BBC navigation

Дилмурод Саййид: қазоим етса, Барно ва Рухшонанинг ёнига қўйинглар!

Сўнгги янгиланиш 9 январ 2014 - 15:37 GMT

Франциядаги "Ўтюраклар клуби" нашри "Жараён" веб-сайти Ўзбек қамоқхонасида қолаётган журналист ва адиб Дилмурод Саййиднинг мактубини эълон қилган.

Яқинларига кўра, Дилмурод Саййид озодликка чиқишидан умидини узган.

Мустақил журналистнинг укаси Обид Саидов акаси билан Қаршидаги қамоқхонада бир неча соат учрашишга муваффақ бўлган.

Обид Саидовга Дилмурод Саййиднинг айтишича, Тошкентдаги маҳбуслар тиббий шифохонаси "Сангород"дда текшириш ўтказган шифокорлар саломатлиги яхшиланганини айтишган.

Дилмурод Саййид қамалмасдан олдин Тошкентдаги сил диспансерида рўйхатда турган, ўтган йил октябрида аҳволи ёмонлашгани сабабли Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ётқизилган эди.

Шифохонадан 52 ёшли журналистни Қаршидаги жазони ижро этиш муассасига ўтказишга қарор қилинган.

Укаси Обид Саидовнинг сўзларига кўра, Дилмурод Саййид яна ҳам озиб кетган.

"55-56 кило келса керак. Кичкинагина бўлиб қолибди, соч-соқоли бутунлай оқариб кетибди", деб айтган Обид Саидов.

Қамоқдан чиқарган мактубида Дилмурод Саййид шундай ёзган:

“...ўтган умримдан хотиржамман. Буёғининг эса, ҳозирда деярли қизиғи йўқ! Мабодо шу жойларда қазоим етса, ўша гап, яъни овора бўлиб Тошкентга олиб кетманглар, Булунғурга – Барно ва Рухшонанинг ёнига қўйинглар!!!”

Дилмурод Саййид ўзининг танқидий мақолалари билан танилган.

2005 йил ноябрида "Адвокат" рўзномасида Дилмурод Саййиднинг "Йўқ ҳақида бадиҳа"си нашр этилган, газетанинг мақола эълон қилинган сони дўконлардан йиғиб олинган, кўп ўтмай "Адвокат" рўзномаси ёпилган.

бу ерга босинг Дилмурод Саййиднинг "Йўқ ҳақида бадиҳа"си

Журналист фермерларнинг ҳуқуқлари маҳаллий амалдорлар томонидан поймол этилаётгани ҳақида мақолалар ёзган, унинг мақолалари қатор мустақил ва мухолифат веб-сайтларида эълон қилинган.

Дилмурод Саййид Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аъзоси бўлган.

Дилмурод Саййидга 2009 йил февралида қўйилган таъмагирлик ва порахўрлик айбловлари ва маҳкама кенг миқёсда сохталаштирилган деб кўрилади.

Самарқанддаги маҳкама журналистни таъмагирлик, катта миқдорда пора талаб қилишда айбдор деб топиб, 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

2009 йил ноябрида Дилмурод Саййид билан кўришиш учун Тошкентдан қамоқхонага бораётган рафиқаси Барно ва олти ёшли қизи Рухшона автомобил ҳалокати оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.