BBC navigation

Усмонов: "Инглиз клубларини хорижликлар сотиб олаётгани - яхши нарса"

Сўнгги янгиланиш 30 ноябр 2013 - 12:44 GMT

Британиянинг энг бадавлат кишиси ва "Арсенал" клубининг етакчи ҳиссадори Алишер Усмонов футбол клубларининг хорижликлар томонидан сотиб олиниши инглиз футболи учун фойдали эканини айтган.

Миллиардер Усмонов ўтган олти йил ичида "Арсенал"нинг 30% ҳиссаларини сотиб олишга 320 миллион доллардан ошиқ пул сарфлаган. Унинг умумий бойлиги 21 миллиард доллар атрофида экани белгиланган.

Жаноб Усмонов клубнинг кўпроқ акцияларига эгалик қилувчи америкалик ҳиссадор Стэн Кронке билан зиддиятга кирганди. Усмонов Кронке ва "Арсенал"нинг бош менежери Айван Газидисни клубда етарли молиявий заҳиралар бўлишига қарамай, Арсен Венгер бошчилигидаги жамоани етарлича молияламаганликда айблаганди.

У аввалроқ, шунингдек, агар Кронке ўз ҳиссаларини сотишни истаса, "Арсенал" устидан тўла назоратни қўлга олиш нияти борлигини ҳам айтган.

Би-би-сининг спорт бўйича муҳаррири Девид Бонд "Шунча инглиз футбол клублари хорижликлар қўлида экани тўғри амалми?" деб сўраганида жаноб Усмонов қуйидагича жавоб қайтарди: "Бу баъзи одамлар ўз мақсадини кўзлаб берадиган сунъий савол. Ҳар қандай одам ўзи истаган нарсасини сотиб олишга ҳақли."

"Бизда Кронке бор, Лернер бор, мана энди кўплаб осиёлик эгалар пайдо бўлаяпти. Ўйлайманки, клуб муваффақиятли чиқиш қилса, муаммо бўлмайди. Лекин, бу муваффақият бўлмаса, дарров ҳамма айбдорни қидира бошлайди," - деди жаноб Усмонов.

Охирги йилларда Британия премьер лигасига сармоя киритган хорижликлар орасида 2003 йилда "Челси" клубини сотиб олган россиялик миллиардер Роман Абрамович, 2005 йилда "Манчестер Юнайтед"ни сотиб олган америкалик Малколм Глейзер ва 2008 йилда "Манчестер-сити"ни сотиб олган Абу-Даби зодагони Шайх Мансур бор.

"Мен бу инглиз футболи учун яхши нарса эканига ишончим комил. Сармоядорлар иқтисодга, британ футболига пул ётқизсалар, улар бу мамлакатдаги кўнгилочар иқтисоднинг бир қисмига айланадилар," - деди асли ўзбек миллиардер.

Ўтган йили Усмоновнинг "Арсенал"даги ҳиссаларини бошқарувчи Red and White Holdings сармоя ширкати клуб раҳбариятига очиқ мактуб йўллаб, раҳбариятни ўта қаттиққўл молиявий сиёсат юрғизишда, ҳамда чипталар нархини ошириб, ўз хусусий ҳиссаларини бойиб қолиш йўлида пуллашда айблади.

Мактубда, шунингдек, "Арсенал" етарлича молияланмагани туфайли Робин ван Перси "Манчестер Юнайтед"га ўтиб кетгани даъво қилинди.

Лекин, ундан бери "Арсенал" халқаро классга эга футболчи Мезут Озилни 42,5 миллион фунтга сотиб олди ва ҳозирда Премьер лигада биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Жаноб Усмонов клуб мавсумни муваффақият билан бошлаганидан жуда мамнун эканини айтди, аммо айни дамда раҳбариятнинг хатоларига эътиборни қаратишда давом этишини билдирди.

"Мен ҳеч қачон клуб ёки қайсидир одам ҳақида ёмон гапирмаганман. Мен нималарни самаралироқ қилиш мумкинлиги ҳақида гапирганман, холос. Мен бунга ҳақлиман," - деди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.