Гулнора Каримова Форум ТВ студияси "қўрқинчли амакилар" томонидан погром қилинганини ёзди

  • 14 Ноябр 2013
Гулнора Каримова иштирок этган кеча ва тадбирлар Форум ТВ орқали мунтазам намойиш этиларди

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, Гулнора Каримова, твиттер орқали 13 ноябр куни эрта тонгда Тошкент марказида Форум ТВ студия "қўрқинчли амакилар" томонидан "погром" қилингани ҳақида хабар берган.

Форум ТВ Гулнора Каримовага тегишли экани айтилади.

"Эрталабдан Форум ТВнинг ёшлар студияси погром қилинди... ёшларни қувиб солишди... қурбонлар ҳозирча йўқ..." - деб ёзган Гулнора Каримова твиттер саҳифасида. - "Илгарилари "қўрқинчлик амакилар"нинг болаларга автомат ўқталишини фақат телевизор орқали кўрсатишарди.."

Ортидан "Ikrom723tj" никли фойдаланувчи ҳодисанинг қаерда юз бергани ҳақида сўраган.

"Тошкент марказида! Дархонда! Ўзбекистонда ва хорижда барча учун суюкли ва энг прогрессив ва ёш жамоатчилик ТВ канали студиясида," - дея жавоб қайтарган Гулнора Каримова.

"Погром қилишган, одамларни калтаклашган, ўз номига ва ёш коллективга қарши кўрсатма беришга мажбурлашган! Талабаларга нимани "илгаш" мумкин?!??"

Погром ортида қандай сабаб тургани ҳақида сўралганида, Каримова: "Қўрқитиш ва қўрқинчли туш кўрсин деб уйга жўнатиб юбориш! "Қўпорувчилик ва ёшлар орасида аксил-давлат кайфияти уйғотиш" айблови билан "иш" қўзғаш ". Мана сизга нотўғри тарбиянинг натижаси," - дея жавоб қайтарган.

Санъат фестивали қолдирилди

23-25 ноябрда ўтказилиши белгиланган "Bazaar Art 2013" номли анъанавий нафис санъат фестивали декабр ойига қолдирилди, деб хабар берган Podrobno.uz веб саҳифаси.

Ҳар йил ўтказиладиган мазкур фестивал "Фонд Форум" томонидан уюштирилади.

Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб этувчи ушбу форумга Гулнора Каримова раҳбарлик қилади.

"Фестивалнинг аниқ куни кейинроқ эълон қилинади," - дея веб саҳифа "Фонд Форум"дан иқтибос келтирган.

Беркитилган ТВ каналлар

21 октябр куни Форум ТВ ва яна учта нодавлат телеканаллари фаолияти тўсатдан ва кутилмаганда тўхтатилган.

Улардан учтаси - TV Markaz, Форум ТВ ва SofTS, кўпчиликнинг ишонишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан назорат этилади.

NTT нодавлат телевидениеси бўлса-да, у ҳам бошқа беркитилган телеканаллар сингари Гулнора Каримова бошқарган Фонд Форум фаолиятини кенг тарғиб этади.

Форум ТВ "таъмирлаш ишлари" боис тўхтатилгани хабар қилинган, TV Markaz эса "янги ёйин форматига ўтаётгани" сабабли ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ