BBC navigation

Ўзбекистон – ички миграция: “Кунига 18 соат ишлашга мажбурмиз”

Сўнгги янгиланиш 18 декабр 2013 - 13:22 GMT
Қишлоқлардаги ишсизлик айрим одамларни пойтахт Тошкентга ҳайдаган

Қишлоқлардаги ишсизлик айрим одамларни пойтахт Тошкентга ҳайдаган

Миллионлаб одамларнинг четга иш излаб кетиши манзарасида Ўзбекистоннинг ичида ҳам ички миграция ўта кучли эканлиги айтилади. Жойлардаги ишсизлик одамларни саноатлашган йирик шаҳарлар ва пойтахт Тошкентга иш излаб келишга мажбур қилмоқда. Кўп ҳолларда қонунларнинг ишламаслиги ва бошқа тўсиқлар ушбу меҳнат муҳожирларининг ноинсоний шароитларда яшаб ишлашга мажбур этаётгани айтилади.

Исми ўзгартирилган Акмал Самарқанд вилоятидан пойтахт Тошкентга келиб ишлайди. Шаҳардаги кичик тадбиркорлик субъектларнинг бирида ишлайдиган Акмал кунига 17-18 соат ишлашга мажбур.

“Эрталабки соат 6:00 дан кечки 11:30 гача ишлаймиз. Мен келганимдан бери мана шундай ишлашаяпмиз. Ундан олдин ҳам шундай ишлашган экан. Уч ойдан бери ишлаётганларга бошида эрталаб соат 6:00 дан кечки соат 6:00 гача деб айтган, лекин тунги 11:00 – 12:00 гача ишлашга мажбур бўлаяпмиз”.

Кунига узлуксиз 18 соат ҳафтасига 126 соат ишлаб биринчи ой синов бўлгани учун 300 минг сўм ёки 110 доллар маош, иккинчи ойдан эса ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб кўпи билан 700 минг сўм ёки 250 доллар маош олишади.

Кунига шунча вақт ишлашгани билан ҳафтада дам олиш куни йўқ. Буюртма кам бўлган вақти эса ҳар 15 кунда бир кун жавоб берилади.

Акмал пойтахтда қандолат маҳсулоти бўлмиш рулет ишлаб чиқарувчи корхонада 24 киши билан бирга ишлайди. Уч маҳал овқат берилади. Эрталаб “Ролтон” тез пишар кесмаси. Тушлик ва кечки овқатга гўштсиз макарон шўрва.

Акмалнинг айтишича, корхонада Булунғур туманидан келган 6 нафар қиз ҳам ишлайди. Фақат улар аёл киши бўлгани учун 1 соат камроқ ишлайди.

“Кечки вақт соат 9 да ишдан кетамиз деб жанжал қилишади. Лекин жавоб бермасдан соат 10 гача ишлатади”, - дейди у.

"Иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошиши мумкин эмас. Ходимнинг ёши ва меҳнат шароитларига қараб 40 соатдан камайиб боради. Бу нарса Меҳнат кодексида белгилаб қўйилган"

Акмалнинг билдиришича, иш берувчи бу қизларнинг паспортларини олиб қўйган. Янги йилда қайтиб бераман деган ваъда берган. Қизлар 3 ойдан бери шундай шароитда ишлашга мажбур.

17 нафар эркак ишчи корхона жойлашган уйдаги бир хонада туришади. Хона икки қаватли каравотлар билан тўлдирилган. Қизлар ўша маҳалладаги уйларнинг бирида ижарада туради.

Акмалнинг таъкидлашича 25 нафар ишчининг ҳаммаси вилоятдан келган, пропискаси бўлмагани сабаб мана шундай шароитларда ишлашга мажбур.

Жиззахлик Асадулло бир мунча вақт илгари Тошкентга бориб ишлаб келган. У кичик хусусий корхонада тиш тозалагич ишлаб чиқарган.

“Эрталаб соат 8:30 иш бошлардик, кечқурун соат 9 гача 12 соатча ишлардик. Иш қийин эмасди. Енгил лекин сал бош оғриқли иш. Ҳафтада дам олиш берилмасди. Ҳар замонда ишим чиқиб қолганда жавоб сўра турардим. Лекин қатнаб ишлайдиган тошкентлик маҳаллий ишчилар якшанба куни дам оларди”.

Ҳозир у ерда Асадуллонинг қариндошлари ишлайди ва кунига 11 соатдан кўп ишлаган ҳолда 13 минг сўм ёки 4,5 доллар ҳақ олади. Ишламаган кунига маош чиқмайди. Маҳаллий аҳоли ҳам шунча ҳақ олади. Аммо улар 8 соат ишлайди. Вилоятдан келган ишчиларнинг ортиқча ишлаган ҳаққи ётоқ ва овқатга чегириб қолинади.

Бундай корхоналарнинг эгалари пропискани текшириб келувчи участка нозирларига пул бериш билан муаммони бартараф қилишиди. Асаддулло бунга бир неча маротаба гувоҳ бўлган.

“Янги йил ёки шунга ўхшаш байрам арафасида милиция келаяпти, деб югуриб қолишарди. Милиция келиши билан бригадир раҳбарга телефон қиларди. Раҳбар келиб участковойга 50-100 минг сўм қистириб юборарди”.

Бу каби кичик хусусий корхоналарда кўп ҳолларда ишчи ва иш берувчи ўртасида шартнома тузилмайди. Натижада иш берувчи ишчиларни ўзи истаган режим ва шароитда ишлатади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан ишонч телефонини кўтарган Меҳнат кодекси бўйича бир ҳафталик иш вақти 40 соатдан ошмаслиги кераклигини айтади.

“Иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошиши мумкин эмас. Ходимнинг ёши ва меҳнат шароитларига қараб 40 соатдан камайиб боради. Бу нарса Меҳнат кодексида белгилаб қўйилган”.

Ходим Касаба уюшмаси фақат унга аъзо корхона ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олишини билдирди. Унга кўра қолган вазиятларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуғулланади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигидан бу масалада жавоб берувчи шахсни топа олмадик. Давлат ҳуқуқ инспекцияси бўлимидан ҳеч ким телефон гўшагини кўтармади. Вазирликнинг ишон телефонлари эса веб саҳифада кўрсатилмаган.

Тошкент вилоятидаги корхоналарнинг бирида иш юритувчи бўлиб ишлаган суҳбатдошимизнинг билдиришича, уларнинг корхонасига ишчиларнинг шароитларини ўрганиб бирорта ҳам назорат органи келмаган.

Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Суърат Икромов кичик корхоналарнинг ишлаши барқарор бўлмагани сабаб улардаги меҳнат ҳуқуқини текшириш одатда амалга ошмаслигини айтади.

“Масалан, битта туманда бундай кичик корхоналар 100-200 та бўлиши мумкин. Биттаси очилиб, 3-4 ойдан кейин ёпилади. Шунинг учун бу нарсанинг кўп муаммолари бор. Буни ҳал қилиш учун Тадбиркорлар палатаси ҳаракат қилиши керак,” – дейди Суърат Икромов.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.