Тошкентлик инсон ҳақлари фаоли жаримага тортилди

  • 1 Декабр 2013

Тошкент шаҳар жиноят ишлари маҳкамаси норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоли Шуҳрат Рустамовга 8 миллион сўмлик жарима солиш ҳақидаги ҳукм чиқарган.

Шуҳрат Рустамов фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиб ёзган шикоят аризалари учун сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган, унга туҳмат ва конституциявий тузумга тажовуз қилиш бўйича айблов қўйилганди.

Охирги маҳкамада прокурор уни 6 йиллик қамоқ жазоси ва энг кам иш ҳақининг 300 баравар миқдорида жаримага тортишни сўраган эди.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, ўзига қўйилган 159-модда бўйича айблов олиб ташланган бўлса-да, суд уни тўла оқламаган.

"Менинг якуний сўзимдан кейин бир соат маслаҳатга кириб кетишгач, конституциявий тузумга тажовуз бўйича айблов олиб ташланиб, жаримага тортиш қолдирилди.

Менга 159 модда билан жиноий иш очишнинг ўзи қонунбузарлик. Расмий идораларга шикоят аризаси ёзганим, яна фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилганим тузумга тажовуз деб баҳоланяпти. Прокуратура органларига ёзган шикоят аризаларим эса умуман кўрилмади, олдин уларни кўриб чиқиш, кўрсатилган масалалар бўйича прокуратура хулоса билдириши керак аввало. Терговчига бу ваколат берилмаган. Уларнинг ўзи Жиноят кодексининг 206 моддаси бузишди", -дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоли чиқарилган ҳукм юзасидан 2 декабр куни апелляция тартибида шикоят аризаси ёзишини билдирди.

Шуҳрат Рустамов ўзига нисбатан босимлар Зомин туман ҳокими устидан шикоят қилган жиззахлик фермер Алиқул Саримсоқов ҳимоясига чиққанидан кейин бошланганини айтганди.

"Ҳакам ҳам нима қилсин, ўзи мустақил бир иш қилолмайди. Мени оқлаб қарор чиқарса, сохта айблов қўйганларни жиноий ишга тортиши керак бўлади. У ҳам оиласини боқиши керак. Бундай ҳукм чиқарса, ишсиз қолиши табиий",- дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қонунбузарликларни гапирган ҳуқуқ фаоли.

Бу мавзуда батафсилроқ