Наманган: бир оиладан бир кунда олти тобут чиқди

  • 24 Ноябр 2013
Фожеа ҳақида кимки эшитган бўлса жанозага борган.

Наманган шаҳри яшовчиларининг хабар қилишларича, бутун вилоятни ларзага солган фожеа рўй берган.

Хорижда ишлаб чиқарилган автомобилнинг "Дамас" русумидаги автомашинага юзма-юз урилиши оқибатида олти инсон ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган.

Ҳодиса Наманганни пойтахт Тошкент билан боғлайдиган катта магистрал йўлда, "Машраб" истироҳат боғига яқин жойдаги автомобил ёнилғиси қуйиш шохобчаси ёнида рўй берган.

Кечга яқин қариндошларининг тўйидан қайтаётган бир оиланинг аъзолари ўтирган "Дамас" автомобилига бошқа автомобил катта тезликда келиб юзма-юз урилган.

Наманганлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Носир Зокирнинг Давлат автомобил назорати идораси ходимларига таяниб айтишича, ушбу йўл-транспорт ҳодисасининг буткул айбдори хорижда ишлаб чиқарилган автомобил эгаси бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёнилғи қуйиш шохобчасидан бензин ололмаган "иномарка"ни бошқарган шахс спиртли ичимлик ичган.

Маст ҳолда рулга ўтириб, катта йўлга чиққан.

Кучли урилиш оқибатида "Дамас" автомобили ичидаги эр-хотин, уларнинг "Дамас" автомобилини бошқариб келаётган ўғлининг рафиқаси, аёл қўлидаги чақалоғи ва яна икки яқини ҳалок бўлган.

"Дамас" ҳайдовчиси ва "иномарка" рулида бўлган шахс жароҳатланиб шифохонага ётқизилганлар.

Наманганнинг "Лола" мавзесида яшаган оиланинг дафн маросимига бу фожеа ҳақида "ким эшитган бўлса, ҳамма борди", дейди Носир Зокир.