BBC navigation

Ўзбекистон: Фикр юритишни чекловчи Конституция

Сўнгги янгиланиш 7 декабр 2013 - 06:42 GMT
Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши муқаррар эканлиги айтилади

Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши муқаррар эканлиги айтилади

Ўзбекистон республикаси Конституциясининг қабул қилинганига бу йил 21 йил тўлади. Давлат энг мукаммал ва инсонпарвар дея кўкларга кўтарувчи Конституцияни баъзилар хато ва камчиликларга бойлигини таъкидлашади. Кузатувчилар конституцияда шахс эркинлиги ва ҳуқуқларидаги чекловларга эътибор қаратишади. Бош қомусдаги қонунларга ҳаволалар ҳам танқид остига олинади.

Конституция куни яқинлашиши билан ўзбекзабон твиттер фойдаланувчилари ундаги айрим камчилик ва англашмовчиликка эътибор қаратишди.

@kainbek номли юзер конституциядан ҳеч нарса устун бўлмаслиги кераклигини ёзади. Бироқ Ўзбекистон республикасининг Конституцияси қонунга ҳаволалар қилиш орқали ўз қийматини йўқотгандек.

“Конституция ҳеч қачон қонунга ҳавола қилмаслиги лозим. Яъни конституцияда ҳаммаси аниқ ва тиниқ ёзилмоғи керак. Афсуски, бизнинг Бош Қомусимизда жуда кўп ҳолатларда қонунга ҳавола қилиш ҳолатлари учрайди. Айримлари: 18-модда: "...Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт." 21-модда: "...Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади", - деб ёзади @kainbek.

Унга кўра агар конституция қонунга ҳавола қиладиган бўлса, унинг обрўйи ва кучи қолмайди. Конституция аниқ бўлиши керак.

Конституция қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда маъруза қилган президент Ислом Каримов Бош қомусдаги тамойил ва қодалари пухта ўйланганлигини таъкидлаган. У 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилган.

“1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистон тарихида, узоқ, давомли мақсад ва вазифаларимизни аниқ белгилаб беришда ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ишончли ва ҳал қилувчи омил бўлди, деб таъкидлашга барча-барча асосларимиз бор”, - деган Ислом Каримов.

Ўйлашни ҳам чекловчи Конституция

21 йилдан бери амал қилиб келаётган Ўзбекистон Республикасининг конституцияси варақласангиз “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” бобида фуқароларнинг эркинликлари билан бирга чекловлар ҳам киритиб кетилган.

"Эркинлик бу Тепадан берилади, уни бандаси чеклашга ҳаққи йўқ. Эркинлик чекланмайди. Яшаш, фикрлаш, виждон — бу эркинлик. Ҳуқуқ эса чекланиши мумкин. Яъни сайлов ҳуқуқи, таълим олиш ёки тиббий хизмат олиш ҳуқуқи чекланиши мумкин. Шунинг учун эркинлик, ҳуқуқ бутун инсоният учун универсал, ўзбекча ҳуқуқ ва эркинлик бўлмайди, қайта велик кашф қилиш керак эмас"

29 моддада шундай ёзилади:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”.

Ушбу моддада бошқа чеклашларнинг нимадан иборатлиги ҳақида бирор изоҳ ёки шарҳ берилмаган.

29 модданинг иккинчи сатридан бошлаб фикр юритиш эркинлиги қонун билан чеклаш мумкинлиги ёзиб қўйилган.

“Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”, - дейилади конституцияда.

Мустақил журналист исми ўзгартирилган Нодирбек бу моддани амалда қўллашнинг иложи йўқлигини айтади.

“Албатта, ҳаётда бундай бўлишнинг иложиси йўқ-ку. Сиз фикр юритаяпсиз. Хоҳласангиз фикрингизни ўзингизда сақлаб қолишингиз, истасангиз билдиришингиз мумкин. Амалий нуқтаи назардан бу нарсанинг умуман иложи йўқ”.

Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Суърат Икромов фикр юритишни чеклашни тасаввур қилиб бўлмаслигини билдирди.

“Буни тасаввур қилиб бўлмайди. Масалан, одам фикр юритаяпти, фикр эркинлиги бўлади. Давлат сирлари бўйича фикр юритилмасин дейилаяпти. Бу ақлга сиғмайдиган гап”, - дейди Суърат Икромов.

Эътиқод эркинлиги конституция белгилаб берилган бўлса ҳам ўша моддада қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бу эркинликни чеклаши мумкинлиги ҳақида ёзув оқибатида Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан ортиқ сиёсий ва диний маҳбусларнинг сақланаётгани айтилади.

Эътиқод ва сўз эркинлиги чекланганлиги сабаб яна кўплаб одамлар Ўзбекистондан қочишга ва бошқа ўлкалардан қочқинлик мақоми олиш мажбурияти остида қолмоқда.

Ислом Каримов Конституция қоида ва тамойилларини пухта ўйланган, дейди

Ислом Каримов Конституция қоида ва тамойилларини пухта ўйланган, дейди

Твиттер фойдаланувчиси @kainbek давлат сирларини қўриқлаш давлатнинг вазифаси эканлигини уни ғаразсиз эълон қилган одам жазоланмаслиги кераклигини айтади. Унга кўра эркинликни чеклаб бўлмайди.

“Эркинлик бу Тепадан берилади, уни бандаси чеклашга ҳаққи йўқ. Эркинлик чекланмайди. Яшаш, фикрлаш, виждон — бу эркинлик. Ҳуқуқ эса чекланиши мумкин. Яъни сайлов ҳуқуқи, таълим олиш ёки тиббий хизмат олиш ҳуқуқи чекланиши мумкин. Шунинг учун эркинлик, ҳуқуқ бутун инсоният учун универсал, ўзбекча ҳуқуқ ва эркинлик бўлмайди, қайта велик кашф қилиш керак эмас”, - деб ёзади @kainbek.

Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқи борлиги кўрсатилган, аммо ўша ернинг ўзида бу ҳуқуқлар чекланганини кўриш мумкин. Натижада ҳаётда бу ҳуқуқларнинг ўта қўпол равишда бузилаётганига гувоҳ бўласиз.

Конституциянинг 28 моддаси фуқароларнинг республика ҳудудида ҳаракатланиш ва ундан чиқиш ва келиш ҳуқуқи ҳақида ёзилади. Бироқ қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно эканлиги ҳам белгилаб кетилган.

Бунинг натижасида ҳозир Ўзбекистонда прописка режими киритилган бўлиб, фуқаро бошқа шаҳардан пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятига келиб кўпроқ юриши ва ишлаши чекланади.

Чиқиш визаси жорий қилингани боис ҳукумат ўзи истамаган шахсларнинг четга чиқиш ҳуқуқларини чеклайди. Яқинда Ўзбекистон МТРК ходимларининг ҳам хорижга чиқишга тўсиқлар қўйилгани маълум бўлди.

Мустақил журналист Нодирбек конституция эркинликларга нисбатан белгиланган чекловларни давлат ўз манфаатида ишлатаётганини айтади.

“Бу давлат томонидан ўзларининг мақсадлари учун фойдаланишга ва ҳар куйга солишга имкон берадиган чекловлардир. Яъни ҳукуматга ёқмайдиган жиҳатлар пайдо бўлса, ўша қонун ости ҳужжатларни келтиришиб, кўрсатишади”, - дейди Нодирбек.

“Ҳали пишмаган Конституция”

Мухолифат фаоли Намоз Нормўмин конституцияни парламентда қабул қилишда мухолифатнинг фикр ва эътирозлари инобатга олинмаганини айтади.

“Ўша вақти мухолифат таъсир кучини ўтказа олмаган. Чунки Каримов “биз дунёнинг ҳамма тарафидан тажрибаларни ўрганаяпмиз ва ҳ.к.з” деб шу тарзда қабул қилинди. Аммо ўша вақти мухолифат ёки жамоатчиликнинг фикрини инобатга олишга имкон бориди. Мухолифатнинг газетаси чиқарди. Ҳеч бўлмаса номига бўлса ҳам партия, ҳаракатлар бор эди. Лекин афсуски, уларнинг фикр ўша вақти эътиборга олинмаган”, - дейди Намоз Нормўмин.

Ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов конституция қабул қилинаётган вақтида унинг устида ишлаган юристлар унинг ҳали хомлиги ва кўп жиҳатлари қайта кўриб чиқилиши , қўшимчалар киритилиши кераклигини айтишган.

“Мега маълум бўлишича, ўша вақти президент конституцияни декабр ойи бошида қабул қилиш керак деб қаттиқ туриб олган. Менимча, конституция ҳали чала. Орадан 21 йил ўтган бўлса ҳам ҳар бир модданинг шарҳи ҳали ҳам чиққани йўқ”.

Мутахассилар Ўзбекистон республикаси Конституцияси ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тузилмаганини ва вақти келиб ушбу моддаларга ўзгартиришлар киритилиши тайин эканлигини таъкидлашади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.