BBC navigation

"Чироқ йўқ, газ йўқ. Ҳар ким эплаганини қилиб яшаяпти"

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2014 - 14:42 GMT

Қишнинг аёзли кунлари газ ва свет йўқлигидан қийналган ўзбекистонликларга кўра, яна бир синов бўлмоқда.

Ўтган йилларда газ, электр энергияси танқислиги асосан қишлоқларда кузатилган бўлса, бу йил деярли барча вилоятларда бу катта муаммога айлангани хабар қилинади.

Расмийлар электр ва газ тармоғидаги узилишлар аҳолининг қарздорлиги ва электр, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари сабабли юз бераётганини айтишади.

Би-би-си билан боғланган ўзбекистонликлар эса ойлик маошларидан газ, электр ҳақи ушлаб қолинаётгани, бироқ натижа яхшиланишнинг ўрнига яна ҳам мушкуллашганини билдиришди.

"Ҳозир ҳамма бир хил бўлиб қолди- бойни ҳам, камбағални ҳам уйига борсангиз, бутун оила битта хонага қамалиб олганини кўрасиз. Битта уйда печка бор. Ишда ҳам музлаб ўтириб, қайтиб келгач, кўрпаларга ўралиб ўтирамиз. Хуллас свет йўқ, газ йўқ. Ҳар ким эплаганини қилиб яшаяпти. Давлатнинг эса фуқаролари билан иши йўқ. Битта эрмагимиз шу телефон бўлиб қолди. Шунинг учун свет берилиши билан телефонни заряд қилишга шошамизда", деб айтади қашқадарёлик киши.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораеванинг маълум қилишича, шу кунларда уйнинг ичи музлатгичдан қолишмайдиган бўлиб қолган.

"Лекин Райгаздагилар берилмаган газ учун пул ёзишади. Газ, свет йўқлигидан шикоят қилсангиз, аҳолининг қарздорлигини рўкач қилишади. Қарши шаҳрида, балки бутун Ўзбекистондадир, қишдан чиқишдан ҳам оғирроқ муаммо бўлмаса керак. Яна йилимизнинг номи "Соғлом бола йили". Ҳар ҳолда шу қишдан агар соғлом чиқса бу болакайлар"- дейди фаол.

Қаршида яшовчи бошқа бир кишининг айтишича, аҳвол ҳамма жойда ҳар хил. Унинг сўзларига қараганда, пластикли ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларда ҳозир электр билан муаммо йўқ.

"150 минг сўмга ҳисоблагични қўйдирсангиз, худди телефонга пул тўлаб гаплашгандай бунга ҳам 15 минг-20 минг ташлаб қўясиз. Пул тўлагандан кейин тежаб ишлатишга тўғри келади албатта. Бундай ҳисоблагичи йўқларда қийин энди, трансформаторлар ҳам эскириб кетган", деди у.

Андижонлик муштариймиз шундай ёзади: "Бир гапим бор эди. Тўғриси сиёсатга аралашишга қўрқаман. Лекин илтимос қиламан. Ўзбекистонда свет ёки газ, икковидан бири бўлиши керак. Қиш мавсумида умуман йўқ бўляпти. Қўзғолон кўтаргани халқ қўрқади. Интернетда ўқиб қолдим. Ўзбекистон қайсидир давлатга 25 минг куб сотяпти экан. Ундан кўра, халққа берса бўлмайдими. Эҳ, ачиняпман".

Сурхондарёлик уй бекаси кунига икки соат электр энергияси берилаётгани, баъзида ўшанда ҳам узилишлар бўлишидан норози бўлиб гапирди.

"Солярка билан чироқ ёқамиз. Кимдадир "движок" бор, улар қийналишмайди. Қуёшда ишлайдиган воситалар ҳам бор баъзиларда. У энди қиммат, 2-3 миллион сўм туради дейишади- ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Мана шундай қилиб яшаб юрибмиз. Битта шамни минг сўмдан сотиб оласиз, ҳеч қанчага етмайди. Ундан кўра батареялик фонарлар қулай. Энди газни гапирмасам ҳам бўлади", дейди электр ва газсиз қандай кун кечираётганини айтиб берган суҳбатдошимиз.

Айни пайтда куннинг кескин совиши натижасида нафақат вилоятларда, балки Тошкент шаҳрида ҳам газ танқислиги кузатилган.

Ўзбекистондаги мутасадди идоралар Ўзбекистонда газ тақчиллиги кузатилмаётгани ва аксинча аҳолига етказиб берилаётган газ ҳажми йилдан йилга кўпайиб бораётганини билдиради.

Кейинги йилларда республика ҳудудларида табиий газ истеъмолчилари сонининг кўпайганлиги, истеъмолчилар қўлбола газ ускуналаридан фойдаланишлари оқибатида табиий газ босими тушиб кетиш ҳолатлари учраб туриши, хусусан электр таъминоти билан ҳам шунга ўхшаш вазият мавжудлигини айтишади расмийлар.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.