Лола Каримова-Тиллаева ўз опасини маҳкамага тортиш билан таҳдид қилмоқда

  • 13 Декабр 2013
  • изоҳлар
Гулнора Каримова оиладаги можарода синглиси ва онасини айблаган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизлари ўртасидаги ошкора адоват Лола Каримова-Тиллаеванинг ўз опасини маҳкамага тортиш ҳақидаги таҳдиди билан янада авж олди.

Каримова-Тиллаева хоним бир баёнот эълон қилиб, опаси ўзига бўҳтон қилганини даъво қилган ва айни масала юзасидан ўз адвокатлари билан маслаҳатлашаётганини билдирган.

"Юзага келган вазият бизга адвокатларимиз билан маслаҳатлашувларни бошлаш ва Гулнора Каримовага қарши инсон шаънини таҳқирловчи баёнотлар билан боғлиқ маҳкама даъвосини кўриб чиқишдан бошқа имкон қолдирмайди", дейилади баёнотда.

Баёнотда бўҳтон оҳангидаги шарҳлар ижтимоий тармоқ сайтлари ва матбуот орқали қилингани иддао этилган.

Унда айнан қандай шарҳлар экани айтилмайди, аммо Гулнора Каримова ўз синглисини Твиттер микроблогида қайта-қайта танқид қилган.

Маҳкамага тортиш таҳдиди Гулнора Каримова Туркиянинг "Ҳуррият" рўзномасига батафсил мусоҳаба беришидан бир неча кун ўтиб янграмоқда.

Унда Президентнинг тўнғич қизи ўзи юз тутган муаммоларда "қора пиар"ни айблайди.

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши жиддий ҳаракатлар бошланган, жумладан, унинг Фонд Форум ташкилоти ёпиб қўйилган.

Ушбу ташкилот юқори даражадаги маданий тадбирлар, қўшиқ танловлари ҳамда оммавий ҳайрия тўйлари орқали Гулнора Каримовани кўз-кўз қилиб келган.

Ўзига қарши ҳаракатларга Гулнора Каримова Твиттер ижтимоий тармоқ сайти орқали жавоб берган ва қудратли хавфсизлик хизмати дохил, давлатни бошқараётган асосий шахслар ва идораларни танқидга тутган.

Унинг синглиси ва онаси ҳам бу аёвсиз танқидлардан бенасиб қолишмаган.

"Ҳуррият" рўзномасига берган интервюсида Гулнора Каримова синглисини оиладаги можарога сабабчи бўлишда айблаган.

"Ҳамма нарса синглимнинг Би-би-сига берган интервюсидан сўнг бошланди", деб ёзган у Лола Каримова-Тиллаеванинг сентябрда Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатига ишора қилиб.

Суҳбатда опа-сингилларнинг ўн икки йилдан буён гаплашмасликлари айтилганди.

Лола Каримова-Тиллаева хали ҳам Ўзбекистоннинг UNESCO даги элчиси

Гулнора, шунингдек, синглисини молиявий қилмишларда ҳам айблаган.

Опа-сингилларнинг салмоқли бойликларга эгалик қилишлари ҳақидаги фаразлар анчадан буён айтиб келинади.

Уларнинг ҳар иккаласи Ўзбекистоннинг юқори мартабали дипломатлари сифатида хизмат қилиб келишган ва ҳайрия ташкилотларини бошқарганлар

Лола Каримова-Тиллаева хали ҳам мамлакатнинг UNESCO даги элчиси.

Оиланинг бизнес манфаатлари ҳақида эса кўп нарса маълум эмас.

Сентябрда Би-би-сига берган жавобларида Каримова-Тилаева хоним Bilan журнали ўзи ва турмуш ўртоғини Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатига киритганидан таажжуб изҳор қилган.

"Биз ўзимиз ҳам бизни Швейцариядаги бойларнинг қайси қаторига қўшишаётганларини кўриб ҳайрон қолганмиз ва бугунгача турмуш ўртоғим билан бу борада ҳазиллашиб келамиз", деб айтган у ва матбуотда келтирилган рақамларнинг "ҳақиқатдан узоқ" эканини таъкидлаган.

Ўз оиласининг бойлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Каримова-Тиллаева хоним турмуш ўртоғи савдо ва нақлиёт ширкатларида ўз ҳиссасига эга эканини айтган ва у миллий тендерлар, табиий бойликлар билан боғлиқ саноатдан узоқда тургани ва ҳеч қандай солиқ имтиёзларига эга бўлмаганини таъкидлаган.

Каримова-Тиллаева хоним ўзларининг Женевадаги кўп миллион долларлик ҳашаматли уйлари асосан ипотека ҳисобидан молияланганини илова қилган.

"Ҳуррият" рўзномаси билан суҳбатда унинг опаси Гулнорадан ҳам бойликлари ҳақида сўралган.

Гулнора Каримова ўзининг медиа ва бизнес империялари ҳақидаги саволдан кулган.

Айни пайтда у ўзи ишлаган Швейцария ва Франция каби мамлакатларда кўчмас мулк ва маълум сармояларга эга эканини эътироф этган, аммо уларда қонунга хилоф ҳеч нарса йўқлигини таъкидлаган.