BBC navigation

Каримов меҳнат муҳожирларига эътибор қаратиш лозимлигини тушуниб етдими?

Сўнгги янгиланиш 19 ноябр 2013 - 14:24 GMT

Ўзбекистонга сафар қилган Россия Федерация кенгаши раисаси Валентина Матвиенконинг айтишича, президент билан мулоқот вақтида Ислом Каримов Россиядаги муҳожирларга квоталар киритиш билан ноқонуний муҳожирлар муаммосини ҳал қилиш мумкинлигини таклиф қилган.

Ўзбекистон раҳбар доирлари узоқ вақт хориждаги муҳожирлар муаммоси ҳақида умуман гапирмасликни афзал билаб келгандилар.

Шу йил ёз ойларида эса жаноб Каримов, меҳнат муҳожирларини "дангасалар" сифатида кўришини айтиб, ўта салбий муносабат билдирганди.

Эндиликда унинг ушбу муаммони Россия расмийси билан муҳокама қилиши, охир оқибат бу воқеликнинг мавжудлигини тан олиб, эътибор қаратиш кераклигини тушуниб етганлигини аглатадими?

Би-би-си ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниевдан шу ҳақдаги фикрларини сўради.

Шуҳрат Ғаниев: Очиғини айтганда бизнинг фуқароларимизнинг Россияда иш топиш илинжида юрганлари меҳнат муҳожирлари, деб аталаётган бўлса ҳам амалда уларнинг аксари бирон қонунуий мавқега эга бўлмаган, на Ўзбекистон ва на Россия қонунчилигига мувофиқ қайддан ўтказилмаган шахслардир. Бошқа сўз билан айтсак, мутлқо ҳимоясиз одамлардир. Мен бир неча йилдан бери шуғулланиб келаётган ушбу муаммо, фикримча ҳозирга келиб алоҳида ўткир тус олди. Бирюлевода бўлиб ўтган, ҳозирда Россиянинг бошқа ҳудуларида бўлиб ўтаётган ҳодисалардан ҳаммамиз яхши хабардормиз. Бизнинг фуқаролармизга қарши миллатчилик, маиший камситувчи ҳиссиётларнинг авж олганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундан ташқари биз "200 нчи юк" дея ном олган фуқароларимизнинг ўлик ҳолда қайтишларининг ошишини ҳам кузатмоқдамиз. Уларни ҳимоя қилишнинг эса биронта ҳам қонуний асосдаги усули йўқ. Шунинг учун давлат раҳбарининг ошкора бўлмаса ҳам, матбуотда кенг ёритилмаган бир усулда, Россия расмийси билан бу муаммони тилга олгани мутахассис сифатида мени қувонтиради. Кеч бўлса ҳам бу муаммога эътибор қаратила бошлагани миллионлаб ватандошларимизда ва ниҳоят уларни ҳимоя қила бошлашларига умид уйғотади.

Би-би-си: Лекин нима учун давлат раҳбари бу муаммо вужудга келганидан сўнг йиллар ўтиб энди бу муаммони тилга олмоқда? Нима учун бу шу қадар узоқ вақт олди?

Шуҳрат Ғаниев: Давлат раҳбариятида қайси масалаларга имтиёз берилишини, бу каби суст муносабат изҳор этилишини билиш мен учун мушкул. Албатта муаммонинг ўта ўткир тус олгани бу масалани ечиш учун бизнинг ҳукумат ва мамлакатимизга уни ечиш учун ҳаракат қилиш кераклигини уқтирмоқда. Агарда бу муаммони биз ҳозирда ҳал қилмасак эртага у янада ўткирроқ, чуқурроқ ва ва мамлакатимиз ҳудудига ёйилган муаммога айланади. Лекин бу муаммога эътибор қаратиш учун нима учун шу қадар узоқ вақт кетди, билмайман. Сиз ҳақсиз бунга 10 йилларча аввал эътибор бериш керак эди. Фикримча, фуқароларимиз хорижда ишлаётганлиги ҳақида очиқ гапиришдан сохта уялиш ҳисси мавжуд менимча. Бундан уялиш керак эмас, ҳозирда бутун жаҳон меҳнат муҳожирлиги асосида яшамоқда. Одамлар қаерда кўпроқ иш бўлса, қаерда кўпроқ иш ҳақи тўланса ўша ерларга кетмоқдалар. Бундан уялиш керак эмас, буни яширишга уриниш ва бу борада сукут сақлашдан уялиш керак.

Би-би-си: Лекин квоталар Россиянинг қатор шаҳарларида бир неча йилдан бери бор эди. Ҳозирда таклиф қилинаётган усул муаммони ечишда не қадар самарали йўл бўлиши мумкин?

Шуҳрат Ғаниев: Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, бир томонлама квота киритиш муаммони ҳал қилмайди, аксинча уни чуқурлаштиради. Квота жараёнида меҳнат муҳожирларини юбораётган ва уларни қабул қилиб олаётган томон баробар қатнашишлари керак. Шунинг учун бу жараённи йўлга қўйишдан аввал Ўзбекистондаги аҳволни ҳар тарафлама ўрганиб чиқиш керак. Бу ерда иш билан таъминлаш муаммоси ҳал қилинмас экан, Россия томони ҳар қанча квота киритгани билан муҳожирлар оқими пасаймайди. Аксинча уларнинг кўпроғи ноқонуний мавқега тушиб қолади холос. Бундан ташқари бу квота билан шуғулланаётган роосиялик мулозимлар орасида коррупция қулоч ёяди. Ўзбекистон иш билан таъминлаш ва иш жойларини яратиш соҳасида ҳаққоний сиёсатни йўлга қўйиши керак, яъни 1 миллион иш жойини яратиш каби шиорлар ва кампаниялар асосига қурилган эмас, амалий вазиятдан келиб чиққан ҳолда юритиладиган сиёсатни ишлаб чиқиши керак. Ана шу каби ҳаққоний вазиятни аниқлаганимиздан кейин биз Россия томони билан музокараларда қонуний асосда қанча ишчини юборишимиз мумкинлиги ҳақида сўз юритишимиз мумкин бўлади. Лекин бу жараён юқоридаги қарорлар билангина чекланиб қолмаслиги керак. Бу муаммонинг ажралмас қисми бўлган Фуқаро жамиятининг ўзи, бу соҳани яхши билувчи мутахассислар ва фаоллар иштирокида ва уларнинг фикрларига қулоқ тутилган ҳолда йўлга қўйилиши керак. Тепада белгиланувчи квоталар ва эски маъмурий буйруқбозлик усули билан муаммо ечилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.