BBC navigation

Ўзбекистон: Давлат оилаларга ғамхўрми?

Сўнгги янгиланиш 4 декабр 2013 - 15:32 GMT
Ижтимоий сўровдан фарқли равишда аҳоли энергия муаммоларига дуч келаётганини айтади

Ижтимоий сўровдан фарқли равишда аҳоли энергия муаммоларига дуч келаётганини айтади

“Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг қарийб 90 фоизи давлатининг оила муаммоларига қаратаётган эътиборини юксак баҳолаган. Оиланинг фаровонлиги тўғрисидаги саволга ҳам 75 фоизга яқин иштирокчи “жуда яхши” ва “яхши”, деб белгилаган.

Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар берган. “Оила ва маънавият” мавзусидаги ижтимоий сўровда неча киши ва қайси қатлам вакиллари қатнашгани борасида ҳеч нарса дейилмайди. Маълум бўлгани унда қишлоқ аҳолиси ҳам қатнашган.

Натижаси ҳукуматнинг оддий инсонлар ҳаётида тутган ўрнига юксак баҳо берувчи ва тўғри сиёсат олиб борилаётганини тасдиқловчи бундай сўровномалар Ўзбекистонда тез тез ўтказилиб турилади.

Би-би-си ушбу сўровдан келиб чиқиб ўзининг кичик тадқиқотини ўтказишга ҳаракат қилди.

Фарғона шаҳри ёшларидан Абдусаттор билан боғланиб ундан оиласига нисбатан давлат томонидан эътиборни ҳис қилиб қилмаётгани ҳақида сўрадик.

“Олдин “Кабоол Фарғона” текстил корхонасида ишлардим. У ерда ишлагим келмасдан чиқиб кетдим. Иш излаб Меҳнат биржасига бордим. Дипломимни кўрсатдим. Мени қурилиш соҳасида 10 одамга бригадир қилиб қўйишди. Ойига қўлимга 700 минг сўм маош тегади”, дейди Абдусаттор.

Абдусаттор ижтимоий сўровда қатнашган 90 фоиз одамнинг ижобий фикри ҳақиқатга яқин эканлигини таъкидлайди.

“Ўтган сафар ҳокимиятда мажлис бўлганида бордим. Ҳоким кимга иш ва кредит керак бўлса ёки банкда муаммо бўлса менга учранглар деди. Катта катта банкнинг хўжайинлари ва бошқа раҳбарларни тургизиб, неча соатнинг ичида ҳал қилиб берасан, деб сўради. Хуллас 90 фоиз одам ижобий деб жавоб берганига қўшиламан”, дейди Абдусаттор.

Бироқ Жиззахлик уй бекасининг айтишича, у давлат томонидан оиласига эътибор берилганини сезмаган.

“Неча йилдан бери яшаётган бўлсам, ҳеч ким менга ёрдам бермаган. Фақат хўжайиним боқади бизни. Бошқа ҳеч ким ёрдам қилмайди лекин. Топгани етмаса ҳам амал тақал қилиб етказишга ҳаракат қиламиз”.

Бухоролик Ҳамид ака давлат томонидан ғамхўрликни шахсан ҳис қилаётганини билдирди.

"Биз Россиядан пул ва майда чуйда юборишимиз мумкин. Лекин халққа газ ва чироқ юбора олмаймиз"

“Худога шукр яшаб юрибмиз. Сув, газ, чироқ бор. Ҳаётимиз яхши. Президентимиз бошимизда соғ”.

Бироқ Ҳамид аканинг айтишича, иш йўқлиги сабаб Россияга бориб ишлаб келади. У яшаётган ҳудуддаги аксар эркаклар оилани тебратиш учун Россияга бориб ишлашга мажбур.

Пахтакор туманидан ёлғиз она ва ҳеч қаерда ишламайдиган исми ўзгартирилган Холбуви опага давлат фарзанди учун моддий ёрдам беради. Аммо Холбуви опа бу ёрдам етарли эмаслигини айтади.

“Ҳеч қаердан ёрдам олганим йўқ. Фақат маҳалладан бу йилдан бошлаб ёрдам пули оламан. Уни ҳам югуриб, маҳалланинг раисига бориб ялиниб ёлвориб бир йилда шароити оғирларга 119 минг сўм моддий ёрдам беради. Лекин берган пули ҳеч нарсага етмайди. Ўғлим мактабда ўқийди. Китоб, дафтар, кийим ва озиқ овқат дегандай еткизолмайман. Унинг устига даволанишим керак, аммо шифохонада ётишга ҳам ҳозир имкониятим йўқ,” – дейди Холбуви опа.

Холбуви опа сўровномада иштирок этган 90 фоиз одамнинг давлат томонидан эътибор берилаяпти деб жавоб берилиши бўрттирилган эканлигини айтади. У яшаб турган жойдаги одамлар бундай эътиборни сезмаяпти.

“Давлат томонидан газ кўтарилди, электр ўчиб қолаётган бўлса ҳам ёниб турибди. Лекин бу 90 фоиз одам қониқаман деганини билдирмайди. 50 фоиз бўлиши мумкин. Бу нарсалар бизда бўлгани билан бошқа жойда йўқ. Ишлайин десак бизда иш йўқ. Бу ердаги 60-70 фоиз аҳолиси Россияга бориб ишласа, эркакларга қўшилиб аёллар ҳам кетиб бораётган бўлса”.

Бухородаги коллежларнинг бирида дарс берувчи суҳбатдошимиз бирор муаммо билан давлат органларига мурожааат қилмагани айтади. Уйдаги газ йўқлиги муаммосини эса ўзи ўтин топиб ҳал қилишни афзал билади.

“Давлат идораларига бирор муамммо билан чиққаним йўқ. Ўзим ишлаганим учун бу нарсага қизиқмаганман. Масалан қўшни қишлоқларда газ бор. Лекин бизнинг қишлоғимиз тармоқдан узилган. Газ нима учун йўқлиги билан билан қизиқиб ҳам кўрмаганман. Буни қишлоқ оқсақоллари ҳал қилсин. Болаларим катта бўлиб қолган, печкага ўтин ёқиб ўтираверамиз”, - дейди коллеж ўқитувчиси.

Ғиждувонлик олий маълумотли Шокир ака бир неча йилдан бери Россия кўчаларини супиради. Оиласи билан кўчиб кетган Шокир ака ватанга камдан кам келиб туради. Аммо ҳамқишлоқларининг газ ва чироқ борасидаги муаммоларини телефон орқали тез тез эшитади.

“Оилавий муаммони ечмасин, ўзининг ҳукуматлик бурчини бажарсин, тамом. Бизнинг қишлоқ энг чекка қишлоқлардан ҳисобланади. У ерда газ ва чироқ масаласи умуман унитилган. Халқ ўрта аср қолоқлигида яшаяпти. Шундай ҳолатда мен қандай қилиб Ўзбекистон ҳукумати халққа ёрдам бераяпти деб айта оламан”.

Шокир ака давлатдан ишсизлик борасидаги муаммоларни ҳал қилиб беришни сўрамаслигини айтади, балки давлат четга экспорт қилаётган газ ва токдан ўз халқига ҳам бериши керак.

“Биз ишсизлар Россияга келиб қорнимизни тўйғазаяпмиз. Лекин чироқ билан газни бошқа давлатга экспорт қилиб халқидан қийишига нима дейсиз. Биз Россиядан пул ва майда чуйда юборишимиз мумкин. Лекин халққа газ ва чироқ юбора олмаймиз”.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.