BBC navigation

Tethys Petroleum: Ўзбекистонда бизнес ва сиёсий муҳит ёмонлашди

Сўнгги янгиланиш 2 январ 2014 - 15:28 GMT

Ширкат Ўзбекистондан тежалган маблағларни минтақанинг бошқа давлатларидаги лойиҳаларга йўналтиришини айтган

Британиянинг Tethys Petroleum ширкати Ўзбекистондан чиқиб кетаётганини эълон қилган.

Ширкат веб саҳифасидаги баёнотда Tethys Petroleum ўз қарорини Ўзбекистондаги "бизнес ва сиёсий муҳитнинг ёмонлашгани" билан изоҳлаган.

"Бизнес ва сиёсий муҳитда яқинда юз берган ўзгаришлар туфайли Tethys Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳақида корпоратив қарор қабул қилди",- дейилади Британ ширкатининг баёнотида.

Ҳибсга олишлар

Ўтган ой Tethys Petroleum раҳбарияти Би-би-сига берган ёзма жавобида Ўзбекистонда ўзининг икки ходимига нисбатан жиноий тергов олиб борилаётганига қарамай, у ердаги фаолиятини давом эттиришини айтган эди.

Ўтган йил ноябрида Tethys Petroleumнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг икки маҳаллий ходими Б. Салоҳиддинов ва М. Мажидовлар ҳибсга олингани хабар қилинган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаълар уларнинг мамлакатда қазиб чиқарилаётган нефтнинг Ўзбекистонга тегишли ҳиссасини ўзлаштириш ва ноқонуний пулларни ювиш ҳаракатларида айбланганини айтишган.

Ўзбекистондаги интернет нашрлари уларга қарши жиноий иш 2011 йилда очилганини хабар қилган.

Tethys Petroleum нинг 2 январ куни эълон қилинган баёнотида Ўзбекистондаги икки ходимининг тақдири борасида ҳеч нарса дейилмайди.

Tethys Ўзбекистондаги Шимолий Ўртабулоқ нефт майдони борасида имзоланган Маҳсулотни бўлишиш шартномасидан чиқиб кетиш жараёни 3 ой вақт олиши мумкинлигини айтган.

Ширкатнинг билдиришича, Ўзбекистондаги лойиҳадан тежалган маблағлар минтақанинг бошқа давлатларидаги сармоя ҳажмини кўпайтириш имконини беради.

Tethys Petroleum бир вақтнинг ўзида Гуржистон ҳукумати билан мамлакат шарқидаги нефт майдонини тадқиқ этиш юзасидан келишув имзолаганини маълум қилган.

Ўрта Осиё ва Каспийдаги нефт ва газ заҳираларига ихтисослашган ширкат Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам ўз сармояларига эга.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.