Ўзбекистон сиёсатидаги асосий ўйинчилар кимлар?

  • 22 Ноябр 2013
Президент Ислом Каримов

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли бизнес империяси парчаланиши ортидан мамлакат элитаси ичида қудрат учун қақшатқич жанг бораётгани борасидаги гап-сўзларни урчиди.

Гулнора Каримованинг ўзи Миллий Хавфсизлик Хизмати бошлиғи Рустам Иноятовни қудратни қўлига олишга уринаётганликда айблади.

Хўш, Президент оиласидан ташқаридаги асосий ўйинчилар кимлар?

Панадаги қўғирчоқбоз

Рустам Иноятов: Миллий Хавфсизлик Хизматининг 69 ёшли бошлиғи Ўзбекистонда Президент Каримовдан кейин иккинчи қудратли шахс ҳисобланади.

Ҳукуматдаги аксар лавозимларни жосуслик хизмати собиқ зобитлари эгаллашгани ҳисобга олинса, мамлакат ҳаётидаги ҳар бир соҳа Иноятов назорати остида эканига ишонилади. Ва ҳеч ким унинг изнисиз амал курсисига ўтира олмаслиги ҳақида ҳам гапирилади.

"Ҳақиқатда, Президент Ислом Каримов кадрлар сиёсатини номига бошқаради. Лавозимларга тайинлаш ёки олиб ташлаш Миллий Хавфсизлик Хизмати бошлиғининг розилиги билан амалга оширилади", дейди эксперт Рашид Қурбонов Центразия.ру вебсаҳифасидаги мақолада.

Иноятов
Миллий Хавфсизлик Хизматининг 69 ёшли бошлиғи Ўзбекистонда Президент Каримовдан кейин иккинчи қудратли шахс ҳисобланади.

Генерал-полковник Рустам Иноятов 1944 йил жанубий Сурхондарё вилоятида туғилган. У ўзбек сиёсий элитаси ичидаги энг қудратли Тошкент клани лидери саналади. Мазкур клан ҳукуматдаги катта сонли асосий лавозимлар, жумладан, Молия, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликларини эгаллаб олган.

СССР КГБси - Давлат хавфсизлик қўмитаси сафида узоқ йил фаолият қилган Иноятов жаноблари 1995 йил мустақил Ўзбекистоннинг МХХ раҳбарига айланганди.

Экспертлар ўшандан бери МХХ давлат ичидаги ҳақиқий давлатга айлантирилганига ишонадилар. Айниқса, 2005 йил майида Андижонда юз берган ҳодисалар ортидан милиция хизмати Ички ишлар вазирлиги назоратидан олиниб, хавфсизлик хизматига қўшиб юборилганидан кейин яққол кўзга ташланди.

Сиёсатшунос Иннокентий Адясовнинг интернет саҳифаларидан бирига ёзишича, "ҳеч бир муҳим қарор Миллий Хавфсизлик Хизмати изнисиз олинмайди".

"МХХ Ўзбекистондаги барча иқтисодий ва сиёсий ҳаётни назорат қилади ва Президентдан бўлак ҳеч кимга ҳисоб бермайди", дейди Биржевой лидер вебсаҳифаси.

Иноятов муваффақият билан ўз сиёсий қудратини иқтисодий бойликка айлантира олган. Талгат Ибраевнинг Спик.кз саҳифасида ёзишича, у қатор корхоналар, банк ва сармоя жамғармаларига эгалик қилади.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг энг муҳим кўрилган пахта саноати, деярли барча молиявий ва ёқилғи таъминоти рафиқаси Флюра Иноятова ҳамда укалари раҳбарлигидаги ширкатлар орқали амалга оширилишига ишонишини айтади.

Ғарбпараст ислоҳотчи

Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари ва Молия вазири 55 ёшли Рустам Азимов - Ўзбекистон ҳукуматидаги яна бир қудратли сиёсий шахс.

Рустам Азимов 1958 йил таниқли ўзбек академиги Содиқ Азимов оиласида дунёга келган.

Рустам Азимов ислоҳотчи ва ғарбпараст сиёсатчи деб кўрилади

У матбуотда тез-тез Президент Каримовнинг эҳтимолий вориси сифатида тилга олинади.

Азимов ислоҳотчи ва ғарбпараст сиёсатчи ўлароқ билинади.

У бир неча йил банк тизимида, жумладан Ипак Йўли ҳиссадорлик инновацион тижорий банки бошлиғи сифатида фаолият олиб борган.

Сиёсатга 1991 йил, Президент Каримов уни янги ташкил этилган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банкига раис қилиб тайинлаши билан кириб келган.

Кўпда Ўзбекистон мустақиллик даври иқтисоди отаси деб кўриладиган Рустам Азимов 1998 йил Молия вазири лавозимини эгаллаганди.

Икки йил ўтиб, Каримов унга Бош вазирнинг бутун иқтисод бўйича ўринбосари лавозимини бериб, қудрати доирасини янада кенгайтирганди.

2013 йилнинг бошларида у жамоат ишларини қисқартириш бўйича ҳукумат комиссиясига раис сифатида тайинланиши ортидан у президентликка эҳтимолий номзод деган гап-сўзлар урчиган.

Аммо, танқидчилар Азимовни кундалик эҳтиёж моллари нархлари кескин ошиши ва энергетика танқислиги билан боғлиқ муаммоларда айблашади.

Рустам Азимов, шунингдек, Тошкент клани, жумладан, клан раҳбари Иноятовнинг дастагига эга.

Тоши оғир сиёсатчи

Кўринишидан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўз ўринбосари Рустам Азимовнинг мутлақ фарқ қилади.

Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан

У кўпда Президент Каримовнинг ўнг қўли ва Гулнора Каримованинг президентлик учун курашидаги асосий рақибларидан бири деб кўрилган.

Мирзиёев мустақил матбуотда қаттиққўл, юксак чўққиларни кўзловчи, ўзини омма кўзидан четда сақловчи сиёсатчи сифатида таърифланади.

56 ёшли Шавкат Мирзиёевнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар камлиги у ҳақдаги миш-мишларга йўл очади. Аксар мақолаларда у Жиззах минтақасидан деб келтирилади.

2003 йил Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокимлигидан Бош вазирликка тайинланган, бу эса, унинг касбий фаолиятидаги йирик катта сакраш эди.

Мамлакатдаги нефт ва газ саноатини назорат қилган "Зеромакс" ширкати ёпилиши ортидан Мирзиёев президентликка эҳтимолий номзод экани борасида гапирила бошланди. "Зеромакс" ширкати аслида Гулнора Каримова назоратида бўлганига ишонилган.

Экспертларга кўра, Шавкат Мирзиёевни Самарқанд клани қўллаб-қувватлайди. Айни пайтда у Рустам Иноятовнинг ҳам дастагига эга экани айтилади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ ўтган июн ойида интернет саҳифаларидан бирига: "Агар Мирзиёев бирон гуруҳга алоқадор бўлса, бу Иноятовнинг гуруҳидир", деб айтганди.

Мухолиф матбуот президентликни Иноятовнинг саломатлиги кўтармаслиги ва Мирзиёевни келгуси президент бўлиши учун бош вазирликка тавсия қилганини даъво қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ