бўйича баҳоланади. Шуларнинг энг муҳими бу олийгоҳларнинг академик репутациясидир.

Ушбу рейтингда ўқиш нархлари йилдан йилга ортиб бораётган Ўзбекистон олийгоҳларини учратмайсиз.

Олийгоҳлардаги ўқиш нархлари эса ҳар йили кўтарилиши ортидан дунёнинг ўртамиёна университетлари ўқиш нархлари тенглашиб бормоқда.

Ўзбекистонда 2012 йили 31 фоиз ва 2013 йили 27 фоиз ошган шартнома пуллари бугунги кунда 4,5 миллион сўмдан 6 миллион сўмгачани ёки давлат курсида 2000 доллардан 2700 долларгачани ташкил қилмоқда.

Ўртача ойлик 200 доллар бўлган ўзбекистонликлар учун анча қимматлик қиладиган университетлардаги таълим сифати кўпчилик талабаларни қониқтирмайди.

Олий таълим олишни ғарб давлатларининг бирида давом эттирган Ёқуб Ҳаким олий таълим Ўзбекистондаги оғриқли масалалардан бири эканлигини айтади.

"Бу соҳада мустақилликдан бери ислоҳатлар ўтказилиб келинаяпти. Лекин бу етарли эмас. Дунёдаги энг юқори университетлар рўйхатига Ўзбекистондан бирортасининг ҳам киролмагани ачинарли жараён. Олий таълимга катта пул сарфланади, ҳукумат ислоҳатлар қилаётганини айтиб келади, бироқ дунё рейтингида баҳосини ололмагани натижани кўрсатиб турибди", - дейди у.

Нодир 3 йил ўзбек олийгоҳларига киролмади. Бир йил хизмат қилиб армиядан олиб келган имтиёзи ҳам фойда бермади ва Туркияда олий таълим олишга қарор қилди.

Туркияда таҳсил олаётган Нодир у ердаги ўқитиш тизимини ўзи ўқиб келган тизим билан солишитириб бўлмаслигини айтади.

"Ўқиш жуда ҳам зўр. Фарқи катта. Ўқитиш асосан интернет орқали олиб борилади. Вазифаларни интернетдан олиб, интернет орқали топширамиз. Пул олиш, пора бериш деган нарсаларни умуман хаёлимизга келтирмаймиз. Фақат ўқиш керак", - дейди у.

Тошкентдаги академик лицейларнинг бирини битирган Нодир Туркияда ўқишни давом эттириш учун инглиз тилини ўрганаяпти. Лицейда инглиз тили фани ўтилган бўлса ҳам ушбу билимлари унга фойда бермаган.

"Инглиз тили ўтилган. Лекин таълим жараёни яхши эмасди. Қониқарли бўлмаган. Тўғрисини айтсам, лицейда баҳоларни пулга қўйдирганман. Бу ерда инглиз тилини ўрганишим озроқ қийин бўлаяпти. Чунки олдин ўқимаганмиз".

Ўзбекистонда 59та давлат олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, сўнгги йилларда улардаги талабаларнинг аксарияти пахта мавсумида 2 ой теримга жалб қилинади.

Ўқишга киришда пора бериш ва ўқиш жараёнидаги сессияларни пул билан ёпиш йилдан йилга авж олаётгани айтилади.

Тошкентдаги олий ўқув юртларининг бирида дарс берувчи мутахассис микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистондаги олий таълим тизими ислоҳатларга муҳтожлигини билдирди.

Мутахассис соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида мамлакатда хусусий ўқув юртларининг сони кўпайиши кераклигини ва бу соҳада коррупцияга барҳам берилиши лозимлигини урғулайди.

Унга кўра ўқитувчиларнинг маошлари камлиги ҳам порахўрликнинг ортишига олиб келади.

Ўзбекистон олийгоҳлардаги ўқитувчилар ўртача 1 миллион сўм ёки давлат курсида 430 доллардан кўпроқ маош олади.

2013 йилги натижалар бўйича Қозоғистондан ҳам бирорта университет ушбу рейтингга кира олмади. Бунгача ҳар йили ушбу рейтингдан мамлакатнинг иккита, Ал Фаробий номли Миллий университети ва Остонадаги Гумилеев номидаги Оврўосиё миллий университети жой олган.

Остонадаги Овросиё Университети ўқитувчиси, иқтисод фанлари номзоди, доцент Сапарбай Жубаев Қозоғистон олий таълим тизимида 1996 йил чуқур ислоҳотлар бошланганини айтади.

"Одам ўқишга кириши учун Қозоғистонда мактабни яхши баҳоларга битириш кифоя қилади. Ўзингиз хоҳлаган олий ўқув юртига баллингиз билан кириб кетаверасиз"- дейди у.

Абитуриент тўплаган баллига қараб мамлакатдаги университетлардан бирини танлаши мумкин. Хусусий олийгоҳлар кўпайди.

Қозоғистонда ўқишга кира олмаслик муаммоси йўқолган дейиш мумкин. 145 та олийгоҳнинг 80 таси хусусий.

Ўқиш нархлари бир йилига ўртача 1200 доллардан ўртача 4500 минг долларгачани ташкил қилади.

Жаноб Жубаев ўзи ишлаб турган Овросиё Университетида ўртача маошлар 1000 доллардан бошлаб 2000 долларгачани ташкил қилишини айтади.

"Мен 150-180 минг танга оламан, бу 1000-1200 доллар дегани. Бу оддий иқтисод фанлари номзоди, доцентнинг маоши. Мендан кўп оладиганлар бор. Ассистентлар камроқ олади. Университетда ўртача 1,5 минг, икки минг доллар маош олишади".

Яна Қозоғистонда дунёдаги энг қиммат университетлардан бири, ўқиш йилига 18 минг долларни ташкил қилувчи "Назарбоев Университети" борлигини ҳам назарда тутиш керак.