BBC navigation

Ҳарбий хизматга қизиқиш кўп, лекин "дедовщина" ўша-ўша

Сўнгги янгиланиш 25 январ 2014 - 11:49 GMT

Совет армиясидан меърос бўлиб қолган ички қоидалар ҳамон ҳукмрон

Ўзбекистон Қуролли кучлари сафларида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ учун ҳозирги чақириқ мавсумида бир ўринга саккиз киши даъвогарлик қилаяпти.

Бу ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар қилган.

Central Asia news нашри вазирлик расмийси Нозиржон Ниёзматовдан иқтибос келтириб ёзишича, қуролли кучларни ёш кадрлар билан бойитиш учун ҳарбий хизматни ўтиш тартиблари мукаммаллаштирилган.

Қонунга биноан, мажбурий ҳарбий хизмати 1 йиллик этиб белгиланган. Мудофаа вазирлиги баён қилишича, йилдан йилга ўз фуқаролик бурчини ўташни истаб ҳарбий хизматга отланаётган ёшларнинг сони ошиб бормоқда.

Би-би-си билан суҳбатлашган ҳарбий шифокорининг айтишича, ёшларга 1 йиллик ҳарбий хизмат кўп йўлларни очиб беради.

Кўплаб ёшлар ҳарбий хизматни ўташи ортидан қўлга киритидаган ҳужжати билан ҳуқуқ-тартибот органлари сафига оддий рядовой, ёки қўриқчи бўлиб ёлланишлари мумкин. Шунингдек, улар сержантлик мактабида қисқа таълим олиб, ҳуқуқ-тартибот органлари сафида карьераларини бошлашлари мумкин.

Унга кўра, ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун Олий ўқув юртларига киришда ҳам имтиёзлар яратилган. Ҳарбий хизматни ўтаган абитурентга кириш имтиҳонлари вақтида 27 фоизлик имтиёз берилади.

Яъни у 100% балл ўрнига 73% балл билан ҳам ўқишга кириши мумкин.

Президент фармойиши билан келгуси ҳарбий чақириқ 1 февралда бошланиб 31 мартда якунига етади. Ҳозирда жойларда тиббий текширувдан ўтиш бошланган.

Ўзбекистон ёшлари турли имтиёзлар ва "органлар"даги нисбатан юқори маошли иш ўрни учун ҳарбий хизматга интилишаётган эсада, мажбурий хизмат чоғида анъанага айланган қонунбузарликлар сақланиб қолмоқда. "Дедовщина" ҳамон армиядаги тартибни бошқарадиган ёзилмаган қонундир.

Совет армиясида пичоқлаш ва муштлашишлар турли миллат вакиллари орасида келиб чиққан бўлса, ўзбек армиясида келишмовчилик ва рақобат турли вилоят ёшлари ўртасида юз беради.

Бу зўравонликлардан жабрланган ёш аскарлар касалхоналарга ётқизилади, баъзилари бир умрга ногирон бўлиб қолади, энг омадсизлари ҳалок бўлади, бироқ бу борада ўзбек матбуоти ва Мудофаа вазирлиги оғиз очмайди.

Youtube видео порталида Ўзбекистондаги "дедовщина" суратга олинган видеолар қўйилмоқда. 2013 йил августида чоп қилинган видеода Урганчада ҳарбий хизматни ўтаётган "дед"лар "дух"ларни сафга тизиб ҳақорат қилиши ва калтаклаши намоён бўлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.