Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (3.2 Mb)

Ўзбекистонда прокурорлар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламми?

16 Январ 2014 Сўнгги янгиланиш: 13:49 GMT 18:49 UZT

Ўзбекистонда прокуратура ходимларига уй-жой олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари берилади.

Шунингдек, уй-жойни ижарага олганлик учун ойлик компенсация тўлашни назарда тутувчи қарор ўтган йил ноябрида Президент Каримов томонидан имзоланган.

Қарордан мақсад прокуратура ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш экани айтилган.

Прокуратура Ўзбекистондаги энг коррупциялашган тизимлардан бири, деб ишонилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Бош прокурорининг камида икки ўринбосари пора олганликда айбланиб, лавозимидан четлатилган.

Жойларда маҳаллий прокурорлар тадбиркорлик билан шуғулланиши ва йирик мулк эгаларига айланаётган қатлам сифатида ҳам билинади.

Коррупцияга қарши кураш?

Айни пайтда бошқа давлат хизматчилари қатори прокуратура ходимларининг ҳам расмий ойлик маошлари кам.

Маошларнинг камлиги давлат хизматчилари орасидаги порахўрлик ортида турган сабаблардан бири ҳисобланади.

Аммо тошкентлик фаол Дилором Исҳоқованинг айтишича, Ўзбекистондаги прокуратура ходимларига ижтимоий имтиёзлар бериш йўли билан порахўрликни камайтиришга уриниш "кулгили".

"Бу тизим ходимлари ипотека йўли билан олинадиган уй билан чекланадиган одамлар эмас. Порахўрлик ва коррупция давом этаверади", - дейди Дилором Исҳоқова.

Унинг фикрича, аҳолининг ҳақиқатан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари бўлган нафақахўрлар, кўп болали оилалар ва ногиронларга берилган имтиёзлар қирқиб ташланаётган бир пайтда ҳукуматнинг прокуратура ходимлари ҳақида қайғуришини тушуниш қийин.