BBC navigation

Гулнора Каримова: МХХ бизни отамнинг олдига қўймаяпти

Сўнгги янгиланиш 24 декабр 2013 - 11:41 GMT

Гулнора Каримова онаси ва МХХни ўзига қарши тил бириктиришда айблайди

Гулнора Каримова Твиттер микроблогида Миллий Хавфсизлик Хизмати ўзи ва ўғлининг отаси- Президент Ислом Каримов билан учрашишига қаршилик қилаётганининг исботи, дея тақдим этилган видеони эълон қилган.

Тошкентдаги шоҳйўл бўйида икки эркакнинг мулоқоти туширилган видеода улардан бирининг "Бизда буйруқ бор. Бизга раиснинг шасхан ўзи "қўйилмасин" деб айтган" деган сўзларини эшитиш мумкин.

Гулнора Каримова МХХ зобити эканини айтган бу шахс "Тамом. Сен бизни тўғри тушун, биз ҳарбийлармиз. У ерда кордон турибди, ўтказмайди. Нима керак?", дейди.

"Сен яна бобонгга бу нарсаларни кўрсатмоқчимисан?. Қандай қилиб бувинг бобонгнинг хабарисиз ҳамма нарсани ҳал қилиши мумкин?", дея хитоб қилади у Гулнора Каримованинг ўғли Ислом экани айтилган шахсга.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи аввалги твитларида онаси Татяна Каримова ҳамда МХХ юқори мартабали мулозимларини ўзига қарши тил бириктирганликда айблаган.

Каримова хоним, шунингдек, махсус хизматлар мамлакатда давлат тўнтариши ҳозирлаётганини иддао қилган.

"Афтидан, МХХ кичик амалдорларнинг қўли билан тўнтариш ҳозирлаяпти", деб ёзган Гулнора Каримова 22 декабр куни Твиттер микроблогида.

Бир пайтлар отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган Каримова хоним шу йилнинг ноябр ойида МХХ раиси Рустам Иноятов президентлик курсисига кўз тикканлигини иддао қилган.

У ўзбек махсус хизматларни ўзига яқин одамларни ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқ қўллашда айблаган.

Ишғол

Айни пайтда Швейцариядаги уйининг ўзбек мухолифат фаоллари томонидан ишғол қилингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирган Гулнора Каримова фаоллардан бири - Сафар Бекжонни терроризмга алоқадорликда айблаган.

"Осиё давлатлари дипломатик каналларининг аниқлашича, асли келиб чиқиши туркиялик бўлган бу шахс "Бўзбўрилар" (туркча Бўзқурт-таҳр. )террористик тармоғида кўзга ташланган", дея иддао қилган Каримова хоним.

У нима учун Бекжон "яна бироз юриб, нисбатан каттароқ бўлган Лола Каримова-Тиллаеванинг уйини эгаллаб олмагани" ҳақида савол берган.

Твиттердаги ёзувидан Каримова хоним уйининг ишғол этилганидан матбуот орқали хабар топганини тахмин қилиш мумкин.

У ҳодиса юзасидан бошқа изоҳ бермаган.

Швейцарияда яшаётган ўзбек сиёсий муҳожири Сафар Бекжон ва у номини ошкор этмаган яна бир неча фаол Гулнора Каримованинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги вилласида қолишмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Сафар Бекжон Гулнора Каримова ўзига қарши илгари сурган айбларни рад этди ва ўзининг Ўзбекистондан бошқа бирон бир давлат ёки ташкилотга алоқаси йўқлигини айтди.

"Гулнора Каримова собиқ дипломат бўла туриб, "Бўзбўрилар" ташкилотининг биронта ҳам давлат томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилинганини билмаса?. Мен қандай қилиб бошқа бир давлатнинг ташкилотига аъзо бўлишим мумкин?" , деди Сафар Бекжон.

Туркиядаги Миллиятчи Ҳаракат Партиясининг "норасмий ҳарбий қаноти" дея тасвирланган "Бўзбўрилар" ҳаракати ўтмишда бир қатор сиёсий қотилликлар ва терроризмда гумон қилинган.

Аммо ҳаракат ўзининг терроризмга алоқаси йўқлиги ва мустақил, идеалист ёшлар ташкилоти эканини айтиб келади.

Айни пайтда Сафар Бекжон қандай қилиб Гулнора Каримованинг ҳашаматли вилласига киришга муваффақ бўлгани борасидаги барча тафсилотларни ошкор этмаяпти.

Би-би-сининг "сизнинг ҳаракатингиз хусусий мулкка тажовуз эмасми?" деган саволига Сафар Бекжон "бу уйнинг хусусий мулк экани хали тасдиқланмаган", деб жавоб берди.

Бекжоннинг сўзларига кўра, душанба куни у билан мулоқот қилган Женева полицияси унинг кимлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхасини олиб кетган.

"Қонун бўйича уй эгаси- Гулнора Каримова шикояти асосида маҳкама бу ишни кўриб чиқиши керак. Аммо Гулнора Каримова Швейцария идораларининг чақирувларига жавоб бермаяпти", дейди Сафар Бекжон.

Мухолифат фаоли унга Каримованинг уйи керакмаслиги, фақат бу уйнинг қайси пуллар ҳисобига олинганини билишни исташини айтди.

"Менинг мақсадим бу ерда яшаб қолишмас. Менга Ўзбекистонга қайтиш, мухолифат сафларида озод фаолият олиб боришга имкон берсин, ҳозироқ кетаман",- дейди 1990-йиллар бошида сиёсий фаолияти учун қамоққа ташланган Сафар Бекжон.

Унинг айтишича, Гулнора Каримовага тегишли вилла ичкарисида муҳр босилган бир неча сейфлар ва дипломатик номердаги машиналарни кўрган.

'Хусусий уй'

Душанба куни Швейцария полицияси Би-би-сига "хусусий уй атрофидаги вазиятни шарҳламаслиги, аммо Швейцарияда уйни ишғол қилганларга нисбатан ҳуқуқий процедура" мавжудлигини айтган эди.

Шу йил августида Женева полицияси Ўзбекистон фуқароларига нисбатан очилган жиноий иш доирасида Швейцариядаги тўрт манзилда рейдлар ўтказилганини тасдиқлаган.

Би-би-си манбаълари улардан бирининг Гулнора Каримовага тегишли эканини тасдиқлашган.

Шу йилнинг 17 ва 18 июн кунлари эса, Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилгани хабар берилганди.

Франсуз полицияси ушбу тинтувни Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амалга оширгани айтилганди.

Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.

Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.