BBC navigation

Кислов: "Сайтимга DoS ҳужумини Гулнора уюштирганига ишонаман"

Сўнгги янгиланиш 21 ноябр 2013 - 12:34 GMT

Даниил Кислов асли Фарғоналик бўлиб, 1989 йилдан бери Россияда истиқомат қилади

Бир ҳафта аввал Ўзбекистон ва Марказий Осиё сиёсатини фаол ва танқидий кўз билан ёритиб келувчи қатор халқаро вебсайтлар хакерлар ҳужумига учради ва ёпилиб қолди. Фарғона.ру, Узметроном, Cental asia news сайтларига DoS ҳужумлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилди. Узметроном сайти бугун ҳам ёпиқлигича қолаяпти.

Айни дамда бу сайтлардан ўз фаолияти билан кескин фарқ қилган Ўзбекистондаги "Народное слово" нашри сайти ҳам хакерлар ҳужумига қурбон бўлди.

Фарғона.ру сайтининг муҳаррири, Москвада фаолият юритувчи журналист Даниил Кисловнинг бизга айтишича, хакерларнинг изини аниқлаш ўта қийин, лекин у ҳужум ташаббуси Ўзбекистондан чиққанига ишонади. Биз ундан аввало ҳодиса тафсилотини сўрадик.

Кислов: Биз ўтган 10 йил давомида ўн марта DoS ҳужумига учрадик. Ўтган ҳафтада бизга қилинган ҳужум энг кучлиси бўлди. Аввалига бир неча синов зарбалари берилди, душанба кунига келиб эса DDoS ҳужумига учрадик, яъни дунёнинг турли бурчакларидаги кўплаб компьютерлардан мурожаат қилина бошланди ва серверларимиз ишдан чиқди. Биз бу ҳужумни тўхтатишга киришиб кетдик, албатта, лекин икки кун серверимизни тиклай олмадик ва ишимизни давом эттира олмадик.

Би-би-си: Бу каби ҳужум ортида ким турганини аниқлаш мумкинми? Бу сафар сизнинг сайтингизга бўлган DDoS ҳужуми ортида ким турибди деб фараз қиласиз?

Кислов: DDoS ҳужуми оддий бир хакернинг иши эмас, у ўта мураккаб техник амал. Бу каби ҳужумнинг ташаббускорлари ёки унинг учун пул тўлаган одамларни топиш жуда ҳам қийин. Деярли имконсиз. 99,99 фоиз имконсиз дея оламан. Авваллари ҳужумларга учраганимизда биз обрўли халқаро ташкилотлар ва тадқиқот марказларига ёрдам сўраб мурожаат қилганмиз. Қизиғи шуки, бу ташкилотларда ҳам хакерлар ишлашади. Улар бошқа хакерларнинг ишини таҳлил қилишади. Бу ўта нозик, ўта синчков мутахассислар. Улар ойлаб ҳужумчиларни топишга уринишди, лекин топиша олмади. Лекин, ким бу каби ҳужумларни буюриши борасида фаразларни илгари суришимиз мумкин. Бунга бизда мантиқий асослар бор, лекин далил-исботимиз йўқ. Масалан, 2005 йилги Қирғизистон инқилоби даврида биз қатори кўплаб мустақил сайтлар бошига ёғилган ҳужумлар ҳақида гапирсак, ўша пайтда бунинг ортида Асқар Акаевнинг режими тургани кундек ойдин эди. 2010 йилда эса иккинчи инқилоб юз бераётганида Бакиевнинг режими хакерлик ҳужумларини амалга оширди. Бугунда эса Ўзбекистон президентининг оиласига бўлган матбуотдаги қизиқишни ҳисобга олсак, бу охирги ҳужумлар ортида Гулнора Каримовага яқин доиралар турган бўлиши мумкин деб ишонч билан айта оламан. Бундай деб фикрлашимга яна бир асосим шуки, у Твиттерда менинг номимдан сохта саҳифа очди ва уни Даниил Кисляк, Фергана.ру агентлиги деб номлади. Гулнора ўзи биринчи бўлиб бу сохта саҳифа билан мулоқот қилишни бошлади. Унинг мулоқотларидан айнан менинг номимни булғашга уринаётгани аниқ бўлди. Масалан у Даниил Кислякдан сўрайди: "Мана буни чоп қиласизми?" Даниил Кисля эса жавоб қайтаради: "Албатта, соққа бўлса, чоп қиламиз. Фергана.ру фақат соққага ишлайди" ва ҳоказо. Ўшанда мен тушуниб етдимки, бу хонимнинг, қўполлигим учун узр сўрайману, томи кетган. Унда менинг саҳифамда чоп қилинган мақолаларда шунчалар ғазабланганки, унда теран фикр юритиш қобилияти қолмаган афтидан. Мен ҳам ўнлаб марта ундан интервью беришини сўраб, таъбир жоиз бўлса, арслоннинг думидан тортганман. Бугун ҳам мурожаатларимини давом эттираяпман... Шундай экан, менга қарши ҳужумлар Ўзбекистондан амалга оширилаётганига ишонаман.

Би-би-си: Лекин, сиз айтгандек, аниқлик билан DoS ҳужуми ортида ким турганини таъкидлаш имконсиз. Мана, масалан, Ўзбекистондаги "Халқ сўзи" нашри сайтига Бангладешдаги хакерлар ҳужум қилгани даъво қилинаяпти. Лекин, бу ҳеч нимани англатмайди. Чунки, Бангладешлик хакерларга ўзбек нашрининг қизиғи йўқ. Аслида бу ҳужумни буюрган одам сояда қолиб кетаверади. Шундай экан, хакерлар изини топсангиз ҳам, бу излар сизни ташкилотчига етаклаб бормайди, шундай эмасми?

Кислов: Мутлақо етаклаб бормайди. Чунки, хакерлар айлана йўллардан фойдаланишади. Бу ҳужумлар Молдавия, Жанубий Африка ё Бангладешдан амалга оширилиши мумкин. Чунки интернет бир яхлит нарса, ва ундаги ҳужумни дунёнинг истаган жойидан йўллаш мумкин. Хакерлик ҳужумини амалга ошириш сизга қимматга тушмайди, интернетда бемалол хакерлар эълонларини топиб, масалан бизга қилинган ҳужумни кунига 500 доллар тўлаб амалга оширишингиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.