BBC navigation

Деҳли: ўзбекистонлик икки аёл қўшмачиликда гумон қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 30 декабр 2013 - 11:03 GMT

Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёлларнинг фоҳишаликка тушиш ҳоллари кенг тарқалган

Деҳли аэропортида ҳибсга олинган ўзбекистонлик икки аёл қўшмачиликда гумон қилинмоқда.

The Times of India нашрининг хабар беришича, Деҳли жануби-шарқидаги Кайлашда фоҳишабозлик тармоғини юритишда гумон қилинаётган ўзбек фуқаролари фоҳишаликка мажбурланган 20 ёшлардаги ўзбекистонлик икки аёлнинг аризаси асосида ушланган.

Улар бу икки аёл ўзларини иш топиб бериш ваъдаси билан Ҳиндистонга олиб келиб, фоҳишаликка мажбурлаганликларини даъво қилишган.

Одам савдоси қурбонлари, шунингдек, бир уйга қамаб қўйилганлари ва чиқишга уринган пайт дўппосланганликларини айтишган.

Сўнггида қочишга муваққаф бўлган аёллар Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасига мурожаат қилганликлари айтилади.

Ўз навбатида элчихона мулозимлари Деҳли полициясига хабар беришган.

Ҳиндистон матбуотидаги хабарларда одам савдоси қурбонлари бўлган аёлларнинг ўзлари ҳам ҳибсга олинишдан қўрқиб, Деҳлидан қочганлари ва кейинроқ қайтиб келганликлари айтилади.

Аёлларнинг янги йил арафасида пул ишлаб олиш учун Деҳлига яқинда борганлари айтилмоқда.

Ҳиндистон полицияси уларнинг ҳужжатларни расмийлаштириш учун Ўзбекистон элчихонасига топширилганини айтган.

Қўшмачиликда гумон қилинаётганлар эса одам савдоси юзасидан сўроққа тутилаётганликлари айтилади.

Фоҳишалик манбаи

Бу ўзбекистонлик аёлларнинг Ҳиндистонда биринчи марта фоҳишалик ва одам савдосида гумон қилиниши эмас.

Ҳиндистон Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил ва Тайланд қаторида ўзбекистонлик аёллар фоҳишаликка сотиладиган манзиллардан бири ҳисобланади.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон одам савдосининг асосий манбаъларидан бўлган давлатлар қаторида.

Давлат Департаменти ўзбек эркаклари хорижда қуллик, аёллари эса фоҳишабозлик қурбони бўлаётганларини айтган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Фуқароларнинг хорижга чиқиш-келишини назорат қилиш идоралари - ОВИРда ёш аёллардан "хорижда фоҳишалик қилмайман" деган мазмунда тилхат ёздириб олиш амалиётини йўлга қўйган.

Аммо кузатувчилар бу ва ҳукумат кўраётган бошқа чораларнинг самарасиз эканини айтишдаи.

Мамлакатдаги ишсизлик ва коррупция одам савдосининг кучайишига сабаб бўлган асосий омиллар сифатида кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.