'Ўзбекистондан қочаётганлар кўп'

  • 23 Декабр 2013
  • изоҳлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, янги ички ва ташқи қочқинларнинг сони бўйича бу йил "рекорд" ўрнатиши мумкин.

Худди шу манзарада Швециядан ўзбекистонлик қочқинларга кўмак бериб келаётган фаолнинг кузатувларига кўра, "ҳозир Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳоллари ҳам жуда кўп":

"2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондан чиққан қочқинларга Оврўпода бошпана бериш ҳоллари кўпайганди. Шунинг эвазига, менимча, кўп одамларда Ўзбекистондан чиққандан сўнг бошқа давлатлардан бошпана олиш мумкин, деган фикр пайдо бўлди", - дейди биз билан суҳбатида ўз вақтида "Ўзбекистонлик қочқинларни ҳимоя этиш ташкилоти" раҳбари ҳам бўлган Дўстназар Худойназаров.

Суҳбатдошимизга кўра, кўпчилик ўз келажагини ўйлаб, Ўзбекистонни тарк этмоқда.

У кишининг айтишича, айни масалада ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий сабаблар бир хил роль ўйнаяпти.

"Чунки гапиролмаса, ҳеч нарса қилолмаса, ҳеч ким ўз фикрини айтолмаса.... Ёки бизнес ташкил қилгани билан, уни олиб кетолмаса. Олиб кетишга ҳаракат қилганида, давлат томонидан қаршиликлар бўлгандан кейин, бу, биринчидан, сиёсий сабаб бўлади. Ҳаммаси сиёсийсига бориб тақалади. Иккаласи ҳам биргаликда, элликка-эллик", - дейди фаол.

Суҳбатдошимиз бу каби ҳолларга Ўзбекистонда қатъий амалда бўлган чиқиш визаси тартиби ҳам тўсқинлик қила олмаётгани, ҳаммасини "пул ҳал қилаётгани"ни таъкидлайди.

"Пулингиз бўладиган бўлса, икки марта "депорт" бўлиб қайтиб кетганингиздан кейин ҳам, паспортни алмаштириб олишниям имконияти бор. Ёки борганингиздан кейин, визани қўйдириш учун ҳам пул сарфлайсиз. Ҳаммаси пул харжи билан бўладиган нарса".

Бошпана...

У кишининг сўзларидан аён бўлишича, ўзбекистонлик фуқаролар бугун кўпроқ Туркия, визасини олиш осонроқ ва арзонроқ бўлган Оврўпо давлатларига чиқишни афзал билишмоқда.

"Фақат ичкарига кириб олсам бўлди, деган маънода. Кейин бошқа давлатларга ўтиб кетишаяпти. Масалан, Польша ёки Чехияга виза олиш осонроқ", - дейди Швециядан фаол ўз кузатувларига таяниб.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирга келиб, Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатдан бошпана олиш имкониятлари жудаям пасайиб кетган.

"Уларнинг 80 фоизи бошпанасиз қолишаяпти. "Қора" ҳолатда бошқа давлатларга, унисидан бунисига, бунисидан унисига ўтиб, ариза нима қилиб юришга мажбур бўлишаяпти", - дейди у киши.

Бунинг бир қанча омиллари борлигини айтаркан, суҳбатдошимиз, ўзи гувоҳ бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб, бунга кўпроқ Ўзбекистон фуқароларининг ўз саъй-ҳаракатлари сабаб бўлаётганлигини таъкидлайди.

"Биринчидан, кўплаб ўзбекларимиз бошпана олгандан кейин, Ўзбекистонга қайтиб боришлари мумкин эмаслигини билган ҳолда, вақтинчалик берилган мақомларидан фойдаланиб, Ўзбекистонга борган ва бир қанчаси қўлга тушган воқеалар ҳам бўлди...", - дейди у киши.

Агар, Россияда ўтган йили ўтказилган сўров натижаларига қаралса, ўзбекистонлик ҳар уч муҳожирдан биттаси ортга қайтишни истамайди.

Устига устак, улар иложи бўлса, фуқаролигини олиб, Россияда доимий яшаб қолишни ҳам хоҳлашар экан.

Турли манбаларга таяниб, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони тахминан 5 миллион атрофида экани айтилади.

Маҳаллий кузатувчилар эса, бунинг сабабини ўтган 20 йил ичида Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида вужудга келган аҳвол билан изоҳлашади.

Яъни, Ўзбекистондаги ночор ижтимоий-иқтисодий вазият ва сиёсий тазйиқлар сабаб ўтган чорак аср давомида мамлакатни тарк этган фуқароларнинг сони миллионларга етган.

Бугун ўзга юртларда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар баробарида хорижий давлатдан бошпана олган сиёсий қочқинларининг сони ҳам мамлакат тарихида кузатилмаган даражада.

Устига устак болаларининг таҳсили ёки яхшироқ келажак илинжида Ўзбекистонни тарк этаётганлар сони-да оз эмас.

Ўз ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботига таянилса, биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида бутун дунё бўйлаб 6 миллионга яқин одам қочқинликка юз тутган.

Қочқинларнинг сони бўйича Афғонистон етакчилик қилган бўлса, мезбон давлат сифатида Покистоннинг олдига тушадигани йўқ экан.

Бирлашган Миллатлар Қочинлар бўйича Олий комиссари Антонью Гутерришнинг айтишича, қочқинларга энг зарур ёрдамларни кўрсатишга ҳаракат қилишаётгани билан, уруш бўладими ёки можаролар, одамларни оммавий муҳожиратга ундаётган омилларни бартараф этишга имконсизлар.