BBC navigation

Uzwebiston: Ўзбекистон футбол федерацияси президенти халифа Ҳорун ар Рашидга тенглаштирилди

Сўнгги янгиланиш 20 декабр 2013 - 09:08 GMT

ЎФФ президентига очиқ хат ёзган ўзбекистонлик журналист уни адолатли дея таъриф берилувчи халифа Ҳорун ар Рашидга тенглаштириб кўкларга кўтарган. Авторитар тузум бўлмиш Ўзбекистон матбуотида мамлакат президенти Ислом Каримовдан бошқа амалдорларни мақташ ҳоллари деярли кузатилмайди.

Журналист Зафар Қосимовнинг очиқ хати аввалига “Интерфутбол” газетасида чоп этилди. Кейинчалик футбол ишқибозларининг сайти бўлмиш uff.uz сайтига ҳам жойлаштирилди. Мактубни бу сайтда шу вақтгача 29 мингдан ортиқ мухлис ўқиган ва 400 га яқин изоҳ қолдирилган.

Муаллиф ЎФФ президентлигига қайта сайланган Мираброр Усмоновдан бошқа номзод ушбу лавозимга муносиб эмаслигини таъкидлайди. Журналист ЎФФ президентининг раҳбарлик салоҳияти баланд эканлигини таъкидларкан унинг матбуотни ўқиб туриш хусусиятини халифа Ҳорун ар Рашидга ўхшатади.

“Бир вақтлар Бағдод халифаси Ҳорун ар Рашид тунда чакмонга ўралиб, оддий одам сингари шаҳар кўчаларини айланаркан, раият ҳолидан хабар оларкан. Ҳозир замон ўзгарган. Сизнинг «Арена»ни эшитишингизу, «Интерфутбол»ни ўқишингиз ўша тунги сайрга чиққанингиз бўлади. Зеро, бу билан футболнинг кўзга кўринмас кўчаларига кирасиз, одамлар дардини эшитасиз”, -деб ёзади Зафар Қосимов.

Мактубда Терма жамоалар маркази фаолияти, бош мураббий ва чипта мавзулари кўтарилган.

Муаллиф Мираброр Усмоновни иродали раҳбар дея улуғлайди. Футбол мухлисларини эса ҳиссиётларини ушлаб тура олмаслигини ёзади.

“Мираброр Зуфарович, юқорида ҳеч ким терма жамоани Сизчалик мундиалда кўришни истамаслигини айтдик. Шундай экан, ЖЧ (Жаҳон чемпионати. Би-би-си таҳ.) йўлланмаси бой берилганда жуда куйинган бўлишингиз ҳам муқаррар. Аммо Сиз иродали инсонсиз, раҳбарсиз. Шунинг учун ҳам ҳиссиётларни жиловлай оласиз. Лекин оддий мухлисчи? У ҳиссиётларини ушлаб тура оладими? Йўқ, албатта. Шуниси билан ҳам у мухлис. Куйганлар, касалхонага тушиб қолганлар қанча бўлди”.

Журналист Мираброр Усмоновдан Терма жамоалар маркази директорини ишдан олиб ташлашни сўраркан федерация президентини подшоҳга муқояса қилиб ривоят келтиради.

Муаллиф Мираброр Усмоновдан кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинини ташкил қилиб беришни сўрайди.

“Сиз айтсангиз, ҳатто Бразилияси ҳам ўртоқлик ўйини учун юртимизга келади! Биз бунга ишонамиз. Зотан фидойилигингиз, уддабуронлигингиз ва ўткир зеҳнингиз бунга ишонтириб қўйган!”. – дейилади унда.

2013 йилнинг 14 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси донгдор Туркия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиши керак эди. Бироқ ўйин Ўзбекистон томонининг талаби билан бекор қилинди.

Мамлакат президентидан бошқа шахслар мақталмайдиган юрт

Авторитар режим бўлмиш Ўзбекистоннинг марказий телевидение ва матбуотида давлат раҳбари Ислом Каримовдан бошқа шахслар кўкка кўтарилмайди.

Эл орасида катта обрў ва таъсирга эга бўлган хонанда, ҳофиз, санъаткор ва дин арбоблари вақти келиб марказий телеканаллар ва матбуотдан четлатилади. Уларнинг концерт ва чиқишларига норасмий тақиқлар қўйилади.

Ҳаттоки Бош вазир ҳам кўриниш бермайдиган ўзбек матбуотида сенатор, Миллий олимпия қўмитаси ва ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг давлат арбоби халифа Ҳорун ар Рашидга тенглаштирилиши эътиборга моликдир.

Бунгача марказий теле ва радиоканалларга паралел равишда ўз медиаимпериясини яратган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова фаолияти ва шахси кенг тарғиб қилинарди. Бироқ 20 октябрдан бошлаб ушбу каналларнинг ёпилиши ортидан Гулнора Каримова ҳам ўзбек матбуоти назаридан четда қола бошлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.