Ёш Ўзбек ташаббускорлар блоггерликни ривожлантиришмоқчи

  • 9 Январ 2014

Ўзбекистонлик ёш ижодкорлар мамлакатдаги Интернет блоггерлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадидаги танловни эълон қилганлар.

Бу тадбирга блоггерлар чемпионати деб ном берилган.

"Мазкур чемпионатнинг асосий мақсади ўзбек тилида блог юритувчи блоггерларни рағбатлантириш, уларнинг ёзган фикрларини кенг жамоатчиликка етказиш, жамият ҳаётига оид турли мавзулар юзасидан билдирилган турлича фикрлар, ғояларни муҳокама қилиш, улардан баҳраманд бўлиш, ўзбек блоггерлари ўртасида ижодий ва дўстона муҳит яратиш ҳамда интернет тармоғида ўзбек тилини ривожлантириш, ўзбек тилидаги фойдали ресурсларни бойитишдан иборатдир", дейилади танлов эълонида.

Ташкилотчиларга кўра, танловда иштирок этиш учун "узундан-узун мақола ёзиш шарт эмас. Замонавий блоггерлик тамойилларига риоя қилинган исталган кўринишдаги блогпост танловда иштирок этиши мумкин".

Ўзининг блогининг ушбу танловда қатнашишини истаган ҳар қандай блоггер ташаббускорларга бу ҳақда маълум қилиши етарли экани айтилган.

Танловнинг бир неча босқичда ўтказилиши, ғолибни танлашда ҳакамлар ҳайъати ва мухлисларнинг овозлари инобатга олиниши хабар қилинган.

Ташаббускорлар Интернетда http://uzbloggerlar.blogspot.com веб-сайтини очганлар ҳамда чемпионат шарт ва талабларини эълон этганлар.

Эркин Ўзбек блоггерларининг илк мусобақаси ғолибига 1000000 сўм, Ўзбекистондаги Фейсбук - "Мулоқот" ижтимоий тармоғи бир йилга текин домен ҳамда 500 mb хостинг тақдим этиши ва 16 GB лик "флешка" билан мукофотланиши хабар қилинмоқда.

Блоггерлар танлови веб-сайтида ушбу мусобақада иштирок этиш ниятини билдирган қарийб 130 Интернет блог ижодкорларининг манзиллари эълон қилинган.

Шов шув кўтарилган ЎзБлоггерлар асосан Ўзбекистон Ҳокимияти сиёсатини қўлловчи ёки уни танқид қилмайдиган блогларни руйхатга олибди. Мен уларга юборган 3 блогимдан бирортаси(ihrsu.org,twitter.com/Khudojberdi) уларни руйхатига киритилмабди. Улар ҳақиқатни гапирувчилардан шу қадар қўрқишадими?Бу ҳолда блоглар чемпионатини ташаббускорлари,уларга эргашувчи ёшлар қандай қилиб етук инсонлар бўлиб етишишлари мумкин?Ёки улар мавжуд тузумни мақтовчи Янги маддоҳлар Армиясини тузишмоқчими? Ҳазратқул Худойберди, Швеция

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас