BBC navigation

"Ҳидоят сари" кўрсатувидаги мавзу Гулнора Каримовага боғлиқ эмас"

Сўнгги янгиланиш 26 ноябр 2013 - 13:11 GMT

"Сўз туфайли оилалар бузилади. Сўз туфайли жамиятда нотинчлик бўлади. Шунинг учун тилимизга эҳтиёт бўлайлик", деб айтган Анвар қори.

Ўзбекистон Давлат телевидениесининг "Ҳидоят сари" кўрсатуви одамларни ота-онага нисбатан хушмуомала бўлишга чақирган.

Ушбу кўрсатув президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқда, ўзининг Твиттер саҳифасида онасини танқид қилган қатор чиқишлари ортидан эфирга берилгани эътиборни тортган.

"Ҳидоят сари" диний-маърифий кўрсатуви томошабинларни "интернетда ва хориж оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган "турли текширилмаган ва туҳматона хабарлар"дан огоҳ бўлишга чорлайди.

20 дақиқали кўрсатувда исломий қадриятлар тўғрисида сўз бориб, "ота-она ҳақида ёмон гапларни айтиш катта гуноҳ" экани эслатилади. Кўрсатувни олиб борган Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсунов ёмон сўзларни текширмасдан тарқатиш "улкан гуноҳ"лигини айтади. "Бундай сўзлар жамиятда беқарорликни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун келинглар, нима ҳақида гапираётганимизга эҳтиёт бўлайлик", дейди Анвар қори.

Кузатувчилар кўрсатувда президент қизи ҳақида сўз бормасада, Гулнора Каримованинг оила аъзолари ва мамлакатнинг юкори лавозимли мулозимлари тўғрисида айтган ошкораликларидан кейин берилиши кўрсатув унга қаратилган деган фикрни айтишмокда. Айниқса мана бу сўзлар шундай фикрларни туғдиради.

Гулнора Каримова онаси Татяна Каримовани ўзини йўқ қилиш билан таҳдид қилганликда айблади.

"Сўз туфайли оилалар бузилади. Сўз туфайли дўстларнинг алоқаси узилади. Сўз туфайли жамиятда нотинчлик бўлади. Шунинг учун тилимизга эҳтиёт бўлайлик", дейилади кўрсатувда.

Гулнора Каримова қатор твитларида онаси ва синглисини жодугарликда, пулга сиғинишда ва айнан онасини ўзини йўқ қилиш билан таҳдид қилганликда айблаган эди.

Ўзбекистон телевидениеси журналистининг сўзларига кўра, ушбу кўрсатувдаги гапларни айнан Гулнора Каримовага боғлаш нотўғри бўлади.

"Ҳар бир кўрсатув тайёрланишидан олдин муҳарририятга йиллик ва ойлик кўрсатувларнинг режалари берилади. "Ҳидоят сари" кўрсатуви ҳам йиллик режа асосида тайёрланадиган доимий кўрсатув. Унинг куни кеча эфирга узатилган сони "Тил офатлари" мавзусига бағишланган. Кўрсатув услубидан келиб чиққан ҳолда тилни асраш, гапирадиган гапини ўйлаб гапириш каби жиҳатларга қаратилган. Бу нафақат ҳозир, ҳар бир замонда долзарб бўлиб келган мавзу. Одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган ҳам, улар ўртасига нифоқ соладиган ҳам тилдир. Шунинг учун кўрсатувдан бошқа маъноларни қидириш нотўғридир", деб айтди телевидение муҳаррирларидан бири.

Бундан олдин хам Ўзбекистон телевидениесида, шунингдек хотин-қизлар қўмитасидаги йиғилишда аёлларга хорижнинг кийиниш маданиятига тақлид қилмаслик, ишга сипо, ўзбекона маданиятга тўғри келадиган кийимда келиш кераклиги уқтирилган.

Лекин бу каби насиҳатлар турли маданий тадбирларга ҳаддан ташқари очик кийимларда иштирок этган президент қизига канчалик талуқлилиги изоҳланмаган.

Гулнора Каримова фаолиятининг ривожланиши билан уни отаси Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўри бўлиши мумкин, деган фаразлар айтиб келинаётганди.

Лекин сўнгги ўзгаришлар орқасидан президент қизи ўзида президентлик амбициялари йўклигини ёзди.

Охирги ойларда Гулнора Каримова халқаро матбуот саҳифаларининг марказидаги шахсга айланди. Бунга бир тарафдан Оврўпо мамлакатларида очилган текширувлар, бошқа тарафдан унинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги боис бўлди.

Ўзига қарши тазйиқлар ҳақида мутассил хабар бериб келаётган Каримованинг Twitter саҳифаси шу кунларда бир неча марта очилиб-ёпилиб турибди.

Аввалроқ Гулнора Каримова ҳомийлиги остидаги "Фонд Форум" жамғармаси ўз фаолиятини тўхтатганди.

Шунингдек унга қарашли телерадиостанциялар, Тошкентдаги хорижий дўконлар бир кунда ёпилган ва жиноий иш қўзғатилган.

Мамлакат ичида президент қизига қарши мисли кўрилмаган ишлар бўлаётганининг асл сабаби кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.